SPORTS.uz талқини бўйича Суперлиганинг 6-тур рамзий терма жамоаси билан танишинг

Хабарингиз бор кеча Суперлигада “Сурхон” – “Андижон” ўйинидан сўнг 6-тур учрашувларига якун ясалди. Бу тур ҳам мухлислар бир-биридан қизиқарли ва кутилмаган ўйинларга гувоҳ бўлишди.

SPORTS.uz портали ҳам ўз талқини бўйича ушбу ўйинларда ўзини кўрсатган ва жамоасига фойда келтирган футболчилардан иборат тур рамзий терма жамоасини тузиб чиқди.

Дарвозабон: Абдувоҳид Неъматов ("Насаф").

“Насаф” кетма-кет мағлубиятлардан сўнг ниҳоят ўз мухлисларини хушнуд этди. “Аждарлар” ўз майдонларида Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК клубини 4:0 ҳисобида таслим этишди. Ушбу йирик ғалабада шубҳасизи қаршиликлар посбони Абдувоҳид Неъматовнинг ҳам меҳнатлари беқиёс бўлди. Ёш дарвозабон тажрибали рақибларининг зарбаларини бартараф этиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди.

Ҳимоячилар: Фарруҳ Сайфиев (чап “Пахтакор”) , Ислом Тўхтахўжаев (марказ “Локомотив”), Бобур Акбаров (марказ “Андижон”), Славко Лукич (ўнг “Навбаҳор”).

“Локомотив” ушбу турда “Қизилқум”ни қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу куни “темирйўлчилар”нинг киритган голларидан бирига ҳимоячи Ислом Тўхтахўжаев муаллифлик қилди. У шу куни гол уришдан ташқари ҳимоя марказида доимгидек ишончли ўйин намойиш этди.

Мавсум бошида яна “Андижон” сафига қайтган маҳаллий ҳимоячи Бобур Акбаров жамоаси учун жуда қийин кечган “Сурхон”га қарши ўйинда рақиб футболчиларига имкон қадар хавфсизлантиришга ҳаракат қилдли ва “бургутлар”нинг Термиздан 3 очко олиб қайтишига улкан ҳисса қўшди.

Ушбу турда Самарқандда “Динамо”га қарши баҳс олби борган “Навбаҳор” меҳмонда 2:2 ҳисобида жанговор дуранг қайд этди. Ушбу учрашувда “лочинлар”нинг сербиялик ҳимоячиси Славко Лукич нафақат гол урди, балки ўз позициясида ҳам ишончли ўйин кўрсатди ва рақиблар футболчиларини зарарсизлантиришда фаол бўлди.

Жиззахда “Сўғдиёна” меҳмони бўлган “Пахтакор” бу тур жиддий қаршиликка учради. Аммо, маҳорат эвазига муҳим ғалабани қўлга киритди. Шу куни “шерлар”нинг қанот ҳимоячиси Фарруҳ Сайфиев анча ишончли ўйнади ва ўзига юклатилган вазифани тўлиқ адо этди. Унинг ҳужумдаги фаоллигини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.

Ярим ҳимоячилар: Жалолиддин Машарипов (чап “Пахтакор”), Азизжон Ғаниев (марказ “Насаф”), Жамшид Искандеров (марказ “Локомотив”), Музаффар Музаффаров (марказ “Металлург”, Хурштд Ғиёсов (марказ “Бунёдкор”), Сардор Эминов (ўнг “Динамо”).

Узоқ муддатли даволанишлардан сўнг яна сафга қайтган “Насаф” етакиси Азиз Ғаниев бу турда АГМКнинг тор-мор келтирилишида асосий вазифалардан бирини бажарди. Майдон марказида доимгидек етакчиликни қўлга олди. Унинг ҳаракатлари олмалиқлик футболчиларни қийин ахволга тушириб қўйди. Бир сўз билан айтганда Ғаниев шу куни ўзига юклатилган ва мухлислар кутган ўйинни намойиш этиб бера олди.

Рамзий терма жамоамизга бу сафар ҳам “Пахтакор” етакчиси Жалолиддин Машариповни киритишга қарор қилдик. Боис, хоразмлик футболчи “шерлар”нинг Жиззаздан 3 очко билан қайтишини таъминлади. Унинг ўйин сўнггида пенальтидан киритган голи пойтахтликларга ғалаба келтирди. Бундан ташқари, Жалолиддин шу куни ўзининг алдамчи ҳаракатлари билан “Сўғдиёна” футболчиларини шошириб қўйди.

Мавсумлар оралиғида “Локомотив” сафига кўчиб ўтган истеъдодлик ярим ҳимоячи Жамшид Искандаров бу турда жамоасининг “Қизилқум” устидан зафар қучишида муҳим вазифани бажарди. Ҳужумдаги шерикларини тўп билан таъминлади, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар пайдо қилишга муваффақ бўлди. Энг муҳими, унинг ўз ҳам гол уриб, “темирйўлчилар”нинг муҳим ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.

“Металлург” бу тур ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилди. Бекободда кечган бу баҳс 3:1 ҳисобида мезбонларнинг ишончли ғалабаси билан якунланди. Шу куни “Металлург” сафида майдон марказида Музаффар Музаффаров жуда фаол ўйнади, гол ҳам урди. Хуллас, у бу ўйина жамоаси етакчилардан бири бўлди.

Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Бухоро” ушбу турда Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасини қабул қилди. Шиддатли кечган ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Шу куни “қалдирғочлар”нинг ҳар иккала голига Хуршид Ғиёсов муаллифлик қилди. Унинг голлари якунда “Бунёдкор”га сафарда муҳим 1 очко тақдим этди.

Юқорида айтиб ўтганимиздек “Динамо” ушбу турда Самарқандда “Навбаҳор”ни қабул қилди ва жанговор дуранг қайд этди. Ушбу ўйинда мезбонлар сафида Сардор Эминов алоҳида ажралиб турди. Унинг “лочинлар” дарвозасига урган голи самарқандлик мухлисларнинг олқишига сабаб бўлди. Гарчи у чап қанот ярим ҳимоясида тўп сурсада рамзий терма жамоамизда ушбу чизиқда Жалолиддин Машарипов борлиги сабаб Эминовни шартли равишда ўнг қанотга жойлаштирдик.

Ҳужумчи: Ҳумоюн Муртазоев (“Насаф”)

Шубҳасиз ушбу турнинг ягона энг яхши ҳужумчиси АГМК дарвозасини икки бор аниқ нишонга олган Ҳумоюн Муртазоев ҳисобланади. У ёш жамоадошлари билан бирга шу куни олмалиқлик акаларининг “дарс” бериб қўя олди.

Бош мураббий: Рўзиқул Бердиев (“Насаф”).

Турнинг энг яхши мураббийи деб эса бир овоздан Рўзиқул Бердиевни танладик. Ёш футболчилар билан жамоани аъло даражада мавсумга тайёрлай олган Бердиевни Суперлиганинг ҳар қандай мураббийига намуна қилиб кўрсатса арзийди.

Дарвозабон: Абдувоҳид Неъматов ("Насаф").

Ҳимоячилар: Фарруҳ Сайфиев (“Пахтакор”) , Ислом Тўхтахўжаев (“Локомотив”), Бобур Акбаров (марказ “Андижон”), Славко Лукич (“Навбаҳор”).

Ярим ҳимоячилар: Жалолиддин Машарипов (“Пахтакор”), Азизжон Ғаниев (“Насаф”), Жамшид Искандеров (“Локомотив”), Музаффар Музаффаров (“Металлург”, Хурштд Ғиёсов (“Бунёдкор”), Сардор Эминов (“Динамо”).

Ҳужумчи: Ҳумоюн Муртазоев (“Насаф”)

Бош мураббий: Рўзиқул Бердиев (“Насаф”).

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Мохинур Ядгарова
30/04/2019 20:46
Nmaga boshqa uyinchilarni qushmayapti nasaf jamosiga.
Javli Ruzimuradov
30/04/2019 12:01
Biz Nasaf jamaosi bilan faxrlanamiz
Bobur G'ayratullayev
30/04/2019 10:55
Shaxsan mani fikrim Navbohor yarim ximoyachisi Azim Axmedov ramziy jamoaga kiritilishi kerak deb hisobliman.
Husan Sodiqov
30/04/2019 13:33
Eeee oka qanaqa Azim Ahmedov uni o‘rniga yana yoshroq o‘yinchisi borku u 23 da o‘yniydigan o‘shani qo‘shing