Шомуродовга идеал вариантлар бор...

Янги мавсум ўзбек футболи учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Сабаби футболчиларимиз Олимпия ўйинларидан кейин ҳали забт этилмаган ягона мусобақа – жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда таркиб жиҳатидан, футболчиларнинг ижрочилик маҳорати, ўйин сифати ва шу каби кўплаб омиллар бўйича жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳар доимгидан яқин турибди.

Мундиал йўлланмаси учун майдонда футболчилар курашади. Шубҳасиз, кейинги йилларда терма жамоанинг энг асосий ўйинчиси Элдор Шомуродов ҳисобланади. Халқаро майдондаги деярли ҳар бир учрашувда гол ураётган, голли вазиятлар яратаётган 29 ёшли форварднинг клуб миқёсидаги фаолиятида ижобий томонга ўзгариш бўлиши тобора қийинлашиб бормоқда.

Элдор Шомуродов Ўзбекистон терма жамоаси учун муҳим палла – жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи саралаш босқичи бўладиган даврда клуб миқёсида ўйин амалиётисиз қолиб кетиши мумкин.

Sports.uz портали хориж матбуоти материаллари асосида Шомуродов олдидаги вариантларни ўрганиб чиқди.

Европа

Шомуродовнинг Италия чемпионатида қолиш истаги кучли. Авваллари ҳам ҳужумчимиз кучли бешликнинг бошқа лигаларидан бўлган таклифларга қарамаган. Элдор А Сериядан бошқа чемпионатга ўтишни рад этиб келган.

Ҳозир легионеримиз “Рома” машғулотларида қатнашиб юрибди, мураббийлар уни “Кальяри” билан ўйинга олиб бориб келди. Бироқ бизга ёқмаса ҳам, Шомуродов пойтахт клубида захирадан чиқиши жуда қийин.

Ҳамюртимизга Италиянинг ўзида вариантлар бор. “Верона” анчадан бери ҳужумчи атрофидаги вазиятни кузатиб келяпти. Андреа Пирло “Сампдория”ни В Сериядан юқори дивизионга олиб чиқиши учун Элдор Шомуродов ёрдамига таянишга тайёр.  Аввалроқ, “Парма” ҳам ўзбек ҳужумчисига қизиқиб кўрганди.

Бироқ ҳозирнинг ўзида “Рома”да Шомуродов трансфери бўйича аниқ ва расмий таклифлар йўқ.

Америка

Элдор Шомуродов АҚШ чемпионатида қатнашган биринчи ўзбек футболчисига айланишига бир баҳя қолди. Тажрибали форвардга қизиқиш билдирган “Атланта Юнайтед” трансферни амалга оширишга улгурмай қолди.

Экспертлар аллақачон МЛСнинг Шомуродовга мос жиҳатларини аниқлаб беришга улгурди. Уларнинг фикрига кўра, “Атланта Юнайтед” молиявий барқарор клуб. Маош борасида Шомуродовга оиласини таъминлаш учун жуда яхши шароитлар қилиб бера олади. Америкаликлар Европада тўп тепган ўйинчилар тажрибасига ҳурмат билан ёндашади.

“Атланта” яқинда Алексей Миранчукни олди. У Элдор билан идеал тандем ҳосил қила олади. Шомуродов жамоа унга ўйнаганида ўзини яхши ҳис қилади. “Ростов”да ҳам, “Женоа”да ҳам шу тактика қўлланилгани учун Элдор кўп гол ура олган.

АҚШ клуби Шомуродов мос тушадиган ҳужумкор ўйин намойиш қилади. Агар Элдорнинг бу чемпионатда ишлари юришиб кетса, Европага қайтиб бориши ҳам ҳеч гап эмас. АҚШда ёзги трансферлар ойнаси ёпилгани билан тез орада қишки харидлар очилади.

Араб мамлакатлари

Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари клублари Европадан ўйинчи олишни трендга айлантириб бўлди.

Бу мамлакатларнинг етакчи клубларидан иш топиш Шомуродов даражасидаги футболчига қийинчилик туғдирмайди. Осиё мамлакатларида Элдорнинг маҳоратини яхши билишади.

Элдор Осиё футболида яна тўпурарлик қобилиятини қайта тиклаб олиш эҳтимоли ҳам, имконияти ҳам катта.

Қолаверса, Осиё Чемпионлар лигасининг ҳам савияси тобора кўтарилиб бормоқда. Бу мусобақада Шомуродов яна Криштиану Роналду билан рақобатлашиш, Карим Бензама, Нголо Канте каби жаҳон тан олган юлдузларга қарши ўйнаши мумкин.

Элдор Шомуродов араб мамлакатларига ўтадиган бўлса, ҳаракат ва қарор қабул қилиш тезлиги бўйича энг зўр ўйинчилардан бўлиши аниқ.

Россия

Элдор Шомуродов Россияга қайтишни истамайди. Оммавий ахборот воситалари бир йил муқаддам “Спартак” уни ўз сафига чақириб, рад жавобини олганини ёзганди.

Балки ортга қайтиш вақти келганди. Ҳозир Шомуродовга аввалгидек Франция, Германия ёки Грециядан аниқ таклифлар йўқ. Европаликлар натижа берадиган ўйинчиларни кўпроқ қадрлайди.

Шомуродовнинг самарадорлиги анча пасайиб кетди. Анчадан бери асосий фигура сифатида тўп тепгани йўқ.  Ҳозирги кўрсаткичлари билан Франция ёки Германидан иш топиш амри маҳол.

Россияда эса, Шомуродов қобилиятидан фойдаланишга тайёр ва ҳужумчига мос жамоалар топилади. Ўзбек ҳужумчиси ўйин услуби бўйича ЦСКА ва “Ростов”га тўғри келади. “Армиячилар” олдинги чизиғида муаммо етарли. Тамерлан Мусаев Грецияга кетган Фёдор Чаловнинг ўрнини босишга ҳали ёшлик қиляпти. ЦСКАга Элдордек тажрибали ва кўпни кўрган форвард зарур.

Шомуродов Россия Премьер-лигаси билан яхши таниш ва мослашиш ортиқча вақт олмайди.

Элдор ЦСКАдан таклиф олмаган тақдирда бу ҳужумчини Валерий Карпин “Ростов”ша жон-жон деб олади.  Бу мураббий Шомуродовни жуда яхши кўради ва Карпин қўллаётган ўзига хос ўйин услуби ҳам Элдорга ҳар томонлама тўғри келишини кўрганмиз.

Европада ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар ҳали бир ҳафтадан кўпроқ вақт бор. Одатда, трансферлар мавсумининг сўнгги босқичида савдолар қайнайди. Балки, Элдор Шомуродовга янги ва янада яхши вариантлар чиқиб қолар. Кутамиз ва кузатамиз...  

Файзуллаевнинг жароҳати жиддийми? (фото)

Жалолов янги рейтингда “учди”! Қолганларчи?

Легионеримиз иккита супергол орқали биринчи ўринга кўтарилди!

Ўзбек боксчиси ўта тезкор экан, уни ҳеч ким “тутолмади”!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!