
“Манчестер Сити”нинг Ҳусанов бўйича якуний қарори маълум бўлди
“Манчестер Сити” 2025 йилнинг 20 январида жамоага “Ланс”дан трансфер қилинган Абдуқодир Ҳусановнинг келиши билан таркибда авлодлар алмашинувини бошлаган эди.
Қизиғи шундаки, ҳали давом этаётган бу жараёнда яна кўп нарса ўзбек футболчисига боғлиқ бўлиб қолди.
Айни пайтда Хосеп Гвардиола жамоасининг энг нозик нуқтаси ҳимоянинг ўнг қаноти бўлиб турибди. Йил бошида жамоани тарк этган Кайл Уокернинг ўрнини босиши кутилган Рико Льюис ва Матеуш Нуньеш бу вазифани етарли даражада уддалай олмаслиги оқибатида “шаҳарликлар” муҳим учрашувларда мағлубиятга учради.
Хосеп Гвардиола ёзда бу позиция кучайтирилмагани боис, ички имкониятлар келиб чиқиб ечим топишга ҳаракат қилди ва ўнг қанот ҳимоясида асли марказий ҳимоячи бўлган Абдуқодир Ҳусановни ўйнатиб кўрди.
21 ёшли футболчимиз ўзига берилган имкониятдан зўр фойдаланди. Кетма-кет тўртта учрашувда ўнг қанот ҳимоячиси сифатида тўп тепган Абдуқодирнинг ҳаракатларидан ҳамма, хусусан, Гвардиоланинг ўзи ҳам тўлиқ қониқди.
Абдуқодир учун ҳам ҳимоя марказидаги иккита жой учун курашда Жон Стоунз, Рубен Диаш, Йошко Гвардиол ва Натан Аке билан рақобатлишишдан кўра, ўзи ҳимояланиш қобилияти бўйича яққол устун бўлган Рико Льюис ва Матеуш Нуньешдан ўнг қанотни “тортиб олиш” қулайроқ вариант этди.
Афсуски, Абдуқодир Ҳусанов “Арсенал”га қарши учрашувда жароҳат олди ва аввалдан айтилганидек икки ҳафта эмас, балки узоқроқ даволанишига тўғри келяпти. Ҳусановнинг сафдан чиқиши билан ўнг қанот ҳимоячиси масаласи яна кун тартибига қайтди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Манчестер Сити” хўжайинлари бу масалани ўзбек футболчисинин ҳолатидан келиб чиқиб ҳал қиладиган бўлди.
Daily Mail нашри етакчи журналисти Жек Гоганнинг ёзишича, ўнг қанот ҳимоячиси “Манчестер Сити” учун муҳим аҳамият касб этади. Икки ҳафталик халқаро танаффусни ҳам жароҳатини даволашга сарфлаётган Ҳусанов майдонга қайтганидан кейин бу позицияда яна юқори даражада ўйнай бошласа, клуб январда трансфер бозорига кирмайди.
Агар Ҳусанов мавсумнинг биринчи ярмида юқори спорт формасини тиклай олмаса, клуб мутасаддилари қишки трансферлар ойнаси даврида ўнг қанот ҳимоячиси трансферини амалга оширишига тўғри келади.
Бир сўз билан айтганда, “Манчестер Сити”дек рақобат кучайиб борадиган жамоада Абдуқодир Ҳусановда бошланғич таркибдан муқим ўрин олиш имконияти вужудга келди. Гвардиола камида мавсум охиригача ҳимоячимизга ўйин амалиётини кафолатлашга тайёр. Бунинг учун эса, Абдуқодир сўнгги тўртта учрашувдан кўрсатган ўйинини яна намойиш қилиб бериши кифоя.
“Манчестер Сити” Англия Премьер-лигаси доирасидаги навбатдаги учрашувини 18 октябрь куни ўз майдонида “Эвертон”га қарши ўтказади. Абдуқодир Ҳусанов айнан мана шу баҳсгача жароҳатидан тўлиқ қутилиб, сафга қайтиши кутилмоқда.
“Реал”дан “даҳшатли” трансфер: Холандни оламиз!
Ҳусанов машҳур футболчининг мундиалга йўлини тўсиб қўйди
Ҳусанов “даҳшатли” қурол, мураббий уни кутяпти!
Фикрлар