"Странджа" турнири. Яна 7 нафар боксчимиз ярим финалда!

  • 28.02.2026 06:03
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс

Хабарингиз бор, айни кунларда Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича "Странджа" турнири бўлиб ўтмоқда.

-75 кгда Фазлиддин Эркинбоев Уэльс вакили Орландо Холлей-Сотоми билан баҳс юритди. Ҳа, Жо Калзаге ватандоши Эркинбоевга жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо Фазлиддин "класс" кўрсатиб, ишончли тарзда ғалабага эришди ва ярим финалга йўл олди. Ҳисоб 5:0 натижаси билан якунланди.

-80 кг вазнда болгариялик мухлисларнинг суюклисига айланган Жавоҳир Умматалиевни ҳам бу босқичда жуда ҳам жиддий рақиб, бразилиялик Вандерлей Перрейра кутиб турган эди. Ҳа, бироз ҳавотир ҳам йўқ эмасди. Аммо Жавоҳир ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан буни йўққа чиқарди ва ишончли тарзда зафар қучди. Якуний ҳисоб 3:2 кўриниш олди.

-85 кг даги вакилимиз Акмалжон Исроилов қозоғистонлик Султанбек Аибарулига қарши рингга кўтарилди. Жуда ҳам муросасиз ва қизиқарли кечган тўқнашувда вакилимиз ишончли ҳаракатлари билан жанг тақдирини ўз фойдасига ҳал қилди. Ҳисоб 5:0 билан якунланди. 

-85 кг вазнда ёш боксчимиз Норбек Абдуллаев мезбонлар вакили Кристиан Димитровга қарши рингга кўтарилди. Албатта, мезбонларга қарши туриш осон эмас. Бироқ, Абдуллаев буни уддалади ва 5:0 ҳисобида ғалабага эришиб, ярим финални нақд қилди. 

-90 кгда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Тўрабек Ҳабибуллаев бу босқичда Бразилия вакили Сантос Рибеиро тўсиғидан ўтиш керак эди. Бразилиялик боксчи ҳам аввалги босқичларда катта "хавф" эканлигини намойиш қилганди. Лекин унинг "тиши" Тўрабекка ўтмади. Ҳабибуллаев якунда 4:1 ҳисобида зафар қучди ва ярим финалга йўл олди.

Яна бир -90 кгдаги вакилимиз Самир Собиров қозоғистонлик Нурмагамед Юссупов билан ярим финал масаласини ҳал қилди. Ёш боксчимиз ўзига билдирилган ишончни оқлаб, жиддий рақибни 5:0 ҳисобида таслим этди. 

Ва ниҳоят сўнги вакилимиз +90 кг да ҳаракат қилаётган Озодбек Алиев ҳам қозоғистонлик Нурлан Сапарбайга қарши рингга кўтарилди. Қийин кечган жангда Озодбек ҳақиқий ирода кўрсата олди ва жиддий рақибни мусобақадан чиқариб юборди. Якуний ҳисоб 5:0 кўриниш олди. Яна бир ярим финалчи!

Шу тариқа куннинг 2-дастур баҳслари якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!