SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига 20-тур рамзий терма жамоаси
Дарвозабон: Сардор Қобулжонов (“Бухоро”)
Бухороликлар дарвозабони ўтган турда “Насаф”га қарши беллашувда ҳам ўйин қаҳрамонига айланганди. ПФЛ расмий “Телеграм” саҳифаси уни “Man of the match” деб эълон қилди. Кетма-кет 2 турда ушбу унвонга лойиқ кўрилган дарвозабонга рамзий терма жамоамиз постини ишониб топширсак бўлади.
Чап қанот ҳимоячиси: Иброҳим-Ҳалил Йўлдошев (“Бунёдкор”)
Тезлик ва ишонч билан олдинга ташланар экансан, омад ҳам сен тарафда бўлади. “Андижон” дарвозаси томон рейд ва киритилган голни мана шундай таърифлаш ўринлироқ бўларди. Чап қанот ҳимоясида кучли ўйин намойиш этиб келаётган Йўлдошев аллақачон умидли футболчи сифатида терма жамоа йиғинларига жалб қилинмоқда. “Бургутлар”га қарши ўйиндаги каби ҳаракатлари бунга сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас.
Марказий ҳимоячи: Миржалол Жумаев (“Бухоро”)
Жамшид Саидов анча яхши ҳолатдаги ҳимоявий жамоани ташкил қила олди. Аммо бу ўйин услуби унга фақат дуранглар олиб келмоқда. Ҳимоя эпақага келди, энди қарши ҳужум уюштирувчи футболчиларни тайёрлаш керак.
“Металлург” Суперлиганинг катта жамоаси. Жумаев эса ўша куни бекободликлар ҳужумларини бартараф этишда асосий фигура бўлди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Дилшод Саитов (“Насаф”)
“Насаф”нинг ўйини чиққанда нафақат уларнинг ўзи, балки биз мухлислар ҳам футболдан завқлана бошлаймиз. “Аждарлар”да доим яхши футбол менталитети бўлган. Аммо ижрочилар тез-тез бой бериб турилади. Ушбу таркибни сақлаб қола олган тақдирда, “Насаф” келгуси йил халқаро майдонда ҳам анча яхши иштирок этиши мумкин.
Дилшод Саитовнинг ўнг қанотдаги фаолллиги эвазига “Насаф”нинг иккинчи голи киритилди. Турнинг марказий беллашувида қаршиликлар қанот ҳимоячиси Григалашвилини том маънода ёпиб қўя олди.
Таянч ярим ҳимоячиси: Марко Станоевич (“Насаф”)
Суперлигамизни мана шунақа голлар безайди, Суперлигамизни Станоевичнинг зарбалари безайди. “Насаф” футболчисининг олис масофадан берган кучли зарбалари ўша куни АГМК футболчиларини карахт ҳолатга тушириб қўйди.
Легионер футболчининг жарима зарбасидан тепган тўпи кучини теннисдаги ускуна орқали текшириб чиқиш керак.
Марказий ярим ҳимоячи: Жамшид Болтабоев (“Сўғдиёна”)
“Сўғдиёна” ярим ҳимоячиси ҳақида ҳам юқорида Станоевичга ишлатган ибораларимизни ишлата оламиз. У ўйин мобайнида “Навбаҳор” дарвозасини бир қатор “пушка”лар билан нишонга олиб турди. Шундай зарбалардан бири дарвоза устунига тегиб, майдонни тарк этди.
Норхонов билан ажойиб тандем бўлаётган Болтабоевнинг “Сўғдиёна” ғалабаларидаги ўрни катта.
Марказий ярим ҳимоячи: Нурилло Тўхтасинов (“Бунёдкор”)
Тўхтасиновнинг шедевр ўйинлари ва чиройли голлари билан якунланган турларда уни рамзий терма жамоамизга киритиб турардик. Бу гал унинг голлари ва чиройли зарбалари учун эмас, калит узатмалари ҳамда ўйинни кўра олиш қобилиятини ажойиб тарзда намойиш эта олгани учун эътироф этишга қарор қилдик. “Андижон” посбони томонидан ўз дарвозасига киритиб қўйилган тўпга ҳам зарбани айнан Тўхтасинов берганди.
Чап қанот вингери: Жалолиддин Машарипов (“Пахтакор”)
Тошкентликларнинг чемпионлик масаласи тобора ойдинлашиб бормоқда. Ғалабалар жуда осонлик билан қўлга киритилмоқда. Машарипов ҳам тез орада легионерга айланиши кутиляпти. Буни ҳатто ўзи ҳам сабрсизлик билан кутаётгандек. Суперлиганинг энг яхши ассистентларидан бири шу куни гол уришдан ташқари, жамоадошларининг голларига ҳам кўмаклашди.
Ўнг қанот вингери: Муҳаммаданас Ҳасанов (“Қўқон-1912”)
Қўқонликлар ғалабаси яна 2:1 ҳисобида қўлга киритилди. Муҳаммаданас Ҳасанов эса шу куни энг фаол футболчи бўлди. ПФЛ расмий “Телеграм” саҳифаси ҳам уни учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топди.
Майдон бўйлаб эркин ҳаракат қила оладиган футболчини ўнг қанот вингери позициясига жойлаштирдик. Чунки, у асосий фаоллик ва тезликни мана шу қанотда намойиш этади.
Марказий ҳужумчи: Шоҳруз Норхонов (“Сўғдиёна”)
“Сўғдиёна”нинг “Навбаҳор”га қарши ўйинини анча принципиал баҳслар сирасига киритсак бўлади. Суперлиганинг ўз сўзига эга жамоалари ўртасидаги беллашув бизга катта интригали футбол тақдим этди. Мана шу ўйиннинг ғалаба голи муаллифини эса рамзий терма жамоамизга киритмасак бўлмасди.
Марказий ҳужумчи: Игорь Сергеев (“Пахтакор”)
6 та гол киритган жамоа ҳужумидан 1 тагина вакил кам, деб ҳисобладик. Ушбу позицияга “Қизилқум”га қарши ўйинда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолувчи гол муаллифи Темурхўжа Абдухолиқовни эмас, иккинчи таймдагина ўйнаган футболчини киритаётганимизнинг сабаби балки шудир. Аммо Сергеев ўша 45 дақиқани ҳақиқий ҳужумчиларга хос тарзда ўтказди. Голни ҳам юқори маҳорат билан киритди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар