Шомуродовнинг “Вулверхэмптон” бўйича позицияси аниқ бўлди!
“Рома”га керак бўлмай қолган Элдор Шомуродов қийин танлов олдида турибди. Гарчи Жозе Моуриньо легионеримизга етарли даражада имкон бермаган бўлса-да, ўзбек футболчисининг салоҳияти ва маҳоратини пайқаган жамоалар кўп экан.
Ҳозирнинг ўзида Шомуродовга Италиядан “Монца”, “Болонья”, “Торино”, “Сассуоло”, Англиядан “Вулверхэмптон” ва Саудия Арабистонидан “Ал-Ҳилол” жамоалари даъвогарлик қилмоқда. Табиийки, бу ҳали чегара эмас. Харидорлар сирасига бошқа клубларнинг ҳам қўлишиши катта эҳтимол.
Элдорнинг трансфер бозори қизиган бир паллада мутахассислар ўзбек футболчисининг қайси жамоага ўтишини таҳлил қилиш билан банд. Хусусан, манбалардан бир нечтаси Элдор Шомуродов фаолиятини Италия клубларидан бирида давом эттиришга мойиллиги ва “Вулверхэмптон”га ўтмаслиги ҳақиқатга анча яқин эканини таъкидламоқда.
Дарҳақиқат, Италия чемпионатида тўп тепган кўп футболчилар, хусусан, ҳужумчилар негадир Англия премьер-лигасига кўчиб ўтишни истамайди. Буни “Рома”га янги қўшилган Пауло Дибала мисолида кўриш мумкин. Аргентиналик юлдузга “Манчестер Юнайтед”, “Ньюкасл”, “Челси” каби инглиз клубларидан чорлов бўлганига қарамай, у фаолиятини А Серияда давом эттиришни маъқул кўрди.
Ёки Тэмми Абрахамни мисол қилиш мумкин. “Челси”дан “Рома”га ўтганидан кейин англиялик ҳужумчилар орасида энг кўп гол ура бошлаган истеъдодли форвард Англия премьер-лигасининг бир нечта грандларидан таклиф олган бўлса-да, ортга қайтиш истамади ва фаолияти учун Италия чемпионати идеал вариант эканини таъкидлади.
Англия клубларидан тинимсиз таклиф олаётган “Рома” юлдузларидан Николо Дзаньоло ҳам замонавий футбол ватанига қадам қўйишга шошилмаяпти. 23 ёшли юлдуз Италия жамоаларига, хусусан, “Ювентус”га ўтишга мойил. Агар бу трансфер ўхшамаса, Дзаньоло Англияга кетишдан кўра, “Рома”да қолишни устун қўяди.
Шу маънода, Элдор Шомуродов Англия премьер-лигасига ўтмаса, уни тушуниш мумкин. Гарчи Англия футболи анча мураккаб. Айниқса, ҳужумчилар учун. Ҳатто ўша лигада тарбияланган Ромелу Лукаку Италияда порлаганидан кейин “Челси”га қайтиб ҳам ҳеч нарсани уддалай олмади. Яна ўзи сўраб, А Серияга қайтди.
Бундеслиганинг энг зўр ҳужумчиларидан Тимо Вернер икки мавсумдан бери инглизча футболга мослаша олмаяпти. Бу форвард ҳам маошининг тенг ярмидан кечиб бўлса-ҳам, собиқ жамоаси “Лейпциг”га қайтишга рози.
Замонамизнинг энг зўр тўпурарларидан Роберт Левандовски катта-катта маош таклиф қилган Англия грандлари чорловига эътибор бермай, маош масаласида анча зиқна бўлган “Барселона”га ўтиб қўя қолди.
Яна бир ёрқин мисол Эрлинг Холанд. Австрия ва Германия Бундеслигаларида тинимсиз гол уриб келган норвегиялик футболчи Англия футболининг тезкор, чаққон, бақувват ҳимоячилари олдида анча заиф кўринмоқда. У ҳам “туманли Альбион”га мослашиши учун анча тер тўкишига тўғри келади.
Хуллас, Элдор Шомуродов ёзги трансферлар мавсуми ёпилгунига қадар ўзига янги жамоа топишга мажбур. Акс ҳолда, яна бир мавсум “Рома” захирасида қолиб, қимматли вақтини бекор ўтказишига тўғри келади.
Белотти кутиб тур, Шомуродов кетвосин!
Фикрлар