Шохруҳ Ишанов: "Мени Гвардиолага қиёслашди, хурсанд бўлдим. Аммо мен Ишановман!"

“Андижон-II” – “Олимпик” (1:0) ўртасидаги учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Шоҳруҳ Ишанов ўз фикрларини билдирди.

- Ўйин биз учун жуда оғир бўлди. “Олимпик”ни “Пахтакор”, “Сўғдиёна” каби клубларга қарши ўйинларини кўриб, футболчиларимизга батафсил тушунтириб ўтдик. Ҳимоявий ўйин кўрсатдик, аммо йигитлар ҳужумга куч топиб ўтдилар. Биринчи марта бунақанги катта майдонда ўйнашимиз. “Олимпик” Суперлига вакили ва кучли жамоа, деб биламиз. Иккинчи таймда кўп чўзилишлар бўлди. Бу куч етмагани билан боғлиқ. Буни устида яна ишлаймиз. “Олимпик” клубига кейинги учрашувларда омад тилаймиз. “Шўртан” ва “Турон” билан учрашувларда ҳам яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

- Тимур Кападзе 6 нафар ўйинчисини олиб келмаганини айтди. “Олимпик”нинг қандай таркибини кутгандингиз?

- Асосий таркибига тайёргарлик кўраётгандик. Шунинг учун ҳимоявий тактикани қўлладик.

- Яъни, “Олимпик”ни асосий таркиби келмагани сизга қўл келдими?

- “Олимпик”ни биринчи таркибими ёки иккинчи таркибими, менимча фарқи йўқ. Бу ерда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси таркиби йиғилган. Ушбу клубда кучсиз ўйинчини ўзи йўқ. Албатта, бизнинг таркибимизда Рауф Инилеев жамоасида шуғулланадиган 6-7 нафар футболчимиз бор. Шогирдларимга раҳмат айтаман, қўлидан келганича ҳаракат қилишди. Олдига қўйилган вазифаларни бажаришди.

- Мухлислар орасида сизни Пеп Гвардиолага қиёслашмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?

- Мухлис футбол кўриш учун, завқ олиш учун келади. Тошкентдаги саралаш учрашувларида ҳам шарҳловчилар сиз айтгандек Гвардиолага қиёслашди, хурсанд бўлдим. Лекин Шоҳрух Ишановман. Мураббийлар ўсиш учун у ёки бу мураббийдан ўғирлашади. Биз ҳам ҳаракат қиляпмиз.

ишанов

- Кўп йиллар давомида футбол ичидасиз. Сиз етиштириб чиқарган ўйинчилардан ҳозирги кунда Суперлигада кимлар ўйнаяпти?

- Биринчи тарбияланувчиларимдан 2000 йилда туғилган Дониёр Абдуманноповни айтишим мумкин. У Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ҳам, U-23 термасида ҳам ўйнади. “Андижон” шарафини ҳимоя қилган ва бугунги кунда “Сўғдиёна”да тўп суряпти. Келажакда ҳозирги ўсиб келаётган 2005 йилда туғилган футболчиларимиздан умидимиз катта.

- ПФЛ расмий сайтида “Андижон-II” деб бериляпти, аммо бу ёқда “Андижон-SGS” деб бериляпти. Расмий номи қандай?

- “Андижон-II SGS” жамоаси. Лекин келаси йилга раҳбар қандай но қўйса ҳам Андижон шарафини ҳимоя қиладиган жамоа бўлади. Номи роль ўйнамайди.

- Шаҳбоз Жумабоев ҳужумкор футболчи. Аммо уни орқароқда ўйнатдингиз. Ундан ҳужумда фойдалансангиз кўпроқ фойда бермайдими?

- Бугун рақибимиз очиқ футбол ўйнагани йўл қўймасди. Акс ҳолда бизни ўйинимиз очилиб кетарди. Бўш ҳудудлар пайдо бўларди. Шу боис ҳимоявий ўйнадик.

- Сардорлик боғичи ёш ўйинчига берилди. Тажрибалироқ Жумабоевга берилса бўлмасмиди?

- Ҳаммасига ишонч билдирамиз. Шаҳбоз зўр ўйинчи. Лекин Ҳамробоев Зайниддин акасини ортидан ўсаётган бола. Бугунги кунда у Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг ҳам сардори. Ҳеч қайси футболчини ажратмайман. Бироқ Зайниддин бугунги кунда ҳақиқий сардор.

- Кейинги иккита ўйинга қандай тайёргарлик кўрилади? Режалар қандай?

- Албатта, бизга қийин. Катта майдонга ёш футболдан чиқиб келдик. Қўлимиздан келганича шогирдларимиз ҳаракат қилишяпти. Бир кун дам олиб, индиндан тайёргарликни бошлаймиз. Янги кўрсатмалар ва янги тактикаларни ёрдамчи мураббийларим билан бирга ўйлаб чиқамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
09/04/2022 22:25
Яшанг лар АНДИЖОН ёшлар жамоаси галаба муборак бу'лсин