Шота Арвеладзе: "Пахтакор" ўз тарихидаги энг қийин чемпионликни қўлга киритди
"Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе "Қўқон-1912"га қарши ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
- Чемпионликка эришган кечамизда бутун йилни эслаб ўтаман. Илк беллашувни ҳали Суперлига старт олмаган 10 февралда Чемпионлар Лигасида ўтказгандик. Ўшанда йилнинг бундай кўриниш олишини ҳеч ким билмасди. Бутун дунё муаммога рўпара бўлди. Фикримча, "Пахтакор" тарихида чемпионлик қўлга киритилган энг қийин йил айнан шу йил бўлди. Одамлар кўплаб воқеаларни бошдан ўтказди. Биз мавсумни якунига етказаётганимиз учун барчага раҳмат айтаман. Ўзбекистон ва шаҳримизда истиқомат қилаётган, меҳнат қилаётган ҳар бир инсонга раҳмат. Қолаверса, қийин шароитда ўйинларни ташкил қилган ЎФА ва ПФЛга, бизга ҳар бир вазиятда ёрдам берган, муаммоларни ҳал қилган клуб раҳбарияти, ҳар бир жабҳада меҳнатини аямаган клубдаги ҳар бир ходимни тик турган ҳолда олқишлайман. Ишқибозларни алоҳида ёдга олиб ўтаман. Барча олқишларга муносиб. Клубдаги кўплаб ходимларнинг ўзи ёки оиласида кимдир касал бўлди, яқинларини йўқотганлар бор. Шундай қийин ҳолатда барча ўз вазифасини имкони борича адо этишга уринди. Ҳаммадан миннатдорман. Қийин пайт бўлса-да, деярли 4 тур олдин чемпион бўлдик, Чемпионлар Лигасида нафақат клуб, балки мамлакат обрўсини муносиб ҳимоя қилишга интилдик.
Мавсум мобайнида қийин ўйинлар ўтказдик. Энг қийинини танлай олмайман, лекин АГМК, "Сўғдиёна", "Бунёдкор" билан ўйинлар мураккаб кечди. Ҳар бир баҳснинг ўзида турлича қийинчиликлар учради. Чемпионат якунлангач, ўйлаб кўриб жавоб берса бўлади. Йигитлар куни кеча терма жамоа йиғинидан қайтишгани ва таркибдаги йўқотишлар сабабли бугун энг яхши ҳолатда эмасдик. Лекин ҳали олдимизда чемпионатда уч ўйин ва Кубок беллашувлари турибди. Биз меҳнат қилишда, хатолардан хулоса чиқариш ва ғалаба учун курашишда давом этамиз.
Фикрлар