"Синиб қолган" ПСЖ, "сеҳрсиз" таёқчаларидан фойдаланмаган Поттер ва минимализмнинг ғалабаси

Европа Чемпионлар лигасида чорак финалга йўл олган тўрт жамоани аниқлаб улгурдик."Челси", "Бенфика", "Бавария" ва "Милан" "кўҳна қитъа"нинг нуфузли турнирида ўз юришини давом эттиради. Ҳар бир беллашув мухлисларга ўзига хос эмоцияларни тақдим этди. Келинг, барча учрашувларга бирма-бир тўхталиб ўтамиз. 

"Челси" - "Боруссия" 2:1 (0:1, 2:0)  

Дастлабки баҳсда "Боруссия" Дортмунд Карим Адейеми томонидан киритилган супер гол эвазига амаллаб Лондон клубини таслим этганди, аммо Англияда ўтган жавоб ўйинида чиндан ҳам ҳақли жамоа ғалаба қозонди. Сабаби, "аристократлар" ҳар икки учрашувда ҳужумкор футбол намойиш этди. Биз "асаларилар"ни ҳужумкор футболи учун яхши кўрардик, бироқ негадир икки беллашувда ҳам улар бу ҳислатни ва кутганимизни бизга тақдим эта олмади. "Челси"нинг муваффақият сири эса иккинчи ўйиндаги тўғри танлов бўлди. 

photo_2023-03-09_03-25-22

Юқорида лондонликлар илк учрашув учун танлаган бошланғич таркиби. Деярли ярим ҳимоясиз ўйнаган Поттер шогирдларининг ҳужумдаги самарадорлигини мақтаб бўлмасди. Ҳужумкор футболчиларнинг сай-ҳаракатлари эвазига яратилган хавфли вазиятлар кўп бўлса-да, жамоавий футбол ҳамда сифатли ҳужумлар жуда кам эди. Иккинчи баҳсда ёндашувни ўзгартирган Грем тўғри юришни амалга оширганини танланган таркибнинг ўзи айтиб турибди. 

photo_2023-03-09_03-32-15

Стерлинг барибир топ даражадаги ва катта ўйинларни кўрган футболчи. Ярим ҳимояни кучайтирган Лондон клуби "Боруссия" ўйинчиларини марказнинг ўзида тўхтатишни уддалади. Позицион ва хотиржам футбол намойиш этиб, рақибни таслим этди. Қизиғи, жавоб баҳсида ҳар икки жамоа 13 тадан зарба йўллади, аниқлари ҳам бир хил - 4 та. Ғалабанинг сири оддий ва "халқона" - барча позициялардаги баланс ва фойдали иш коэффициентининг максималлиги. Поттер "америка" очмади. Мураббий сифатида шунчаки тўғри таркиб танлашнинг ўзи кифоя қилди. 

photo_2023-03-09_04-45-14


"Тоттенхэм" - "Милан" 0:1 (0:1, 0:0) 

Минимализмнинг футбол майдонидаги визуал кўриниши. Бу учрашув ҳақида узоқ тўхталиб ўтиришнинг кераги йўқ. Ҳар икки жамоа ўз имконияти даражасида ўйин кўрсатди. Икки учрашувда ҳам тенглик гувоҳи бўлдик. "3-4-2-1"лар жангида Италия томон Жирунинг ягона голи эвазига ғалаба қозонди. "Милан" омад эвазига зафар қучди, дейишимиз мумкин. Бироқ Кейн ва Сон каби ижрочилари бор жамоага қарши икки беллашувда ҳам гол ўтказмаслик тартиб ва танланган тўғри тактиканинг маҳсули, десам адашмаган бўламан. "Тоттенхэм" омадсиз. Шу билан биргаликда ҳужумдаги потенциалидан фойдалана олмади. Бу "шпорлар"га қўйилган энг тўғри ташхис. 

photo_2023-03-09_04-46-48

"Бавария" - ПСЖ 3:0 (1:0, 2:0) 

Жамоавий футбол ҳар икки клубнинг имкониятларини тенглаштириб қўйган бўлса, йўқотишлар + тартибсиз футбол бир томоннинг осон ғалабасини таъминлаб берди. Ҳа, ПСЖ юлдузлари "Бавария" футболчиларидан анча ёрқинроқ эди.  

Қандайдир таҳлил ва математикага муҳтож бўлмаган учрашув. Шунда ҳам тўхталиб ўтиш керак бўлган кичик элементлар топилади. Биринчи навбатда Париж томоннинг жисмоний ҳолати учун эътирозлар бор. Илк баҳсда Мбаппе иккинчи таймда захирадан майдонга тушди, шунингдек, Хакими жароҳат олиб иккинчи таймни ўтказиб юборди. Жавоб учрашуви учун "сюрприз" Неймарнинг жароҳати бўлди. Шунингдек, Мюнхендаги ўйинда Маркиньос шикастланиб, биринчи таймнинг ўзида алмаштирилди. Балки етар? Йўқ! Айнан Маркиньоснинг ўрнига Тушган Мукиеле иккинчи тайм аввалида захирага олинди, унинг ўрнига эса 2005 йилда туғилган Битшиабу майдонга тушди. 

"Бавария"га қарши жавоб баҳсининг илк таймини яхши ўтказган "Пари Сен-Жермен"га бу йўқотиш ҳам ўзига хос зарба бўлди. Иккинчи таймни футболчилар "шок" ҳолатида бошлади. 51-дақиқада немис клуби ҳисобни очди, аммо ушбу гол офсайд туфайли инобатга олинмади. Огоҳлантириш қўнғироғи ПСЖ футболчилари қулоқларига яхши чалинмади, наздимда. 10 дақиқа ўтиб ҳимоядаги қўпол хато эвазига Шупо-Мотинг Доннарума дарвозасини ишғол қилди. "Қовун"ни эса Вератти ва Битшиабу туширди. На Месси ва на Мбаппе жамоасини бу қийин ҳолатдан олиб чиқиб кета олди. Сабаби, "машина" замонамизнинг энг зўр футболчиларини ҳам зарарсизлантира оладиган даражада мукаммал ишлаётганди. Қандайдир 2-3 юлдуз бутун тизимни бузишнинг уддасидан чиқиши қийин масала. 89-дақиқада урилган Гнабрининг голи ПСЖ устидан "тупроқ тортиб" юбориш учун етарли бўлди. 

Бу мағлубият Француз клуби раҳбарияти тафаккур қилиши учун яна бир имконият. 3-4 юлдуз билан иш битмаслигини футбол жамоатчилиги неча йиллардан буён таъкидлаб келади. Улар эшитишни истамайди. Юлдузлар керак эмас деган фикрдан йироқман. Шунчаки, ўша юлдузлар атрофига яхши даражадаги футболчиларни олиб келиб, яхлит бир механизмни яратиш лозим. Қайсарликни йиғиштириб, кучли ва номдор клубларни бошқаришга қодир мутахассисга бу ишни амалга ошириш учун имкон бериш даркор.  Бундан ташқари, жамоада қимнидир ўта улуғланиши муҳитга салбий таъсир қилади. Бу тарафлама ҳам раҳбарият катта хатога йўл қўймоқда. Катта клублар исталган пайтда қайсар юлдузлардан воз кеча олади. Мен эса катта ғалабаларга тайёрлиги тарафдан ПСЖНи катта клуб демаган бўлардим. Кланларга бўлинган ва ғолиблик формуласини қидиришда давом этаётган Франциянинг энг кучли клуби - "Пари Сен-Жермен".

photo_2023-03-09_04-45-10

"Бенфика" - "Брюгге" 7:1 (2:0, 5:1) 

Нима ҳам дейиш мумкин. "Бенфика" шунчаки "Брюгге"дан анча кучли экан.

photo_2023-03-09_04-42-22





                                                                                                          Худайқулов Карим мақоласи

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!