"Шўртан" йилни қарздорликсиз якунлади ёхуд клуб 2022 йилги сарф-ҳаражатлари сметаси юзасидан ҳисобот берди
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги «Футбол клублари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 261-сонли қароридан келиб чиқиб, Мусобақалар регламентига Суперлига ва Про лига клублари йиллик харажатлари сметасини ФИФА ҳамда ОФК талабларини инобатга олган ҳолда ЎФА билан келишиши масаласи киритилганди.
Футбол клубларига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш муҳим аҳамият касб этади. 2022 йилги мавсум олдидан клублар илк бор ўз сметасини келишиш учун ЎФАга тақдим этганди. Энди улар 2022 йилги сметадан ўрин олган маблағлар мақсадли сарф этилгани юзасидан комиссия суҳбатида бўлади.
Биринчи бўлиб Ғузорнинг «Шўртан» футбол клуби бу ишни амалга оширди. Бунга қадар клуб кетма-кет беш мавсумни қатор муаммолар билан ўтказгани, қарздорликлар йилма-йил чўзилиб келгани, бунинг оқибатида футбол академиясига, клуб базасига, стадионга маблағ ажратилмай келаётгани маълум эди. Якунига етаётган мавсумда «Шўртан» мазкур муаммоларни ҳал қилишга муваффақ бўлди. Энг муҳими «Шўртан» йилни қарздорликларсиз якунлашга эришди.
2022 йилдан бошлаб «Шўртан» футбол академиясига эътибор қаратишни бошлади. Хусусан, шу мавсум футбол академия қайта таъмирдан чиқарилди ва унинг нормал фаолият олиб бориши учун сметасидан маблағ ажратишга ўтилди. Афсуски, сўнгги йилларда клубда фаолият олиб борган қатор раҳбарлар футбол академиясини ўз ҳолига ташлаб қўйиши оқибатида, унинг фаолияти тўлиқ издан чиқиб кетганди. 2022 йил эса мазкур муаммога барҳам берилди.
Шунингдек, ЎзПФЛ мавсум аввалида сметадан стадион прожекторлари учун маблағ ажратиш масаласини талаб қилган эди. 2021 йил якуни бўйича стадион прожекторлари 400 люксни ташкил қилаётганди. Жорий мавсум эса ёруғлик 1300 люксгача ўзгартирилди. Режа бўйича мазкур ёруғлик 2023 йилги мавсумга қадар яна кўтарилиши керак.
Майдон масаласида «Шўртан» муаммога эга эмас. Айни вақтда стадион чими Про лига талабига жавоб беради.
Энди «Шўртан» футбол клуби 2023 йилги мавсум учун ўз режаларини тақдим этишга тайёргарлик кўрмоқда. Айни ҳолатда клуб ОФК лицензиясини қўлга киритиш учун даъвогар ҳисобланади.
ПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар