"Сўғдиёна" ноқулай рақибини Жиззахда охирги бор қачон мағлуб этганди?
“Сўғдиёна” клуби бугун Coca-Cola Суперлиганинг 23-турида Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилиб 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Эндиликда Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Сўғдиёна” 34 очко билан турнир жадвалининг 6-поғонасини банд этиб турибди.
Аслида улар учун “Насаф” ноқулай рақиб саналади. Чунки бунга қадар ушбу жамоалар ўртасида ўтказилган жами 41 та учрашувнинг 32 тасида қаршиликларнинг қўли баланд келган. Мазкур беллашувга қадар “Сўғдиёна” “Насаф” устидан 7 та ўйиндагина ғолиб бўлган. Фақат 2 та тўқнашувда кучлар тенг келган. Биринчи даврадаги беллашувда “Насаф” Ислом Кенжабоев, Бобир Абдухолиқов ва Ҳусайн Норчаевнинг голлари эвазига 3:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилган. Дарвоқе, бугунги баҳсда Абдухолиқов яна гол урди. Бироқ бу “Насаф”ни фақатгина йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутқарди холос.
Умуман айтганда, “Сўғдиёна” охирги бор Жиззахда “Насаф” устидан қачон ғалаба қозонганини биласизми? Бунга ҳам 12 йил бўлибди! 2008 йилнинг 29 август санасида Жиззахдаги стадионда “Сўғдиёна” ушбу рақибини 2:1 натижаси билан мағлубиятга учратганди. Шундан бери қаршиликлар Жиззахда деярли барча ўйинларда ғалаба қозониб келаётганди. Фақатгина ўтган мавсумдаги беллашувда “Сўғдиёна” майдонида дуранг қайд этилган. Бақоев эса, жамоасининг ўз уйида “Насаф”га қарши учрашувлардаги ёқимсиз анъанасига чек қўя олди. Лекин 2018 йилги мавсумда жиззахликлар Қаршидаги стадионда мезбонларни мағлуб этиб қайтишганини ҳам унутмаслик керак.
Шунингдек, "Сўғдиёна" чемпионатимиздаги охирги олтита турнинг тўрттасида ғалаба ва иккитасида дуранг қайд этган ҳолда мағлубият нималигини билмай келмоқда. Қолаверса, "Насаф"нинг 11 та ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига ҳам чек қўйилди.
Фикрлар