Шота Арвеладзе: Футболчилар учун камроқ ўйинлар бўлса яхшироқ

Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 19-туридан ўрин олган "Пахтакор" - "Қизилқум" учрашуви тошкентликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Шота Арвеладзе қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Охирги марта уйда июль ойида ўйнагандик. Роса уч ойдан кейин яна ўз майдонимизда ҳаракат қилдик. Йигитларга тиғиз тақвимга қарамай, яхши ўйин намойиш этаётгани учун раҳмат айтаман. Биз бу мавсум деярли ҳар уч кунда ўйнаяпмиз, бундан кейин хам тақвимимиз шундай. Баҳсни яхши бошладик, гол урдик. Кейин эса барибир кичик хатоларга йўл қўйдик. Чарчоқ ўз таъсирини кўрсатади. Иккинчи бўлимда ҳужумларни кучайтирдик ва вазиятлардан иккитасидан унумли фойдаландик.

Терма жамоа сафаридан футболчилар ўтган куни тунда қайтиб келишди. Бунгача Қатарда, кейин БААда енгил бўлмаган шароитда истиқомат қилишди. Бундай пайтда тўғри овқатланиш, машқ қилиш, тикланиш зарур. Улар буни жуда яхши уддаламоқда. Кейинги ўйинларга янада яхшироқ ҳолатда бўламиз, деб ўйлайман.

Ҳозирча Ўзбекистон Кубогининг қандай форматда ўтишини билмаймиз. Лекин футболчилар учун камроқ ўйинлар бўлса яхшироқ. Дам олиш, тикланишга кўпроқ вақт бўлади. Қолаверса, йигитлар келаси мавсумда ҳам "Пахтакор" ва терма жамоалар учун ўйнайди. Шу сабабли плей-оффдан иборат учрашувлар вазиятга нисбатан идеал бўлади, деб ўйлайман".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!