Файзуллаевнинг жароҳати жиддийми? (фото)
Россия Премьер-лигасининг 5-туридан ўрин олган марказий учрашувларидан бири ЦСКА ва “Локомотив” ўртасидаги пойтахт дербиси бўлди.
Кўпчилик бу баҳсда “армиячилар”нинг қўли баланд келишини кутганди. Учрашув давомида мезбонлар “Локомотив” дарвозаси томон кўп босим уюштирди. Ҳужумлар, стандарт вазиятларнинг аксарияти илк дақиқалардан ўйнаган Аббосбек Файзуллаев улушига тўғри келди.
Бироқ ўйин давомида на Аббосбекнинг ўзи, на жамоадошлари устунликни голга айлантира олди. “Темирйўлчилар” эса, бу ишни 90-дақиқада уддалаб, мезбонларга қақшатқич зарба берди.
ЦСКА бош мураббийи Марко Николич 87-дақиқада бирданига уч нафар футболчини алмаштирди. Милан Гайич, Данил Круговой ва Аббосбек Файзуллаев ўрнига Келлвен, Матвей Лукин ва Рифат Жемалетдиновни туширди. Ягона гол шу ўзгаришлардан кейиноқ киритилди.
ЦСКАнинг собиқ футболчиси Александр Гришин мағлубиятга мана шу ўйинчи алиштириш сабаб бўлганини таъкидламоқда.
- “Армиячилар”адолатсиз тарзда мағлуб бўлди. ЦСКА яхшироқ ўйнади, айниқса биринчи бўлимда. Дастлабки 20 дақиқада кучли босим уюштирди.
Тўғрисини айтсам, ЦСКА ютади, деб ишонгандим. Иккинчи бўлим охиридаги ўзгартиришлар натижага таъсир қилди. “Локомотив” тўртта ўйинчини тушириб, ўйинни кучайтирди. Николич эса, бирданига уч футболчини алиштириб, жуда қўпол хато қилди. Николичнинг бу қарорини тушунмадим. Мен буни жуда қўпол хато, деб қабул қилдим, - деди Александр Гришин.
Дарҳақиқат, Аббосбек Файзуллаев ҳам ғалаба учун жуда кўп меҳнат қилди. Рақиб дарвозасига, ҳимоя чизиғига етарлича босим ўтказа олди.
Беллашувдан кейин “Локомотив” ҳимоячиси Максим Ненахов қулай вазиятга чиқиб бораётган Аббосбек Файзуллаевни тўхтатиб қолишга улгургани ҳақида гапирди.
- Ўша вазиятда ҳолатга кўра, ўхшаса ўхшади, қабилида иш тутдим. Қандайдир вазиятда Файзуллаевга етолмайман, деган ҳиссиёт ҳам бўлди. Лекин улгуриб қолдим. Тезлигимни ошириш борасида индивидуал машғулотлар ўтаганим қўл келди, - деди Максим Ненахов.
Кўпчиликнинг эътиборини Аббосбек Файзуллаев стадионни ўнг қўли бинт билан боғланган ҳолда тарк этаётгани тортди.
Журналистлар бу ҳолатга ҳам ойдинлик киритишга уринди. Маълум бўлишича, ўйин вақтида легионеримизнинг қўли бироз шикастланган.
Аббосбек Файзуллаевнинг аҳволини сўраган журналистларга футболчимиз “жиддий ҳеч нарса йўқ” эканини таъкидлади.
20 ёшли ҳужумкор футболчимиз Париж Олимпиадасидан кейин ЦСКА таркибида Россия Премьер-лигасида учта, мамлакат кубогида битта ўйинда иштирок этиб, ҳали ўз ҳисобига самарали ҳаракатлар ёздириб қўйишга улгурмади.
Жалолов янги рейтингда “учди”! Қолганларчи?Легионеримиз иккита супергол орқали биринчи ўринга кўтарилди!
Фикрлар