Шота Арвеладзе: "Бухоро" Ўзбекистон учун камдан-кам учрайдиган тактикада ўйнайди

Бироз аввал, Coca Cola Суперлигаси 15-туридан ўрин олган "Бухоро" - "Пахтакор" учрашуви ўтказилди. Беллашувда "шерлар" 4:0 ҳисобида зафар қучди.

Ўйиндан сўнг, тошкентликлар устози Шота Арвеладзе қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

Биринчи навбатда "Локомотив" клуби раҳбариятига стадион учун раҳмат айтаман. "Бухоро" раҳбариятига ҳам раҳмат айтмоқчиман. Улар ҳозирги тиғиз тақвим вақтида Муборакда эмас, Тошкентда ўйнашга рози бўлишгани учун миннатдормиз.

Мураббий алмашганидан кейин "Бухоро"нинг ўйинида ўзгаришлар бўлди. Жамоа анча тартибли ўйнай бошлашди. АГМК билан ажойиб ўйнаб дуранг қайд этишди, "Машъал"га қарши баҳсда кутилмаганда битта гол ўтказиб юборди. "Бухоро" Ўзбекистон учун камдан-кам учрайдиган тактикада ўйнайди. 5-2-3, буни немисча тактика дейиш мумкин. Бундай тактикада ҳимояни ёриб ўтиш қийин бўлади. Биз йигитларга бунга қарши қандай ўйнаш кераклигини тушунтирдик. Биринчи таймда кўплаб вазиятлар яратдик, иккита гол урдик. Иккинчи таймда бироз суръатни туширдик, аммо вазиятлардан фойдаланиб иккита гол урдик. Шу орада рақиб ҳам 2-3 марта қарши ҳужумга ўтди.

Умуман олганда, қийин баҳс бўлди. Ўйиндан олдин тартиб жуда ҳам муҳим эканлигини тушунтирдим. Танаффусдан кейин 6та ўйин ўтказдик ва энг қийин тақвим бизники эди. Йигитлар ҳар уч кунда ўйнашмоқда. Улар робот эмас, аммо чиройли ўйин намойиш этишмоқда, - деди Арвеладзе.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!