Словакиядаги ММА турнирида ўзбек ўғлони рақибини нокаутга учратди
Маълумки, жорий йилда Отабек Умаров бошчилигида Ўзбекистон ММА ассоциацияси очилиши билан мамлакатимизнинг ушбу йўналишда фаолият юритадиган спортчиларга кенг имкониятлар эшиги очилди. Жумладан, жуда кўп жангчиларимиз хориж промоушенлари томонидан ташкил қилинадиган жанг кечаларда иштирок этишни бошлаб юборишди. Албатта, аввал ҳам бундай турнирларда бир қатор спортчиларимиз иштирок этарди. Лекин битта омилга эътибор қаратишингизни сўрардим...
Яъни, расман ММА га рухсат йўқлиги, эътибор камлиги учун жуда яхши маҳоратга эга бўлган, К-1, кикбоксинг, қўл жанги, жанговар самбо ҳамда муайтай борасидаги профессионалларимиз ММА да иштирок этмасди. Ваҳоланки, улар бу йўналишда ҳам ажойиб натижалар қайд этиши мумкин эди. Мана энди, улар ҳам қўрқмасдан шундай турнирларда ўз жангларини ўтказишмоқда. Жумладан, Словакиянинг Братислава шаҳрида ўз вақтида Маҳмуд Мурадов фаолият олиб борган XFN турнири бўлиб ўтди.
Унда октагонга кўтарилган, К-1 бўйича бир қатор нуфузли турнирлар ғолиби, Осиё чемпиони, Жасур Алижонов шогирди ҳамюртимиз Исломбек Махаммаджонов рақибини нокаутга учратиб, навбатдаги ғалабасини қўлга киритди. Исломбекка amerika top-ten клуби аъзоси Габриэль Будс рақиблик қилди. Жангнинг биринчи раунд 38 секундида юртдошимиз рақибига жуда кучли зарба бериб, уни нокаутга учрата олди.
Эслатиб ўтамиз: Исломбек Махаммаджонов ушбу жангга қадар ММА йўналишида бир маротаба октагонга кўтарилиб, унда ҳам ғалаба қозонган эди.
Фикрлар