Совуқ баҳор билан қайтган Суперлига
Баҳор билан бирга Суперлиганинг янги мавсуми ҳам старт олди. 1-4 март кунлари 1-тур баҳслари ўтказилди. Натижалар билан сайтимиз орқали хабар бериб бордик.
Ушбу турда бир қатор қизиқарли ўйинлар, ўзига хос қарама-қаршиликлар кузатилди.
“Навбаҳор” чемпионатнинг илк турини бошлаб берди. Ушбу баҳсда “лочинлар” Лигага қайтган “Динамо”ни 3:1 ҳисобида таслим этди. “Насаф” ўз уйида “Олимпик”ни енгди. Муаммолар гирдобида қолаётган “Бунёдкор” Тошкентда “Қизилқум”га имкониятни бой берди.
“Нефтчи” Жиззахдан муҳим ғалаба билан қайтди. Таркибда катта ўзгаришларни амалга оширган ОКМК “Андижон” билан нурсиз дурангга имзо чекди. “Локомотив” мағлубиятдан қутилиб қолди. Ўз майдонида меҳмон бўлган “Пахтакор” мезбон “Сурхон”ни тор-мор этди.
Энди эса турга оид қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Яъни анъанамизга содиқ қолган ҳолда тур мухлислари статистикаси билан таништирамиз.
1-турда стадионларимизга жами 13497 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир беллашувга ўртача 1928ни ташкил қилади.
Илк баҳсданоқ томошабин жамлаш борасидаги етакчилик “Навбаҳор”га ўтди. Наманганликларнинг “Динамо” билан ўйинига 7891 ишқибоз ташриф буюрди. Шуни қайд этиш керакки турнинг қолган учрашувларига кирган жами томошабинларни бирга ҳисобласа ҳам “лочинлар”га ета олмади!
“Насаф” – “Олимпик” ва “Сўғдиёна” – “Нефтчи” каби марказий беллашувларга афсуски 3 минг одам ҳам келмади. Бу балки баҳорнинг илк кунлари бўлишига қарамай совуқ ва қорли ҳаво билан боғлиқдир. Умид қиламиз, шиддатли ўтиши кутилган Суперлиганинг бу мавсумида стадионларимиз тўла бўлади.
Энг кам томошабин пойтахтда. “Бунёдкор”ни натижалар билан бирга мухлислари ҳам тарк этаётгандек. Молиявий муаммолар остида қолган “қалдирғочлар”нинг “Қизилқум”дан енгилган ўйинини 251 ишқибоз аренадан кузатди. Бир сўз билан айтганда “Бунёдкор” осмонида қора булутлар.
Қуйида Суперлиганинг ушбу турига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан танишинг (мухлислар сони ПФЛ сайтидан олинди):
“Навбаҳор” – “Динамо” 3:1. 7891 томошабин
“Сўғдиёна” – “Нефтчи” 1:2. 1810 томошабин
“Насаф” – “Олимпик” 2:0. 1154 томошабин
ОКМК – “Андижон” 0:0. 890 томошабин
“Локомотив” – “Металлург” 2:2. 812 томошабин
“Сурхон” – “Пахтакор” 0:3. 689 томошабин
“Бунёдкор” – “Қизилқум” 1:3. 251 томошабин
Фикрлар