SPORTS.uz талқини бўйича Суперлигада 15-тур рамзий терма жамоаси
Дарвозабон: Жавоҳир Илёсов (“Локомотив”)
Илёсов Нестеров кетгандан сўнг, асосий таркибда муқим ўринга эга бўлди. Иккинчи даврада “темирйўлчилар” натижаларида ўзгариш бўлиши кутилмоқда. “Навбаҳор”га қарши принципиал учрашувда эришилган ғалабада Жавоҳирнинг хизматлари катта бўлди. Турғунбоевнинг жаримадан йўллаган хавфли зарбасини қайтаришга эришмаганда учрашув сценарийси буткул бошқача кечиши мумкин эди.
Чап қанот ҳимоячиси: Шерзод Насруллаев (“Насаф”)
“Андижон”га қарши учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилган Насруллаевнинг чап қанотда кўрсатаётган ўйини таҳсинга сазовор. Абдихолиқовнинг ягона голига айнан Шерзод узатма амалга оширди. Ҳимоячи сифатида унинг ҳисобига яна бир “қуруқ ўйин” ёзилди.
Марказий ҳимоячи: Камолиддин Тожиев (“Металлург”)
Тожиев “Қўқон-1912”га қарши муҳим учрашувда энг яхши, деб топилди. Иккинчи даврада Ашурматов шогирдларига нимадир етишмаётганлиги аниқ. Аммо тажрибали ҳимоячининг мудофаадаги ишончли ўйинларини ҳам эътироф этиш жоиз. Шоҳназар Норбеков ва Суҳроб Бердиевнинг фаоллиги ҳам Тожиев бошчилигидаги ҳимояни ёриб ўтиш учун етарли бўлмади.
Марказий ҳимоячи: Егор Кримец (“Пахтакор”)
“Пахтакор” “Бухоро”га қарши учрашувни ўзи учун ОЧЛ олдидан машғулот жараёнига айлантириб юборди. Кримец бошлиқ ҳимоянинг ишончли ҳаракатлари ҳам бунга сабаб. Мудофаа вакиллари кучли бўлгани сабабли ҳам бухороликларда имкониятлар бўлди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Шерали Жўраев (“Қизилқум”)
“Қизилқум”нинг “Сурхон”га қарши учрашуви турнинг энг зерикарли учрашувларидан бири бўлди. Унинг устига ушбу беллашув “Спорт” телеканалида намойиш этилмади. Касмининнинг четлатилиши бироз ўйинга руҳ бағишлай олди. Қолган 15 дақиқа мобайнида Жўраев бошчилигидаги ҳимоя яхшигина “терлаш”га мажбур бўлди.
Марказий ярим ҳимоячи: Нурилло Тўхтасинов (“Бунёдкор”)
Яна бир тур ва яна бир гол Тўхтасинов гол уришдан тўхтамаяпти. “Бунёдкор” учун барчаси ёмон тарафга қараб кетаётганди. Қўзиевнинг ҳисобни тенглаштирувчи голи анча пайтгача “қалдирғочлар” мухлисларини хавотирга солиб турди. Тўхтасинов муҳим вазиятда масъулиятни ўз бўйнига олди ва унинг зарбаси олдида Ботир Носиров ожиз қолди.
Марказий ярим ҳимоячи: Авазбек Ўлмасалиев (“Локомотив”)
“Навбаҳор”га қарши учрашувда захирадан ўйинга қўшилган Авазбек Ўлмасалиев учрашувда бурилиш ясай олди. Ҳужум давомида ҳам ўзи фаол ҳаракат қилиб, комбинацион ўйиндан кейин Ўткир Юсупов постига йўл топишга эришди.
Чап қанот ярим ҳимоячиси: Жалолиддин Машарипов (“Пахтакор”)
“Бухоро”га қарши учрашувда 1 та гол ва 2 та ассист муаллифига айланган Машарипов яна рамзий терма жамоамиздан ўрин олди. Уни деярли ҳар турда терма жамоамизда кўрмоқдамиз. Бунга етарли сабаблар борлигини тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ, назаримизда.
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Аброр Тошқўзиев (“Металлург”)
“Қўқон-1912”га қарши меҳмондаги учрашувни анча ишончли якунланди. Тошқўзиев “Металлург”нинг қанотдаги етакчисига айланиб олмоқда. Уни ўнг қанот бўйлаб исталган нуқтада фаол ҳаракат қилганини кўрдик. Қўқонликлар дарвозасига илк голни уриб, жамоасига янада каттароқ ишонч бера олди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Драган Черан
“Бухоро” дарвозасига 4 та тўп киритган “Пахтакор”нинг ҳужум вакилларини кўпроқ тилга олишимиз адолатдан бўлса керак. Сербиялик футболчи гол уришдан ташқари ҳам “Пахтакор” ўйинида катта ўрин тутишини ОЧЛ ҳам кўрсатиб берди.
Марказий ҳужумчи: Бобир Абдихолиқов
“Насаф”нинг ғалаба голи муаллифи бу гал рамзий терма жамоамиз марказий ҳужумидан жой олди. Бобир ўз устида тинмай ишлаяпти ва тўпурарлар рўйхатида ҳам анча илгарилаб бормоқда. Якуний нуқталарда зарба беришда кичик хатолар мавжуд. Бу ҳам тажриба ортидан ўзидан ўзи ҳал бўлиб кетадиган жиҳат.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар