SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига 1-тур рамзий терма жамоаси

Бош мураббий: Питер Хюистра (“Пахтакор”) 

Суперлига жорий мавсумининг дастлабки турини том маънода безаб берган учрашув Қаршида бўлиб ўтди. “Насаф” ғалабаси чемпионат интригаси нуқтаи назаридан, анча қизиқарли бўлиши мумкин эди. Бироқ, якунда “шерлар” ирода кўрсатди. Хюистра жамоасидаги курашувчанлик ҳисси бу ўйинни тарихий баҳсга айлантирди. 

Мураббийнинг ўзгаришлардаги топқирлиги учрашув картинасининг ўзгариб кетишига сабаб бўлди. Биз бироз олдинлаб айтишимиз мумкинки, марказий ўйинда ғалаба қозонган “Пахтакор”дан кўпроқ футболчини рамзий жамоамизга киритсак, адолатдан бўларди. Бироқ, ҳеч бир футболчи ярқ этиб кўринмади ҳамда ҳеч қайсиси ўз позициясида 90 дақиқалик барқарор футбол намойиш этмади. Шу сабабли, улар ўрнини ҳам клуб мураббийи билан тўлдиришга ҳаракат қилдик.

photo_2021-03-11_00-36-20

Дарвозабон: Ширинбой Абдуллаев (“Сўғдиёна”)

Жиззахликлар постига “Навбаҳор”нинг йўл тополмай қолиши шунчаки омадга қараб қолган иш эмасди. Ширинбой Абдуллаев дарвозаси Панчшанбе, Аҳмедов ва Соловьёв каби футболчилар томонидан тинимсиз ўққа тутиб турилди. Бақоев жамоасининг Намангандан 3 очко билан қайтишида ушбу посбоннинг хизматлари беқиёс.

IMG_5804

Чап қанот ҳимоячиси: Мурод Тошматов (АГМК)

АГМКнинг “Локомотив”га қарши бўлиб ўтадиган беллашуви бошқа турларда энг марказий мақомини ҳеч кимга бермаслиги мумкин эди. Аммо ушбу тур ўзбек “класико”си ҳам бор эди. Шу боисдан, ушбу қарама-қаршилик 2-планга ўтиб қолди. 

Аслида, очилиш кунида бўлиб ўтган баҳс ўз номига хос ва мос тарзда кечди. Янгиланган ўзбек грандларининг ҳар иккиси ғалабага ҳақли ўйин намойиш этди. Аммо якунда тажрибали Қосимов португалиялик ҳамкасбидан устун келди. 

Бунга учрашув аввалида киритилган тезкор гол ҳам катта таъсир кўрсатди. Мурод Тошматов эса, мана шу голга ассистентлик вазифасини қойилмақом тарзда бажарди. Қолган вақт давомида ҳам чап қанот бўйлаб тўлиқ етакчиликни намойиш этди. 

IMG_0264

Марказий ҳимоячи: Марко Колакович (“Сўғдиёна”)

Колакович бошлиқ ҳимояни мукаммал ўйин ўтказди, дея олмаймиз. Боиси, “лочинлар”нинг жуда кўплаб ҳужумлари якуний зарбагача етиб борди. Аммо уларнинг аксарияти жарима майдони ташқарисидан берилди. Бу мудофаадагиларнинг ўта тартибли ҳаракат қилиши ортидан келадиган нарса. 

Шунингдек, сербиялик футболчи жиззахикларнинг стандартлар вақтидаги асосий қуроли ҳисобланади. Жорий турда унинг жамоаси “қуруқ ўйин” ўтказишга муваффақ бўлди. 

IMG_5696

Марказий ҳимоячи: Давронжон Эргашев (“Бунёдкор”)

“Қалдирғочлар”нинг тожикистонлик ҳимоячиси “Машъал”га қарши ўйинда ҳимоя марказида анча ишончли ҳаракат қилди. Муртозоев Суперлигамиздаги энг меҳнаткаш ҳужумчилардан бири ҳисобланади. Уни тўхтатиб қолишда ва жамоанинг қолган футболчиларини зарарсизлантиришда Эргашевнинг ҳаракатлари беназир бўлди. 

Мутлақо ёпиқ муҳитда ўтган “Бунёдкор” - “Машъал” учрашувининг мезбонлар фойдасига ҳал бўлгани ҳам ҳимоячининг хизмати қийматини ошириб беради. 

IMG_0027

Ўнг қанот ҳимоячиси: Мурод Холмуҳаммедов (“Қўқон-1912”)

Қўқонликлар сардори Мурод Холмуҳаммедов дерби доирасида ўз жамоасига ғалаба келтирган мураккаб голга муаллифлик қилди. Ҳа, бу ерда дарвозабон ва жонли девордагиларнинг ҳам хатоси сабаб тўп дарвоза тўридан жой олди. Бироқ, ушбу ҳимоячи ижросида биринчи бор бу каби голларни кўрмаяпмиз-ку, тўғрими?! Янги мавсумда ҳам “шунқорлар”нинг бор кучи Холмуҳаммедовнинг жарима зарбаларида жамланади, чоғи. 

IMG_6247

Марказий ярим ҳимоячи: Жасур Ёқубов (“Сурхон”)

Биринчи турда бирор бир ўйинда дуранг натижа қайд этилмади. Кучлар тенг келиши керак бўлган учрашувлар қаторида “Сурхон” - “Металлург” баҳси ҳам бор. Ўйин давомида тенгма-тенг баҳс юритган жамоаларнинг тўқнашувида Жасур Ёқубовнинг 90-дақиқадаги гол мувозанатни бузди. Акс ҳолда, иккала жамоа ҳам 1 очкодан бўлишиб олишни мўлжаллай бошлаган ва аллақачон олдиндаги беллашувларга руҳан тайёрланаётган эди. Ягона гол муаллифи сифатида уни рамзий жамоамизга киритишга қарор қилдик. 

photo_2021-03-11_18-27-41

Марказий ярим ҳимоячи: Сардор Собирхўжаев (“Пахтакор”)

Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Пахтакор” сафидан рамзий терма жамоадан ўрин олишга лойиқ футболчи топишга анча қийналдик. Сабаби, барча футболчилар 70 дақиқа деярли кўринмаганди. Иккинчи тайм экваторидаги ўзгаришлар таъсирида натижа тошкентликлар томонига оғди. 

Аслида, бу жойга Санжар Қодирқуловни ҳам қўйиш режамиз бор эди. Бироқ, “шерлар” мухлисларининг ҳақли эътирозларининг олдини олдик. Ўша куни Собирхўжаев амалдаги чемпионлар сафида энг узоқ муддат яхши ҳаракат қилган футболчи бўлди. 

IMG_5248

Марказий ярим ҳимоячи: Ойбек Қиличев (“Қизилқум”)

Ҳамиджон Актамов “Қизилқум”да қураётган жамоасининг асосини айнан Қиличев устида шакллантирмоқда. Жамоада у том маънодаги етакчи. “Андижон”га қарши қийин беллашувда ҳам унинг ягона голи навоийликларга ғалаба келтирди. Ўйиннинг қолган қисмида ҳам Ойбекнинг бир қатор хавфли зарбаларига гувоҳ бўлдик. 

photo_2021-03-11_20-26-09

Марказий ярим ҳимоячи: Шоҳмалик Комилов (“Насаф”)

“Насаф” академиясининг навбатдаги иқтидорли тарбияланувчиси жамоада янги кўриниш бераётган ёшлар ҳам аввалгиларидан қолишмаслигини кўрсатиб қўйди. Ҳужумга анча яқинроқ ҳаракат қилган Комилов илк турдаёқ “Пахтакор” дарвозасини ишғол этди. Шокир Йўлдошев киритган иккинчи голда ҳам Комилов иштирокини кичик ҳажмда бўлса ҳам, кўришимиз мумкин. 

Ҳа, унинг ўрнига Ойбек Бозоров вариантини ҳам ўйлаб кўришимиз мумкин эди. Аммо голлардаги иштирок учун Шоҳмаликни танладик ва у бутун бошли “Насаф” жамоаси номидан рамзий жамоамизга кирди. Зеро, қаршиликлар мағлубиятга лойиқ футбол намойиш этмадилар. 

photo_2021-03-10_20-46-49

Марказий ҳужумчи: Элвин Фортес (АГМК)

Нидерландиялик футболчининг хариди биринчи турга қараб фикр билдирадиган бўлсак, омадли чиқди. Аммо олдинда бутун бир мавсум кутиб турибди ва хулоса қилишга шошмай турамиз. 

“Локомотив”га қарши ўйиндаги илк голни уришидан ташқари Фортес 90 дақиқа мобайнида ўз қанотида “темирйўлчилар” ҳимоячиларини яхшигина тер тўкишга мажбур этди. ОКМК стадионига йиғилган мухлислар бир неча маротаба унинг чиройли ҳаракатларини олқишлаб, қарсак чалдилар. 

IMG_0314

Марказий ҳужумчи: Иброҳим Томива (“Бунёдкор”)

Африкалик футболчи “Машъал”га қарши кечган баҳсда анча фаол ҳаракат қилди. “Қалдирғочлар”нинг узил-кесил бошқарувга эга бўлмаган мураббийи унинг ҳужум марказида тўп кутишини тўғри, деб билди. Гбадамоси буни аъло даражада бажарди ва иккинчи тайм аввалида рақиб жарима майдонига узатилган тўпга ўз вақтида оёқ қўйиб қолишга эришди. Тенг тарзда бўлиб ўтган бундай учрашувларда бир тарафнинг ягона гол эвазига ғолиб келганини бу тур кўп кўрдик. Урган голи жамоасига 3 очко келтирганлар қаторида Томива ҳам бор эди ва биз уни рамзий жамоамизга киритдик. 

IMG_0087

superliga

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!