SPORTS.uz талқини бўйича Миллатлар Лигасида ҳафта рамзий терма жамоаси

Ушбу ҳафта давомида бўлиб ўтган навбатдан ташқари терма жамоалар йиғини доирасида УЕФА Миллатлар Лигасининг 3-4-тур баҳслари ўтказилди. Одатга кўра, иккита тур якунлари бўйича рамзий терма жамоани эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Мураббий: Каспер Хюлманн (Дания)

Ушбу мавсумдан Дания бош мураббийлигини қўлга олган Каспер Хюлманнинг эришган ютуқлари мақташга арзигулик эмас. “Норшеллан” билан Дания чемпионлигини қўлга киритганидан сўнг, бошқа титул ютишга муваффақ бўла олмади. 

Миллий терма жамоанинг унга ишониб топширилишида ҳам кўпроқ вазият тақозоси бош фактор бўлди. Сабаби, бош мураббийсиз қолган жамоани ҳеч ким Европа Чемпионатига бошлаб бориб, мағлубиятга учраб қайтишни хоҳламайди. 

Исландия ва Англия устидан қозонилган ғалабалар Хюлманнга нисбатан ишончимизни яна бир поғона кўтарди.

photo_2020-10-15_16-31-08

Дарвозабон: Руи Патрисиу (Португалия)

2 та ўйинда қуруқ ўйин намойиш этган дарвозабонни А лига баҳсларидан топиш қийин. Дания посбони Каспер Шмейхелда ҳам Патрисиуники билан бир хил кўрсаткич. Аммо “Вулверхэмптон” аъзосининг жамоаси натижаларига қўшган ҳиссаси салмоқлироқдек кўринди. Ҳар икки ўйинда учтадан сейвни ўз ҳисобига ёздириб қўйган Патрисиу бизнингча жорий терма жамоалар йиғинининг энг яхши кипери.

photo_2020-10-15_16-31-08 (2)

Чап қанот ҳимоячиси: Роберт Сков (Дания)

Дания сўнгги иккита турдаги ғалаба орқали нафақат А лигада қолиш масаласини ҳал қилди. Балки, плей-офф йўлланмалари учун ҳам кураша бошлади. Энди у Англия билан бирга гуруҳ пешқадами бўлиб турган “қизил иблислар”ни таъқиб қилмоқда.

“Қуруқ ўйин”ларда ҳиссадор бўлиши билан бирга Сков ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишга ҳам муваффақ бўлди. 

photo_2020-10-15_16-31-09

Марказий ҳимоячи: Леонардо Бонуччи (Италия)

Италия ҳар иккала ўйинда ҳам дуранг ўйнади ва уларни очко йўқотди, деб айтсак хато бўлмайди. Ҳимоя ўз вазифасини аъло даражада уддалади. Ван де Бек гол урган вазиятда “мовий эскадра” мудофааси вакиллари янада хавфлироқ вазиятни бартараф этишганди. Аммо такрорий зарбани тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади. 

Гол ўтказиб юбориш футболдаги доимий процесс. Агар ҳужумдагилар ўз вақтида гол уриб турса, ўтказиб юборилган биргина гол ғалабага тўсиқ бўла олмасди. 

Бонуччи “Скуадро адзуро”нинг ветеран ҳимоячиларидан бири саналади. У ҳар икки учрашувда иштирок этиб, ўз даражасида ўйин намойиш эта олди. 

42a67-Bonuchchi

Марказий ҳимоячи: Рубен Диаш (Португалия)

Португалияликлар марказий ҳимоячиси, айниқса, Францияга қарши беллашувда эътиборимни тортди. Ёш бўлишига қарамай, ҳимоя етакчиси бажариши лозим бўлган барча ишларни оғишмай амалга оширмоқда. 

Гвардиола ўзи излаган ишончли фулбекни Диашда топса ажаб эмас. 

photo_2020-10-15_16-31-09 (2)

Ўнг қанот ҳимоячиси: Жоау Канселу (Португалия)

Футболда шундай типдаги ўйинчиларни кўп учратганмиз: улар клуб сафида бошқача, терма жамоада эса умуман бошқача футбол намойиш этишади. Канселу ўз ватани учун бошқачароқ жон куйдириб ҳаракат қиладими, ёки бошқа сабаб - “Манчестер Сити”дагидан кучлироқ ҳаракат қилаётгандек туюлади. Швецияга қарши кечган учрашувда у яна бир ажойиб голли узатмани амалга оширди.

photo_2020-10-15_16-31-09 (3)

Марказий ярим ҳимоячи: Никола Влашич (Хорватия)

Ўрни бўлмаса ҳам айтиб ўтаман, Влашич Москва дербисида Остон Ўрунов томонидан ажойиб тарзда алдаб ўтилиши орқали ёдимда қолган. “Армиячилар” етакчиси Россия Премьер-лигасининг энг яхши легионерлари сафига киради. 

Хорватиянинг жорий ҳафта Миллатлар Лигасида ўтказган иккала ўйинида ҳам Влашич гол уришга эришди. Льорис дарвозасини ишғол этиши эса шу қадар ажойиб тарзда амалга оширилдики, ҳатто тажрибали посбон тўп йўналишини аниқлай олмади. 

photo_2020-10-15_16-31-09 (4)

Марказий ярим ҳимоячи: Уильям Карвалью (Португалия)

Португаллар рамзий терма жамоамиздан кўп жой олиши одат тусига кириб қолиб улгурди. Чунки, ушбу терма жамоа Миллатлар Лигасида бошқача иштиёқ ва интилиш билан ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир позициядаги футболчи ўз ишини аъло даражада бажармоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳам рамзий жамоамиздан ўрин олишга ҳақли. Биз энг муносибларинигина танлашимиз лозим.

photo_2020-10-15_16-31-10

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Кристиан Эриксен (Дания)

Фаолияти чиройли якун топмаётганлар футболда етарлича. Касорла, Ўзил, Санчес ва ҳоказо. Улар қайсидир нуқтада жамоаларини алмаштиришда нотўғри қарор қабул қилишади. Эриксен билан ҳам шундай ҳолат содир бўлмаслигини чин дилдан истардим. У “Тоттенхэм”дан можаролар билан кетди. Триппьер билан ҳам шундай ҳолат юзага келди. Ҳа, “шпорлар” раҳбариятининг куракда турмайдиган сиёсати ҳақида кўплаб гаплар юради. Аммо бошқа жамоага ўтиш мақсадидаги Эриксен бироз шошди. “Интер” унинг ижодкорлик қобилиятига имкон яратиб берадиган клуб эмасди. 

Даниядаги қувноқ футболчини клубда кўрмаяпмиз. Мана у терма жамоаси ғалабасига яна голлари билан ҳисса қўшишда давом этмоқда. “Интер”даги фаолияти эса сўроқ остида.

photo_2020-10-15_16-31-10 (2)

Чап қанот ҳужумчиси: Киллиан Мбаппе (Франция)

Роналдуга қарши тўқнаш келишни неча йиллаб кутган Мбаппе орзуси ушалган кунда кумиридан яхшироқ ҳаракат қила олди. Чап қанотдан уюштирган рейдлари сўнгги палладагина тўхтатиб қолинди. 

Хорватияга қарши ўйинда эса керакли пайтда, керакли жойда пайдо бўлиши натижасида гол уриб кетди. У тобора юқорига қараб интилмоқда. Аммо Роналду даражасига етиши учун узоқ йиллик меҳнат ва Мессига ўхшаган рақобатчи керак. 

photo_2020-10-15_16-31-11

Ўнг қанот ҳужумчиси: Диогу Жота (Португалия)

Рамзий терма жамоамиздаги сўнгги португалиялик. Швецияга қарши беллашувда у дубль муаллифига айланди. Роналдунинг коронавирусга чалингани боис кичик қийинчиликларга учраши тахмин қилинган Сантуш шогирдлари, аксинча, икки баробар куч билан олдинга ташланишди.

Жота “Ливерпуль”да ўз ўрнини топа билишига ишонч уйғотмоқда. Клопп етакчилари йўқ бўлган пайтда унга суяниши мумкинлигини ҳам ўзи учун қайд қилиб қўйган бўлса керак.

photo_2020-10-15_16-31-11 (2)

Марказий ҳужумчи: Ромелу Лукаку (Бельгия)

Лукаку ўзи ёқтирган футболни намойиш этишда давом этмоқда. Яқин ойлар ичида бельгиялик форварддан супер сермаҳсуллик кўрмоқдамиз. Сўнгги иккита ўйинда 3 маротаба рақиб посбонларини ранжита олди. 

Англияга қарши ўйиндаги рейди ва ишлаб олган пенальтиси эса шунчаки таҳсинга сазовор. 

photo_2020-10-15_16-31-12

photo_2020-10-15_14-43-06

Миллатлар Лигаси 3-4-турларида порлаган футболчиларни бир жамоа остида бирлаштиришга ҳаракат қилдик. Шу билан терма жамоалар футболи бизни яна бир ойга тарк этмоқда. Ноябрь ойида бўлиб ўтадиган ФИФА кунлари доирасида ушбу мусобақанинг ҳал қилувчи сўнгги турлари бўлиб ўтади. Унгача эса футболчилар клублари ихтиёрига йўл олиб, қизғин мавсумни давом эттиради.

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!