"Шўртан"га қўйилган таъқиқ, яхши футболчи келмайдиган маош, савияси паст про-лига - Асрор Алиқулов ҳақиқатни ошкор қилди
“Шўртан”ни бир пайтлар қандай жамоа бўлганини биласиз-а, совринли ўринлар учун курашадиган, рақобатни кучайтирадиган даражада эди. ОФК Кубогида ҳам қатнашганди. Охирги йилларда эса клубнинг боши муаммолардан чиқмай қолди. Қачон қарама қарздорлик ҳақидаги гап-сўзларни эшитамиз. Бугунги “Шўртан”да ҳам муаммолар кўп. Клуб бош мураббийи Асрор Алиқулов юртимизда таниқли футболчилардан бири бўлган. Эндиликда ўзи тўп сурган клубни оёққа турғазиш йўлида ишлаяпти. Гарчи қийинчиликларга қарамай, унинг жамоаси про-лигада пешқадамлик қиляпти. Аммо жамоада қандай муаммолар ва камчиликлар борлигини эшитсангиз ҳайрон қоласиз. Бу борада Алиқулов spots.uz мухбири билан суҳбатда очиқ-ойдин айтди.
- Ҳозирги вазиятда “Шўртан” про-лигада биринчи ўринда ва жамоа учун барча ишлар кўнгилдагидек кетяпти, деб айта оласизми?
- Қийинчиликлар бор албатта, буни яширишнинг кераги йўқ. Биласиз, “Шўртан”нинг олдинги йиллардан қолган қарздорлиги ва камчиликлари доим тўғри йўналишда ишлашга халақит қилиб келади. Бу йил ҳам шундай муаммоларимиз бор. Афсуски, мавсум бошида жамоага янги ўйинчиларни ололмадик. Ўзимизнинг молиявий имкониятларимизга мос келадиган футболчиларни танладик, лекин аксарияти биз берадиган ойлик маошга рози бўлмади. Оралиқ танаффусда яна янги ўйинчиларни олишимиз мумкин эди. Аммо олдинги қарздорликлар сабабли “Шўртан”га янги ижрочиларни қабул қилиш борасида таъқиқ қўйилган. Мана шундай қийинчиликларимиз бор-да. Эътибор берган бўлсангиз, трансфер ойнаси очилган маҳалда бирорта футболчини таклиф қила олганимиз йўқ. Янги ўйинчи ололмаганимиздан сўнг, ўзимиздаги ўйинчиларни қўйиб юбормаймиз-ку, тўғрими? Энди йилнинг охиригача таркибимиздаги бор йигитлар билан чемпионатни тугатамиз.
- Трансфер борасида клубга таъқиқ қўйилгани айниқса, мураббийга жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Буни бош мураббий сифатида ўзингизда ҳис қилиб кўряпсиз. Ахир режалар тузгансиз ва шунга қараб таркибга янги ижрочиларни қўшишни истагансиз. Устига-устак, “Шўртан” Суперлигага қайтиш учун курашяпти. Бу ҳол эса сизга икки баробар босим ва қийинчиликларни туғдирмаяптими?
- “Шўртан”даги ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб айтсак, Суперлигага чиқиш деган хаёл узоқроқ. Суперлигага чиқиш учун шунга муносиб ва даража ҳам мос бўлиши керак. Биз ҳозирча бу томонларини ўйламаяпмиз. Иложи борича кўпроқ ғалабалар қозониш ва клубнинг шаънини ҳимоя қилиш учун курашяпмиз.
- Яқинда Игорь Криушенко “Шўртан”нинг ҳали ҳам қарзи борлигини айтганди. Бу иш нима бўлди? Ёки қарз ёпилдими?
- Йўқ, ҳали. Лекин клуб бош менежери Шамиль ака Ярулин катта масъулиятни зиммасига олган. У жамоа учун имкон даражасидан ҳам юқори ҳолатда қайғуряпти ва “Шўртан”га жонини беряпти, десам ҳам адашмайман. Сиз унинг ёнига қандайдир муаммоларни ҳал қилиш учун кирасиз, аммо унинг учун аллақачон ўша камчиликлар кун тартибида турган ёки сиз айтгунингизгача ҳаммасини ҳал қилиб қўйган бўлади. Унинг ўзи клубнинг раҳбари сифатида бир сўм ҳам мукофот пули олмайди. Ваҳоланки, бошқа лавозимдаги раҳбарлар ўзига-ўзи ойлик маош ёки мукофот пулларини ёзиб қўйишади.
- Жамоанинг жисмоний ҳолати қандай? Футболчиларингизнинг охиригача курашишга бардоши етяптими?
- “Оқтепа”га қарши ўйин арафасида олти нафар ўйинчимиз имтиҳон топширишди. Агар “Оқтепа” билан учрашувни ҳисобга олмасак, йигитларимизнинг жисмоний ҳолатидан кўнглим тўқ. Анчадан бери сафарда ўйнамаётгандик. Масалан, “Нефтчи”га қарши ўйин ҳам Ғузорда ўтказилди. Ўз майдонимиздаги беллашувларнинг 80-дақиқаларидан кейин қатор голларни урдик. “Оқтепа”га қарши ўйинда эса жисмоний ҳолат таъсир қилди, дейиш мумкин. Аммо боя айтганимдек, олти нафар асосий таркиб ўйинчиларимизга имтиҳон сабабли имконият бердик. Улар эса ўйин бошланишига яқин жамоамизга қайтиб келишди. Тўғри, 1:0 ҳисобида ютдик, аммо бизга кўпроқ совуққонлик етишмади. Агар иккинчи голни урганимизда “Оқтепа”нинг охиригача курашиш иштиёқини сусайтирган бўлардик.
- Про-лиганинг савияси ҳақида нима дейсиз ва клубнинг асосий рақобатчиси ким, деб айта оласиз?
- Водийнинг учала жамоаси ҳам кучли. Бу ёқда эса “Оқтепа” билан “Динамо” ҳам бор. “Хоразм “ билан “Зомин” эса имкониятларини туширишяпти. Тўғрисини айтиш керак, про-лиганинг савияси жуда паст. Биринчи навбатда, бу футболчиларнинг ўзига бўлган ишончи билан боғлиқ. Аввало, ўйинчилар ўзини енгиши керак. Про-лигада ўйнаётган футболчилар кимлар, ўзи? Суперлигада асосий таркибга кира олмаган ва ўринбосарлар жамоасида ўйнаган ўйинчилар бу ерга келиб ўйнаяпти. Ёки ёши каттароқ футболчилар про-лигада тўп суряпти. Эътибор бераётган бўлсангиз, ўйинларнинг асоси хатоларга таянилган. Яъни, тактик ўйин ёки футболчиларнинг маҳорати орқали камдан-кам голлар урилади. Асосан йўл қўйилаётган хатолардан сўнг голларни кўряпмиз. Минг уринмайлик, барибир про-лигада савия анча паст. Суперлигага хос бўлган голлар бу ерда камроқ урилади.
- Бундай савияси паст чемпионатда ишлаш орқали мураббийлик маҳоратингизни ошириш имкониятингиз қанчалик?
- Жамоамизга таклиф қилинган аксарият ўйинчилар маҳаллий. Сиз клубда ишлаяпсиз ва олдингизга қандайдир мақсад қўясиз. Лекин ўша мақсадга яраша етарли футболчилар бўлмаганидан кейин барибир вазифани бажариш учун бошқа имкониятларни қидирасиз. Жиддий вазифа қўйилдими, барибир иложи йўқ, сизга яхши савиядаги ўйинчилар керак бўлаверади. Сизга айтгандим, “Шўртан”да ишлаб туриб Суперлига ҳақида ўйлаётганим йўқ. Биз аввало охиригача курашамиз ва клубнинг ҳурматини қайтаришни истаймиз. Тўғри, ҳозирги таркибдаги ўйинчиларнинг имкониятларини биласиз-у, аммо эртага Суперлигага чиққач, уларнинг аксариятида ўйнаш имконияти йўқолади, буни яширишнинг кераги йўқ. Барибир уларни минг тарбия қилсангиз ҳам савия деган тушунча бор. Суперлига эса уларнинг савияси қачон кўтариларкин деб кутиб турмайди.
- Охирги йилларда биринчи лигада келишилган ўйинлар деган тушунча анча гап-сўз бўлганди. Бугунги про-лигада бу борадаги вазият қандай?
- Про-лигадаги ўйинлар ҳам энди телевидение орқали кўрсатиляпти. Келишилган ўйинлар тўғрисида бошқа жамоалар ҳақида бирор нима айта олмайман. Ўзимнинг клубимга келадиган бўлсак, бизнинг хаёлимизда бундай футбол ўйнаш умуман йўқ. Йигитларга, агар сизлар Суперлигада ўйнашни чин дилдан истаётган бўлсанглар, бу борада ёрдам берадиган биринчи инсон менман деб айтаман. Масалан, ўтган йили “Шўртан” сафарда ўзига тенг жамоалар билан баҳсларда очко йиға олмаган. Ҳолбуки, ўша пайтда таркиб кучлироқ бўлган. Ҳозирги йигитларнинг имкониятлари ўз қўлларида. Уларни иложи борича юқори савияларда ўйнашини хоҳлаймиз.
- “Шўртан” Суперлига йўлланмасини қўлга кирита олмаса, бу сизнинг мураббийлик ишингизга таъсир қилмайдими?
- Тўғри, ҳамма ҳолатда ҳам биз тепага қараб интиламиз. Мураббий бўлгач, ғалаба ҳам, мағлубият ҳам сиз билан ёнма-ён юради. Демак, мураббий сифатида ҳамма нарсага тайёр бўлишингиз лозим. Агар қўл остингиздаги ўйинчилар ўз имконияти даражасидан юқори ҳолатда ўйнашса-ю, бироқ жамоангиз мағлуб бўлса, бу мураббий учун катта фожеа эмас. Демоқчиманки, мураббиймиз, демак ҳар нарсага тайёрмиз. Лекин “Шўртан” Суперлигага чиқса, бизнинг жамоа ҳеч кимдан кам эмас. Фақат ўзига ишонсин ва доим ғалаба учун ўйнаши шарт.
- “Шўртан”да ўртача ойлик маош қанча миқдорни ташкил қилади?
- 2-3 миллион сўм атрофида. Биз шундай ойлик маошларга рози бўлган футболчилар билан шартнома тузганмиз. Ваҳоланки, берадиган маошимиз камлиги учун кўплаб ўйинчилар “Шўртан”га келишни исташмаган. Аммо қўл остимдаги футболчиларни ёмон демайман. Уларга ҳам про-лиганинг савияси баланд эмаслигини, ҳаммаси ўз қўлимизда, деб кўп айтаман.
- Мукофот пули қанча?
- Мукофот пули ҳам кўп эмас, тахминан 2 миллион сўм атрофида. Балки олдин “Шўртан”да бериладиган мукофот пуллари кўп бўлган бўлиши мумкин. Суперлигага чиқиш учун курашаётган жамоага бериладиган мукофот пуллари ҳам камлигини тушуниб турибмиз. Аммо “Шўртан” учун жон куйдираётган бош менежеримиз ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчиларга шароит яратишга ҳаракат қиляпти. Юқорида айтганимдек, унинг ўзи мукофот пули олмайди.
- Анча-мунча мураббий жамоаси ҳақидаги ҳақиқатларни ошкор қилавермайди. Сиз эса клубдаги реал ҳолатларни қўрқмасдан айтяпсиз. Кейинчалик бу сизнинг фаолиятингизга таъсир қилишидан чўчимайсизми?
- Эртанги кун ёки жамоадаги тақдирим нима бўлиши ҳақида кўп ҳам ўйламайман. Шамиль ака Ярулинни қандай ишлаётганини биламан. У қийинчиликлар билан ишлаётганини футболчиларга билдирмасликка ҳаракат қилади. Ахир менежеримизнинг қандай ҳолатда ишлаётганини сезаман. Тўғри, ҳамма ички сирларни ҳам айтмаслик керак. Аммо ҳозир айтмасак иложи йўқ-да. Клубдаги ҳозирги шароитда Ярулиннинг бажараётган ишларида албатта унга ёрдам керак. Ўзи ёрдам сўрамайди, аммо албатта қўллаб-қувватлов муҳим.
- Ҳозирда клубнинг мураббий ва футболчиларидан қарздорлиги борми?
- Жамоадан қарздорлик бор, масалан мукофот пулларидан. Аммо яқинда Ярулин елиб-югуриб футболчиларнинг август ойидаги маошларини тўлаб берди. Бизнинг йигитлар катта маош олишмайди. Шу боис ҳомийлар билан гаплашиб вазиятни ҳал қилишга ҳаракат қиляпти.
Фикрлар