SPORTS.uz талқини бўйича Coca Cola Суперлига 10-тур рамзий терма жамоаси
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб қолдирилган Суперлига беллашувлари 14-августдан эътиборан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ўйингоҳларда марказлашган ҳолда давом эттирилмоқда. Кеча бўлиб ўтган “Сурхон” - “Навбаҳор” учрашуви билан 10-тур баҳслари поёнига етди. Сайтимиз талқини бўйича ушбу турда энг яхши ҳаракат қилган футболчиларни рамзий терма жамоага йиғишга ҳаракат қилдик.
Дарвозабон: Элдор Адҳамов (“Андижон”)
ПФЛ расмий саҳифалари “Машъал” - “Андижон” учрашувининг энг яхши футболчиси сифатида Раҳимжон Давроновни танлаган бўлса-да, аслида бекободликлар дарвозаси бирор-бир ўта хавфли зарба билан нишонга олинмади. Водийликлар сафида ушбу учрашувда дебют амалга оширган Адҳамовни эса рақиб ҳужумчилари тез-тез безовта қилиб туришди. Айниқса, “Машъал”нинг нигериялик ҳужумчиси Ифеанйи Элдордан роса хафа бўлган бўлса керак.
Ҳимоячи: Владимир Козак
“Пахтакор” жиддий рақибга қарши учрашувни анча хотиржам ўтказди. Ҳа, қўқонликлар таркибида бир нечта етакчилар турли сабаблар билан ушбу баҳсда иштирок эта олмади. Футбол ихлосмандлари ушбу мавсум тўпурарлари Мурод Холмуҳаммедов ва Драган Чераннинг ўзаро тўқнашувини кўришни истаган эдилар.
Козак ўйинни тўлиқ ўтказди ва Сергеевнинг иккинчи голига ассист амалга оширди. Ўша вазиятда тўпга ўз вақтида ташланиб олиб қўймаганида “Қўқон-1912” хавфли қарши ҳужумга ўтиб кетиши ҳам мумкин эди. Демакки, ушбу ҳаракатнинг қиймати икки баробар ошиб кетмоқда.
Владимир ўйинни марказда бошлаб, иккинчи таймда Арвеладзе томонидан чап қанотга қўйилди. Шу сабабдан, уни бироз чапроққа жойдаштиришга қарор қилдик.
Ҳимоячи: Сардор Раҳмонов (АГМК)
“Локомотив”нинг голи билан бошланган учрашув якунда олмалиқликлар учун хайрли якунланди. Бунга ҳимояда ажойиб ҳаракат қилган Раҳмоновнинг катта меҳнати сингди. У камида 3 та вазиятда ҳимояни “тозалади”. Стандарт вазиятларда ҳам бир неча бор рақиб дарвозасига зарба йўллашга эришди.
Ҳимоячи: Даврон Ҳошимов (“Навбаҳор”)
Дебютлар анча омадли кечмоқда. Ушбу турдан эътиборан наманганликлар шарафини ҳимоя қила бошлаган Даврон Ҳошимов ўнг қанотда ажойиб ҳаракатлари билан ажралиб турди. Лотераль қанот ҳимоячи вазифасини аъло даражада бажаришдан ташқари, рақиб ҳужумларини йўққа чиқаришда анча кучли ўйин кўрсатди. Бир вазиятда у рақибнинг бўш дарвозага тепган тўпини чизиқ устидан қайтариб қолди. Ушбу вазият гол билан якунланганда, “Навбаҳор” мағлуб бўлиши ҳам мумкин эди.
Сабаби, лочинлар баҳс сўнгида 1 киши кам бўлиб қолишди.
Марказий ярим ҳимоячи: Ойбек Бозоров (“Насаф”)
“Аждарлар” ғоридан топилган яна бир “жавоҳир” Суперлига ўйинларининг янада ёрқин ўтишига ёрдам бермоқда. У “Сўғдиёна”га қарши ўйинда ҳар ерда ҳозир-у нозир бўлиб турди. “Насаф”нинг комбинацион ўйини барча мухлисларга бирдек ёқмоқда. Марко Станоевич, Шароф Муҳитдинов ва албатта, Ойбек Бозоров мана шу томошабоп футболнинг асосини ташкил этади. Ойбекнинг бир нечта зарбалари тур роликларини безашга лойиқ траекторияларни ҳосил қилди. Жиззахлик икки футболчининг ўртасидан Абдихолиқовга узатилган тўпга эса гап йўқ. Гол ундан ҳам чиройли бўлди, бу ҳақида кейинроқ…
Марказий ярим ҳимоячи: Нурилло Тўхтасинов (“Бунёдкор”)
Нуриллони на турнинг энг яхши ўйинчиси унвони, на рамзий терма жамоалар қизиқтиради. Муҳими, у отасига берган ваъдасининг устидан икки маротаба чиқа олди. Биринчи гол эса шунчаки шедевр. Дарвозанинг олис бурчагига тўпнинг бу қадар моҳирона ташлаб қўйилишини ҳар турда ҳам кўравермаймиз.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Шерзод Каримов (“Сурхон”)
Воҳаликлар биринчи бўлимдан гол ўтказмай чиқиб олгани уларга катта ёрдам берди. Иккинчи таймда бироз темпни оширган “Сурхон” футболчилари бирин-кетин вазиятлар ярата бошладилар. Шерзод Каримов фаоллиги билан ушбу ҳужумларда асосий ролларни ўйнади. Ҳайдаров жамоасининг асосий стандартчиси бурчакдан тўпни тўғри дарвозага тепишини ҳеч ким кутмади. Бироз ўтиб, ҳимоячи ва дарвозабоннинг кулгили хатоси юзага келмаганда, Каримовнинг голи жамоасига ғалаба келтириши мумкин эди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Мурод Тошматов (АГМК)
Учрашув қаҳрамони бўлиш учун асосий таркибда майдонга тушиш шарт эмаслигини Тошматов барчага кўрсатиб қўйди. Чемпионлик пойгасида қоқилишига бир баҳя қолган олмалиқликларни 29 ёшли футболчининг икки ассисти қутқариб қолди. Майдондаги дақиқаларига нисбатан унинг фойдали иш коеффициенти анча юқори бўлди.
Чап қанот ҳужумчиси: Жалолиддин Машарипов (“Пахтакор”)
Ҳимоявий ва жанговар футболнинг устаси ҳисобланган қўқонликларга қарши ҳар қандай ҳужум қийналади. Уларга қарши ўйинда узоқ масофага дриблинг амалга ошириш анча қийин. Аммо Машарипов жамоаси гол уриб олгандан кейин анча фаол тўп назоратини амалга оширди. Кези келса, унинг тўп билан амалга оширган хатти-ҳаракатлари мағлуб бўлаётган “Қўқон-1912” ҳимоячиларини асабийлашишга мажбур этди. Аброр Исмоиловга узатган ассистидан сўнг урилган гол ўйинни тошкентликлар фойдасига ҳал бўлишига катта ҳисса қўшди. Сабаби, учрашув якуни аввалида Бахтиёр Ашурматов шогирдлари фаолликни ошириб, ҳисобни қисқартиришга ҳам эришди.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Бобир Абдихолиқов (“Насаф”)
Бобир бир нечта голсиз ва таъбир жоиз бўлса, омадсиз учрашувлардан сўнг ўзига келгандек. Буни унинг ўта хотиржамлик ва совуққонлик билан амалга оширган финти ва зарбасидан кўра олишимиз мумкин. Абдихолиқов ҳали ёш ва фаолияти олдинда. Ўз устида кўп ишлаган ва шундай ишонч билан ҳаракат қилишда давом этган тақдирда, “аждарлар”ни юқори марраларга олиб чиқа олади.
Марказий ҳужумчи: Игорь Сергеев (“Пахтакор”)
Сергеевнинг “Қўқон-1912”га қарши учрашувдаги ҳаракатларини оддий тушунтириш мумкин: у ҳақиқий ҳужумчилардек ҳаракат қилди ва вазиятларидан 100 фоиз фойдаланди. Унинг керакли пайтда керакли жойда пайдо бўлганини ҳам эътироф этиш жоиз. Игорнинг совуққонлиги “Пахтакор”га чемпионлик пойгасида муҳим очколарни келтирди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар