SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (16-сон)

Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.

Испания терма жамоаси нимчорак финал босқичида Марокашга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди. Испанларнинг бирорта футболчиси 11 метрлик нуқтадан гол кирита олмади. Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилиш шу бўлса керак.  

Нимчорак финалнинг сўнгги ўйинида Португалия Швейцарияга ҳеч қандай имкон қолдирмади. Роналдунинг ўрнига асосий таркибда майдонга тушган футболчи ҳет-трик қайд этди.  

Марокаш – Испания 0:0

Нимчорак финал доирасида куннинг илк ўйини Марокаш ҳамда Испания терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Қизиқарли ўтиши кутилган, аммо ундай кечмаган баҳсда асосий вақт 0:0 ҳисобида якунланди. Қўшимча 2 таймда ҳам гол урилмади ва жамоалар пенальтилар сериясига мурожаат қилди. Унда африкаликлар 3:0 ҳисобида зафар қучди ва чорак финал йўлланмасига эга чиқди.

Учрашувдаги қизиқарли фактларга тўхталадиган бўлсак, Испания йирик турнирлардаги сўнгги 5 ўйинида экстра-таймларга мурожаат қилиб келмоқда.

Марокаш Жаҳон чемпионати чорак финалига чиққан тўртинчи Африка жамоасига айланди.

Хаким Зийеш шу йилнинг февраль ойида термадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилганди. Ҳозир у мундиал чорак финалида ғолиблик учун кураш олиб боради.

Луис Энрике мусобақада ишлаб топган даромадининг барчасини хайрияга сарфлашини маълум қилди. Катта эҳтимол билан мутахассис яқин орада Испания термаси бош мураббийлигидан истеъфога чиқади.

Марокаш дарвозабони Яссин Буну пенальтилар сериясида 2 та зарбани қайтарган илк африкалик посбонга айланди.

Ўта муҳим ғалабани қўлга киритган Марокаш чорак финалда Португалия терма жамоаси билан куч синашади. Испания эса аламли тарзда мусобақа билан хайрлашди.

 

Португалия – Швейцария 6:1

1/8 финалнинг сўнгги ўйинида Португалия ва Швейцария терма жамоалари чорак финал учун кураш олиб борди. Мазкур беллашув кутилмаганда Португалиянинг ўта йирик 6:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.

17-дақиқада Гонсалу Рамош кучли зарбаси билан рақиб дарвозасининг ўткир бурчагини нишонга олди ва беллашувда ҳисобни очди. 33-дақиқада Пепе бурчак зарбасидан узатиб берилган пасдан сўнг тўпга боши билан зарба бериб, фарқни 2 тага ошириб қўйди. 1-тайм шу ҳисобда якунланди.

2-бўлимнинг олтинчи, аниқроғи, 51-дақиқада Рамош дублни расмийлаштирди. У қулай нуқтада пайдо бўлди ва рақиб посбонини яна бир бор ранжитди - 3:0. Орадан атиги 4 дақиқа ўтгач, Рафаэль Геррейру ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. У қанотдан ўзи учун ажойиб ҳудудда кўриниш берди ва шеригининг ақлли узатмасидан сўнг тўпни дарвозага жойлади. Қисқа вақт ичида мухлислар баҳсда яна бир гол гувоҳи бўлди. Бу сафаргиси швейцарияликлар фойдасига қайд этилди. Аканжи бурчак зарбасидан сўнг бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

Шунга қарамай, бу ҳали якун эмас эди. 67-дақиқада яна ўша Рамош катта саҳнага чиқди. У дарвозабон Зоммер билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва секингина унинг устидан тўпни ошириб қўйди - 5:1. 90+2-дақиқада Леау рақиб мудофаасини алдамчи харакатлари билан доғда қолдирди ва ўта ақлли зарбаси билан ҳисобни якуний 6:1 кўринишига келтирди.

Гонсалу Рамош жорий нундиалнинг илк хет-трик қайд этган футболчиси бўлди. Шунингдек, у дебют ўйинида 3 та гол урган Мирослав Клозедан кейин дастлабки ўйинчига айланди. Клозе 2002 йилда шундай натижа қайд этганди.

Агар Швейцария мазкур тўқнашувда ғалаба қозонганда, ўз тарихида биринчи марта ЖЧда кетма-кет 3 учрашувда зафар қучган бўларди. Аммо португаллар бунга йўл қўймади.

Чорак финалда Португалия терма жамоаси Испанияни турнирдан чиқариб юборган Марокаш билан куч синашади. Швейцария эса йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг мусобақа билан хайрлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!