Сўнгги сонияларда мундиал йўлланмасига эга чиққан жамоа — Коста-Рика
ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.
Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир бор эслатиб ўтиб кетамиз.
Мундиал стартига 15 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "Е" гуруҳининг иккинчи вакили Коста-Рика орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.
Жамоа ҳақида
Коста-Рика футбол федерацияси. Лақаби — “лос-тикос”.
Ташкил топган йил: 1921 йил (ФИФАга 1927 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Луис Суарес
Жамоа сардори: Брайан Руис.
Илк расмий учрашуви: Коста-Рика – Салвадор 7:0 (1921)
Энг йирик ғалаба: Коста-Рика – Пуэрто-Рик 12:0 (1946)
Энг йирик мағлубият: Мексика – Коста-Рика 7:0 (1975)
Коста-Рика айни пайт ФИФА рейтингида 31-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси эса 13-поғона ҳисобланади. Улар 1996 йила рейтингдаги энг ёмон натижасини қайт этган. Ўшанда “лос-тикос” 93-ўрингача тушиб кетган.
Коста-Рика биринчи марта жаҳон чемпионатига 1990 йилда КОНКАКАФ чемпионлигини қўлга киритган ҳолда чиққан. Бунгача улар саралашда кетма-кет саккиз марта муваффақиятсизликка учраган.
Аммо коста-рикаликлар биринчи марта жаҳон чемпионатига чиқишлари билан футбол оламини лол қолдира олишди. Бразилия, Шотландия ва Швеция билан "ўлим гуруҳи"га тушиб қолган “лос-тикос” яққол аутсайдер ҳисобланарди, бироқ 1-тур учрашувидаёқ Шотландияни минимал ҳисобда мағлуб этди (1:0), иккинчи турда эса Бразилияга худди шу ҳисобда имкониятни бой берди.
Швецияга қарши ўйин ҳал қилувчи бўлиши керак эди, бу ўйинда Коста-Рика 32-дақиқада гол ўтказиб юборди, аммо Рожер Флорес ва Эрнан Медфорднинг голлари эвазига ирода кўрсата олди ва муҳим ғалабани қўлга киритди. Коста-Рика квартетда иккинчи ўринни эгаллади ва Бразилия билан плей-оффга чиқди. Аммо улар 1/8 финал босқичида Чехословакияга йирик ҳисобда имкониятни бой берди (4:1).
Жаҳон чемпионатидаги навбатдаги иштирокни узоқ 12 йил кутиш керак эди. Коста-Рика 2002-йилда Япония ва Жанубий Кореяда бўлиб ўтган турнирга ўзининг асосий юлдузи — “Манчестер Сити” ҳужумчиси Паоло Ванчопе билан йўл олган, бироқ коста-рикаликларга яна қуръа омад келтирмади – Бразилия (бўлажак жаҳон чемпионлари), Туркия (бўлажак бронза медали соҳиблари) ва Хитой.
Чемпионат старти муваффақиятли ўтди. Коста-Рика Хитойни ишончли ҳисобда мағлуб этган бўлса (2:0), Туркия билан дуранг ўйнади (1:1). Қайд этиш жоизки, бу Ҳоқон Шукур ва Русту Рекбер бошчилигидаги турк футболининг олтин авлоди эди, агар охирги турда БразилиядКоста-Рикани йирик ҳисобда мағлубиятга учратмаса, жаҳон чемпионати бронзасига етиб бормаган бўлиши мумкин эди. Таркибида Кафу, Роналдо ва Ривалдо каби “жаллод”лари бўлган “пентакампеонлар” рақибини йирик ҳисобда мағлуб этди (2:5). Бу Туркияни тўплар фарқига кўра иккинчи ўринга олиб чиқди ва плей-оффга йўлланмасини тақдим этди, Коста-Рика эса уйига қайтди.
Тўрт йил ўтиб, 2006 йилда Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ҳам Коста-Рика учун омадли ўтмади. Ветеран Ванчопе биринчи турда Германияга қарши беллашувда (2:4) дубл қайд этган бўлса-да, у бошқа гол ура олмади ва Коста-Рика якунда учта ўйинда ҳам очко йўқотди ва гуруҳдаги сўнгги ўринни эгаллади.
Коста-Рика 2010 йилда Жанубий Африкада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига чиқа олмаган. Бироқ, тўрт йилдан сўнг Бразилияда “лос-тикос” футболи тарихидаги энг яхши натижа қайд этилди - чорак финал!
Улар 1990 йилги жаҳон чемпионатида бўлгани каби яна Уругвай, Италия ва Англия билан ўлим гуруҳига тушиб қолди. Кўринишидан, улар плей-оффни тушида кўриши керак эди? Аммо, Коста-Рика анча жанговар чиқиб қолди. Уларнинг таркибида тажрибали дарвозабон Кейлор Навас, Жоэл Кемпбелл, Оскар Дуарте ва Брайан Руиз каби юлдузлари бор эди
Коста-Рика биринчи тур таркибда юлдуз футболчилари (Годин, Кавани, Форлан, Макси Перейра ва Суарес) бўлган Уругвай билан ўйнади ва ишончли ғалабани қўлга киритди - 3:1. Кейинги босқичда Брайан Руиснинг ягона голи терма жамоага Италия устидан навбатдаги шов-шувли ғалабани тақдим этди ва бу Коста-Рикага плей-офф йўлланмасини деярли кафолатлади. Фақат олдинда Англия қолган эди. Аммо Хорхе Луис Пинто шогирдлари инглизлар билан дуранг ўйнади (0:0) ва биринчи ўринда Италия ва Англияни ортда қолдирган ҳолда Уругвай билан бирга 1/8 финалга йўл олишди.
Коста-Риканинг ўйини бутун мамлакат бўйлаб эйфорияни тақдим этди. “Лос-тикос”нинг ёш боласидан тортиб нафақахўригача Грецияга қарши ўйинини кутарди. Брайан Руис 52-дақиқада Коста-Рикани ҳисобда олдинга олиб чиқиб мухлисларни хурсанд қилди, аммо жамоа минимал устунликни сақлаб қола олмади. Қ ўшиб берилган вақтда Сократис Папастатопулос гол уриб, ўйинни экстра-таймга ўтказди. Қўшимча дақиқаларда ҳеч қайси жамоа гол ура олмади ва ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланиши керак эди. Омад коста-рикаликларга кулиб боқди.
Кейинги босқичда Коста-Рика Нидерландияга қарши майдонга тушди. Бу учрашувда ҳам ҳисоб очилмади. Улар яна бир сенсацияга яқин турганди, аммо пенальтилар сериясида “учар голладлар” адашишмади.
2018 йилги мундилада “лос-тикос”дан мухлислар кўп нарса кутишган эди. Бироқ улар Бразилия, Швейцария ва Сербия каби жамоалар бўлган гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашди.
Турниргача босиб ўтган йўли
Коста-Рика Қатардаги жаҳон чемпионатига йўлланмани айланма йўллар билан қўлга киритди. Улар Канада, Мексика, АҚШ, Панама, Ямайка, Сальвадор ва Гондурас каби жамоалар бўлган гуруҳда 4-ўринни эгаллади. “Лос-тикос” 14 ўйинда 25 очко тўплашди. АҚШ ҳисобидаги очколар ҳам шунчани ташкил қиларди, бироқ америкаликлар тўплар фарқига кўра рақибидан яхшироқ натижа қайд этишди. Шу боис, Коста-Рика Шимолий Америка терма жамоалари учун тўғридан-тўғри берилган 3 та йўлланмадан қуруқ қолди.
Луис Суарес шогирдлари мундиалга чиқиш учун халқаро плей-офф учрашувида қатнашиши керак ва уларнинг рақиби эса Окения жамоаси ҳисобланган Янги Зеландия эди. Шу йилнинг 6 июнь куни бўлиб ўтган беллашувда Коста-Рика рақибини минимал 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Шимолий Американинг 4-жамоаси сифатида мундиалга йўлланмани қўлга киритишди. Учрашувнинг 3-дақиқасида Жоэл Кэмбелл киритган гол “лос-тикос”га Қатар чиптасини тақдим этди.
Жамоа етакчилари
Коста-Рикада ёш - жиддий муаммо. Авлодлар алмашинуви узоқ чўзилди ва эски футболчиларнинг ўрнини боса оладиган ёшлар деярли топилмаяпти. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, Коста-Рика аҳолиси тахминан 5 миллион кишини ташкил қилади. Шу боис, улар бунга ўхшаш қийинчиликларга дуч келиши табиий ҳолат.
Ўйинчиларнинг даражаси ҳам юқори эмас. Ҳозир Европада фақат иккитаси - Кейлор Навас (Франция) ва Франсиско Кальво (Туркия) ўйнамоқда. Қолганлари асосан Коста-Рика чемпионатида, шунингдек, МЛСда тўп тепади.
Коста-Рикада ҳужум позициясида ўйнайдиган вариантлар жуда кам. Жамоа тўпсиз ўйнашга ўрганиб қолган, бу эса ғалаба қозониш керак бўлган пайтда қийинчилик туғдиради. Шу сабабли, улар одатда рақибни тўпни йўқотишини кутишга ва тезкор қарши ҳужум уюштиришга мажбур бўлади.
Коста-Рика терма жамоаси сардори ҳисобланган Кейлор Навас ҳозиргача жамоа сафида 107 та ўйин ўтказган. Ушбу футболчини ортиқча таништиришга ҳожат йўқ. Сабаби, "Реал" Мадриднинг собиқ футболчиси "қаймоқранглилар" таркибида клубнинг барча мумкин бўлган совринларини, шунингдек, ПСЖ билан Франция чемпионати олтин медалларини қўлга киритди. Пантера - Наваснинг лақаби. Ажойиб реакцияси туфайли мухлислар Кейлорни шундай аташади. Ҳозирда футболчи 35 ёшда бўлса-да, ўзининг юқори савиясини сақлаб келмоқда.
"Арсенал"нинг собиқ футболчиси Жоэл Кэмбелл Коста-Риканинг ҳужум чизиғидаги энг тажрибали футболчидир.
Жоэль 30 ёшда, лекин ҳамон унинг ажойиб тезлиги ва кучли зарбаси сақланиб қолган. У терма жамоа сафида 117 та ўйин ўтказиб, 25 та гол урган ва Коста-Рика учун ажралмас футболчи ҳисобланади.
30 ёшли марказий ҳимоячи Франсиско Кальвонинг бўйи 180 см. Шу сабабли, Франсиско ҳавода яхши ўйнайди ва мунтазам равишда боши билан гол уради.
Кальво тезкор, тактик жиҳатдан яхши ҳаракат қилади. У марказий зонадан ташқари ҳимоянинг чап қанотида ҳам ўйнай олади. Франсиско жамоанинг ҳимоявий ўйинини қуришда катта аҳамият касб этади. У ҳозиргача Коста-Рика сафида 74 та ўйин ўтказган.
ЖЧ-2022даги тақвими
22 ноябрь. Коста-Рика – Испания
27 ноябрь. Япония – Коста-Рика
2 декабрь. Коста-Рика – Германия
Фикрлар