SPORTS.uz талқини бўйича Coca Cola Суперлига 11-тур рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Игнатий Нестеров

Ушбу тур миллий чемпионатимиз тарихидаги энг сермаҳсулларидан бири бўлди. Шу жиҳатдан, дарвозабон масаласида бироз қийинчиликка дуч келдик. Тажрибали посбон ушбу турда сэйвлари билан эмас, Алишер Саноевга узатган голли паси билан эсда қолди. Дарвозабонларга аталмаган турдан Нестеров унумлироқ фойдаланишга ҳаракат қилди. 

Нестеров

Чап қанот ҳимоячиси: Иброҳимхалил Йўлдошев

Турнинг энг сермаҳсул ўйинида чап қанот ҳимоячиси, айниқса, кўпроқ кўзга ташланиб турди. Унинг жиззахликлар жарима майдончаси ичига қўрқмай амалга оширган рейдлари хавфли кўриниш олди. Шундай тезлик билан ёриб киришларнинг бири Лутфулла Тўраевнинг голи билан якунланди. 

Йўлдошев

Марказий ҳимоячи: Владислав Касминин

“Металлург” Суперлиганинг ўз ўрнига эга, шиддатли жамоаларидан бири. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бекободликлар бош мураббийи Андрей Шипилов куюнганча, жамоанинг ўз ўйинини намойиш этмаётганини гапириб берди. Аммо рақиб факторини ҳам унутмаслик керак. Трансферлар ойнасининг энг фаол жамоаларидан бири бўлиб турган навоийликлар ҳимояси Касминин бошчилигида ўта ишончли ҳаракат қилди. ЎзПФЛ расмий “Телеграм” саҳифаси уни учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб эълон қилгани ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Иккинчи таймда “Қизилқум” асосий эътиборни ҳимояга қаратишга мажбур бўлди. Жамоа етакчиси Алишер Саноевнинг кутилмаганда жароҳат олиши бунга сабаб бўлди, десак адашмаймиз. 

Касминин

Марказий ҳимоячи: Егор Кримец

Ҳар қандай мусобақа, ҳар қандай ҳолатда ҳам исталган жамоа “Насаф” билан ҳисоблашишга мажбур. Жамоа доим ўз принципларига эгалиги билан миллий чемпионатимизга файз киритиб туради. “Пахтакор” ҳимоячилари яхши ҳаракатлари орқали “аждарлар”нинг ҳужумларини қайтариб қолмаганида ҳисоб бироз бошқача кўриниш олиши мумкин эди. Яъни, натижа 4-1 бўлишига қарамай, “Насаф” бир дақиқа бўлсин ортга чекинмади ва балки шунинг учун ҳам ўз дарвозасидан шунча тўп олиб чиқди. Кенжабоев ва Абдихолиқовдек тезкор ҳужумчиларни тўхтатиб қолиш ҳимоя чизиғидан улкан ҳажмдаги меҳнатни талаб қилади. Аъзамов ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда автогол муаллифига айланиб қолди. Кримец эса ўша куни деярли тоза ўйнади.

Кримец

Ўнг қанот ҳимоячиси: Акмал Шораҳмедов

АГМКнинг мағлубиятсиз серияси давом этмоқда. Жамоа чемпионлик учун “Пахтакор” билан жиддий курашга киришган. Гўёки, Суперлига бир дунё, уларнинг кураши бошқа дунёдек. 11-турда бирор марта мағлубиятга учрамаган жамоа бирор ғалабани қўлга кирита билмаган клубга қарши ўйнаши лозим эди. Улар ўз анъаналарини давом эттиришди. Дастлаб, “Андижон” пенальтидан гол уриб олгач, барча мана шу ўйинда водийликлар ғалаба қозонишига сал бўлса ҳам ишона бошлади. Жарима майдони ичидаги пала-партиш ҳолатда ҳимояга ёрдамга келган Арсланмират Омонов рақибига нисбатан қўполлик ишлатди. Ушбу вазиятдан ташқари Шораҳмедов бошлиқ олмалиқликлар ҳимояси хатога йўл қўймади. 

Шораҳмедов

Марказий ярим ҳимоячи: Нурилло Тўхтасинов 

“Бунёдкор”ни ўтган мавсумдаги “Аякс”га ўхшатиш мумкин. Ҳар битта чизиқда биттагина ветеран, тажрибали футболчи бор. Қолган барчаси ёш ва кучга тўлган йигитлар. Ўша ёшлар орасида ҳам етакчилар сараланиб бораётгандек: Қобилов, Қодирқулов, Тўхтасинов… Нурилло кетма-кет муҳим баҳсларда гол уриб келмоқда. Бир матбуот анжуманида Вадим Карленович жамоасини “Манчестер Сити”га қиёслаганди. Дарҳақиқат, бугун “қалдирғочлар” жуда кўп пасларга асосланган, комбинацион футбол намойиш этмоқда. Тўхтасинов эса доим мана шу узатмалар марказида. 

Тўхтасинов

Чап қанот вингери: Жасур Ҳасанов

“Бунёдкор”га қарши учрашувда тажрибали Ҳасанов тиним билмади. Жиззахликларнинг асосий стандартчиси ўйин давомида жарима майдонига бир нечта хавфли узатмалар амалга оширди. Иккита голли пас муаллифига айланган Ҳасановни рамзий терма жамоамизга киритмаслигимиз мумкин эмасди. Григалашвили бизни кечиради, деб умид қиламиз.

Жасур Ҳасанов

Ўнг қанот вингери: Муҳаммаданас Ҳасанов

Қўқонликлар қийин ғалабага эришди. Ҳужумлар бир маромда бўлиб турганига қарамай, янги мураббий билан ишлай бошлаган “темирйўлчилар” ҳимояда анча вақтгача яхши ҳаракат қилишди. Қайсидир маънода, баъзи вазиятларда омад ҳам юз ўгирди. Аммо учрашув якунига яқин вазият буткул ўзгариб кетди. Муҳаммаданаснинг голи эса жамоасига ғалаба келтирди. Аслида, жаримадан узатилган яхши бир пас ҳимоячи ва ҳужумчиларнинг улгурмаслиги натижасида дарвозадан жой олди. 

Муҳаммаданас Ҳасанов

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Драган Черан

Сербиялик футболчи принципиал ўйинда собиқ жамоасини аяб ўтирмади. Хет-трикни бироз аввал нишонлаши ҳам мумкин эди. Аммо у учрашув давомида яхши ҳаракат қилган Сергеевга тўпни топширди. Бу ҳақида кейинроқ. Бироз ўтиб рекашет орқали Неъматов дарвозасига учинчи голини ҳам киритди. 

Тўпурарлар рейтингида у яна анчага олдинлаб кетди. Унга энг яқин футболчи “Қўқон-1912” ҳимоячиси Мурод Холмуҳаммедов.

Черан

Марказий ҳужумчи: Шоҳруз Норхонов

Сўнгги пайтлардаги сермаҳсул ўйини унинг терма жамоага номзод футболчига айлантириб қўйди. “Бунёдкор”га қарши учрашувда ҳам Норхонов ҳужумчиларга хос совуққонлик ва аниқлик эвазига иккита тўпни рақиб постига йўллашга эришди. Шу орқали, жиззахликлар муқаррар мағлубиятдан қутилиб қолишга эришди. 

норхонов

Марказий ҳужумчи: Игорь Сергеев

“Насаф”ни бу каби катта ҳисобда енгган жамоадан бир нечта футболчи рамзий терма жамоага кириши табиий ҳол. Сергеев голгача бўлган вазиятда ҳам фаоллиги билан ажралиб турди. Пенальти ишлаган вазиятидаги моҳирона ҳаракатлари эса таҳсинга сазовор. Бир неча бора Абдувоҳид Неъматов дарвозасига ноқулай вазиятда турганига қарамай, зарба йўллашга муваффақ бўлди. 

Черан унга пенальтидан гол уриш имконини бериб тўғри қилди, назаримда.

сергеев_1

superliga (2)

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Бахтиер Бобоев
23/08/2020 19:27
Егор Кримес умуман нолойик. Факат котла бузиш б.н банд.
Javlon Abdullaev
23/08/2020 18:15
Mashalni uyinchilari qani