Спортчи соғлиги учун қайғурган МОҚ нишонда қолди, аммо улар ҳам беайб эмас!
Бир неча дақиқалардан кейин Токио олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Ушбу маросимда Баҳодир Жалолов ҳамда Нигора Турсунқулова Ўзбекистон байроғини баланд кўтарган ҳолда майдон бўйлаб юриб ўтади. Бироз аввал тасдиқланган ушбу қарор кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Тўғри, улар ҳақ. Чувоситина ҳар қанақасига муносиб эди. Бироқ сиз ҳам бор ғазабингизни тўплаб МОҚ биноси томон югуришга, спорт раҳбарлари номига ҳақоратлар ёғдиришга шошилманг! Бир пиёла сув ичиб олинг ва энг муҳими, тафаккур қилинг! Асл муаммо қаерда?
Олимпия қўмитаси берган баёнотда спортчиларимизни толиқтирмаслик сабаб қилиб кўрсатилган. Бунинг нимаси нотўғри?! Хабарда айтилганидек, очилиш маросими бир неча соат давом этади ва бу ҳолат эрта-индин курашга киришадиган вакилларимиз учун минусга ишлаши табиий. Спорт билан шуғулланганлар тикланиш жараёни маълум вақт олишини яхши тушунади.
Бироқ МОҚ вазиятдан беайб чиқиб кетиши мумкин эмас. Боиси, қўмита қўлида спортчиларимизнинг ўз юришини қачон бошлаши ҳақида маълумот бор эди. Байроқдорлар тўғрисидаги қарор шунга асосланган ҳолда қабул қилиниши, муносиб бўлган номзодларга сабаб изоҳланиши лозим эди. Оксананинг ўзи ҳам бу ҳақда айтиб ўтди: “Тушунтириб беришса бўлгани эди, биз ҳаммамиз инсонмиз ва ҳамма нарсани тушунамиз”. Мана бу ерда Олимпия қўмитасининг айби кўзга кўринади.
Ўзбек спорти афсонаси Чусовитина интервьюсида “Мотивацияни ўлдиришди”, деди. Дарҳақиқат, энди унинг ҳаракатларида бироз иштиёқсизлик кўриниши эҳтимолдан ҳоли эмас. Лекин бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдириш нотўғри. Оксана ҳақиқий профессионал. Ишонамизки, у барчасини муносиб иштирок ва олтин медаль билан исботлайди. Ҳозир бирлашадиган пайт!
Жавоҳир Азимов
Фикрлар
Мен шу жойда корупцион ҳаракатлар бор деб ўйлайман. Қайсидир бир Каттакон шуни хохлади шекилли. Ўзгаришлар шунинг учун бўлди деб ўйлайман. Шунақа иллатлардан қутилсак яхши бўлар эди. Бунақа беқарорликлар кишини ранжитади албатта...