SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига 25-тур рамзий терма жамоаси
Дарвозабон: Валижон Раҳимов (АГМК)
Амалда 2-ўринни бой бериб улгурган олмалиқликларнинг дарвозабони “Навбаҳор”га қарши ўйиннинг том маънодаги қаҳрамонига айлана олди. Тўпга чиқишлардаги аниқлик, бир нечта чиройли сэйвлар туфайли бу турда порлаган Абдувоҳид Неъматов ва Санжар Қувватовдан уни ушбу позицияга муносиброқ кўрдик.
Чап қанот ҳимоячиси: Мирзоҳид Ғофуров (“Навбаҳор”)
25-тур марказий беллашувларга бой бўлди. Аммо биз яна Намангандаги “Марказий” ўйингоҳида бўлиб ўтган учрашувга мурожаат этамиз. Аслида, бу турда чап қанот ҳимояси вакиллари у қадар порламади. Бу тур ушбу позицияда ҳаракат қилганлар орасида Ғофуров энг ёрқини бўлди, назаримизда. Ҳа, унинг жамоаси шунча ҳужум уюштиргани билан ғалабага эриша олмади. Бунинг сабаби хусусида бироз аввал сўз юритдик…
Марказий ҳимоячи: Сардор Раҳмонов (АГМК)
Келинг, “Навбаҳор” - АГМК жамоалари баҳсидан рамзий жамоамизга киритиладиган футболчиларни биратўла тугатиб қўя қолайлик. Раҳмонов марказий ҳимояда ўша куни метин қўрғон вазифасини ўтаб бера олди. Рақиб иккинчи қаватдан узатган тўпларнинг учдан икки қисми айнан Раҳмонов томонидан қайтарилди.
Марказий ҳимоячи: Ҳусниддин Алиқулов (“Насаф”)
Абдувоҳид Неъматовни рамзий жамоага киритиш масаласи ҳамкасбларимиз орасида яхшигина мунозараларга сабаб бўлди. Абдувоҳиднинг якунда рамзий жамоамиздан тушиб қолишига Алиқулов сабаб бўлди. Сабаби, қаршиликлар марказий ҳимоячиси рақиб зарбаларининг катта қисмини Неъматов манзилигача етиб боришига йўл қўймади. Бир неча вазиятларда дарвоза томон йўл олган зарбаларни бошқа йўналишга буриб юборишга ҳам эришди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Мурод Холмуҳаммедов (“Қўқон-1912”)
Ўнг қанот ҳимоясига “водий дербиси”да жамоасига ғалаба тақдим этган гол муаллифи Мурод Холмуҳаммедовни қўйишга қарор қилдик. Ҳа, унинг голи пенальтидан рақиб дарвозасига киритилди. Аммо Холмуҳаммедовнинг қўқонликлар таркибида том маънодаги дирижёр эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Элитада жон сақлаб қолишга бутун вужуди билан ҳаракат қилаётган “Андижон”ни енгиш эса у қадар осон кечмаслиги аниқ эди.
Марказий ярим ҳимоячи: Марко Станоевич (“Насаф”)
Юртимизда жуда кўплаб футбол ихлосмандлари миллий чемпионатимизга жуда паст баҳо беришади. Уларни тўғри тушунишимиз ҳам керак. Якунига етаётган декаданинг маълум бир қисмида чемпионатимиз жозибасини бироз йўқотиб қўйди.
Суперлига даври эса анча яхши савияда ўтмоқда. Станоевичнинг голлари, айниқса, жорий мавсумнинг безаги бўлиб хизмат қилмоқда. Кетма-кет иккинчи турда Тошкент жамоаси дарвозасига гол ураётган футболчини рамзий жамоамизга киритмаслигимиз адолатдан бўлмасди.
Марказий ярим ҳимоячи: Ибе Окоро (“Машъал”)
Африкалик легионерда барқарорлик билан боғлиқ муаммолар бор экан. Аммо мана бундай ўйини чиқиб қолган пайтларда уни кузатиш анча қизиқарли кечади. Ярим ҳимоячига хос хусусиятларни ўзида мужассам этган Окоро “Бухоро”га қарши беллашувда майдондаги энг яхшилардан бири бўлди.
Чап қанот ярим ҳимоячиси: Жамшид Болтабоев (“Сўғдиёна”)
Улуғбек Бақоев шогирдлари ўтган мавсумни халқаро майдон йўлланмалари учун курашиб, сўнгги турда аламли тарзда уни бой берган ҳолда якунлаганди. Ушбу мавсумда эса уларга барқарорлик етишмади. Натижада, улар турнир жадвали экваторида йилни якунламоқдалар.
Жамшид Болтабоев эса мавсумни супер тарзда ўтказмоқда. “Қизилқум”га қарши кечган учрашув ҳам, шулар жумласидан.
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Ойбек Бозоров (“Насаф”)
Қаршиликларнинг ҳеч кимга бермайдиган жавоҳир футболчиси Бозоров “Бунёдкор”га қарши ўйинда ҳам яна ўзини кўп жиҳатдан кўрсата олди. Яна бир мавсум “аждарлар” билан шу темпда ўйнаб, халқаро майдонда ҳам ҳаракат қилган тақдирда, унга ҳам анчагина харидорлар тўпланиб қолиши аниқ.
Миллий чемпионатимиз учун унинг кетиши йўқотиш бўлиши аниқ. Аммо футболимиз учун уларнинг катта чемпионатларга ўтиши ғоят зарур.
Марказий ҳужумчи: Игорь Сергеев (“Пахтакор”)
Шота Арвеладзе шогирдлари фақатгина бир вазиятда чемпионлардек ҳаракат қилишди. Сергеев ўзини гол урилган вазиятда ҳақиқий совуққон ҳужумчилардек тутди. Акс ҳолда, биринчи даврадаги даҳшатли мағлубият сабаб жон-жаҳди билан олдинга ташланган “темирйўлчилар” “шерлар”нинг чемпионлик тантанасини бироз бузиб қўйиши мумкин эди.
Марказий ҳужумчи: Шаҳзод Убайдуллаев (“Металлург”)
“Металлург”нинг етакчи ҳужумчиси анча юқори даражадаги футбол намойиш этиб келмоқда. Андрей Шипилов қўл остида шуғулланиб бораётган Убайдуллаевнинг жисмоний ҳолати ҳавас қиларли даражада. Терма жамоамизда ҳам дебют қилишга улгурган форвард “Сурхон”га қарши ўйинда жамоасига ғалаба тақдим этган голнинг муаллифи бўлди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар