"Сўғдиёна" мураббийи: "Биз танаффусда турнир жадвалида 2-ўринда эдик, иккинчи 45 дақиқада 4 та гол ўтказиб юбордик"

Суперлиганинг 23-турида "Сўғдиёна" ўз майдонида "Сурхон"ни қабул қилди ва 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг жамоа мураббийи Раде Петрович матбуот анжуманида иштирок этди.

- Бугунги ўйиндан кейин, нимадир дейиш жуда қийин. Рақиб бизни бир ярим йилда 4 маротаба мағлубиятга учратишни уддалаган эди. Биз ўйин осон бўлмаслигини билар эдик. Биринчи бўлимда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилдик. Кейин, Йовович билан бўлган ҳолат таъсир қилди. Кетма-кет 4 марта тўп ўтказиб юбордик. Рақибни бугунги ғалаба билан табриклайман. 

- Икки хил тайм сабаби нотўғри ўзгаришлар сабабли деб ўйлайсизми?

- Баъзида, шундай ҳам бўлиб туради. Айрим ўйинларда захира ўриндиғи ёрдамида очколар ишлаб олган эдик. Бугун ўхшамади. Жароҳат сабабли алмаштирдик. Кейин қизил карточкали вазият сабабли уни ҳам алмаштирдик. ОКМК ва "Бунёдкор" билан яхши ўйинлар ўтказдик. Биз танаффусда турнир жадвалида 2-ўринда эдик. Иккинчи қирқ беш дақиқаликда 4 та гол ўтказиб юбордик. 

- "Сурхон" бугун рақиб жарима майдончасида ўзини яхши ҳис қилди. "Сўғдиёна"нинг таянч зонаси ёмон ўйин кўрсатдими?

- Биз бугун энг томошабоп футбол ўйнайдиган жамоа билан тўқнаш келдик. Бугун ярим ҳимоя чизиғи кўп имкониятларни яратгани бор гап. Бизда ҳимоя чизиғидаги ўйинимиз қовушмади. Кўп ўйлаган нарсаларимиз ўхшамади. "Насаф"ни чемпионлик билан табриклайман. "Насаф", "Локомотив" ва "Динамо"га қарши учта ўйинда ҳам ғалаба қозонишни истаймиз. 

- Суҳроб Иззатов бугун майдонда кўринмади?

- У сўнгги 2-3 ўйинда яхши ўйин намойиш этди, аммо бугун негадир ўхшамади. Нафақат у, балки бошқа футболчиларимиз ҳам майдонда кутилганидек кўринмади.

- Таркибни кучайтириш керак деб ҳисоблайсизми?

- Албатта, буни режалаштирганмиз. Ким жамоада қолиши ким кетиши борасида ўйлаб кўрамиз. Умид қиламизки, кейинги мавсумда таркибни кучайтирамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!