Швейцария - Германия ўртасидаги сўнгги учрашувда Дердийокнинг хет-триги жамоасига ғалаба келтирган (превью)
Кечаги учрашувлар билан Миллатлар Лигаси янги мавсумининг биринчи тури ўз якунига етди. Илк турдан кейинги хулосаларни ҳам айни ўринда айтиб кетишга ижозат берасиз.
Аввало, аксарият жамоалар етакчиларсиз ўйнаётгани билиниб қоляпти. Терма жамоа йиғинига етиб келганларида ҳам озроқ чарчоқ аломати сезилмоқда. Германия - Испания, Португалия - Хорватия учрашувларини истисно этганда, А лиганинг ҳеч бир учрашуви ёрқин ҳужумлар остида кечмади.
УЕФА мутасаддилари ушбу турнирга жаҳон чемпионати чипталарини тикиш орқали катта революция амалга оширишган. Энди жамоалар мусобақага ўртоқлик учрашувлари ўрнини босувчи турнир деб эмас, балки росмана жиддий муносабат билдиришмоқда.
Терма жамоалар ўйинида тушунмовчилик ва сустлик кузатилаётганининг яна бир сабаби - узоқ давом этган пандемия. Клублар ва миллий чемпионатлар мавсумни якунлашни бир амаллашди. Бироқ бу ўртада қарийб ярим йил терма жамоа йиғинлари ўтказилмади. Демак, футболчиларга бироз вақт зарур эди. Шу туфайли, иккинчи турда жонлироқ ва мазмунлироқ футбол кўришга умид билдиришимиз мумкин.
Жамоаларга қайтадиган бўлсак, улар ўз тарихлари давомида 51 марта куч синашиб улгурган. Терма жамоа миқёсида бу каби кўп ўйин ўтказиш ҳолатларини кам кузатамиз. Аммо сўнгги йилларда уларнинг йўллари кесишмай қўйди. 2012 йил Базелда кечган охирги беллашувда мезбонлар 5:3 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўша ўйинда Эрен Дердийок немислар дарвозасини 3 бор ишғол қилганди.
Швейцария
Жамоа биринчи турда ғоят муҳим баҳсда мағлубият аламини тотиб кўрди. Мураббийнинг кўрсатмаси ўлароқ, дастлабки 10 дақиқани ҳужумда ўтказган жамоа вазиятлардан наф чиқара олмади. Кейин ҳужум қилиш навбати украинларга ўтди ва Ярмоленко ҳисобни очди. Ўша куни ҳар бир гол исталган видеороликларни безашга қодир тарзда урилди. Зинченконинг зарбаси эса уларнинг “гултожи” бўла олди. Швейцария ёмон ўйнамади. Бироқ, “Манчестер Сити” футболчисининг ушбу зарбаси уларни шок ҳолатига солиб қўйди. Футболда бу қадар қайтариб бўлмас, чиройли голни ўтказиб юбориш майдондагиларнинг руҳиятига таъсир кўрсатади. Кимни айблашни билмайсиз - зарба идеал!
Гуруҳнинг қолган икки вакили ўзаро дуранг ўйнаган пайтда эришилган ғалабаларнинг қиймати бирмунча баланд бўлади. Бугун икки аламзадалар кураш олиб боради.
Тахминий таркиб: Соммер, Аканжи, Родригез, Видмер, Элведи, Мбабу, Эбишер, Соу, Жака, Зюбер, Сеферович.
Германия
Германия ғазаб отига минган кўйи Швейцарияга ташриф буюрмоқда. Улар Испания устидан тарихий ғалабани қўлдан чиқаришди. 32 йилдирки, расмий учрашувларда улар “қизил фурия”ни енга олмайди. Сўнгги дақиқада мана шундай муҳим ва принципиал ўйинда гол ўтказиб юбориш жуда аламли. Бироқ тенг курашлар ва қарама-қарши ҳужумлар остида кечган баҳс учун 1:1 ҳисоби анча адолатли.
Бир нечта етакчиларисиз ўйнаётган испанлардан 3 очко ололмаслик эса Лёвни ранжитгани табиий. Аммо бугун футболчиларда янги мавсум олдидан яхши кайфиятни таъминлаш учун чиройли ғалабага эришиш имкони мавжуд.
Тахминий таркиб: Трапп, Кох, Гинтер, Зюле, Керер, Жан, Гюндоган, Кросс, Госенс, Брандт, Вернер.
Мураббийлар
Владимир Петкович: “Германия сўзсиз фаворит. Нафақат бизга қарши ўйинда, балки бутун турнирда улар ғолибликка асосий даъвогар. Биз ўз ўйинимизни кўрсатишда давом этамиз. Энг яхши футболимизни намойиш эта олган тақдирда, уларни енгишимиз мумкин. Ҳар доим имкониятлар бўлади”.
Йоахим Лёв: “Испанияга қарши учрашувдаги вазият биз учун оғир зарба бўлди, аммо бу ҳақида кўп қайғуришни истамаймиз. Барча футболчилар эртанги ўйинга тайёр. Швейцария 2014 йилдан бери анча яхши кучайди. Улар энди битта футболчига боғланиб қолган жамоа эмас. Уларда тактик жиҳатдан ўсиш бор. Испания ва бугунги рақибларимизнинг ўхшаш жиҳатларини кўрмоқдаман”.
Хулоса ўрнида
Немислар ушбу учрашувда катта устунликка эга бўлиши аниқ. Швейцария ўзининг минимал имкониятларидан максимал фойдаланиб кетсагина нимадир ютиши мумкин. Стадионда мухлисларнинг йўқлиги ҳам мезбонлар зарарига ишлаши мумкин. Чунки иккинчи даврада катта эҳтимол билан Германия ўз мухлислари қаршисида ўйин ўтказади.
Германиянинг ушбу учрашувда камида 2 та тўп фарқи билан ғалаба қозонишини тахмин қилишимиз мумкин. Гол урган сари “немис машинаси” янада тезроқ ва енгилроқ ҳаракатлана боришини яхши биламиз.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар