Супергол урган легионеримиз нимадан афсусланди?

Беларусь чемпионатининг янги мавсуми старт олди ва жамоалар биринчи тур учрашувларини ўтказди. Биз учун аҳамиятлиси, чемпионлик учун курашадиган жамоалардан иккитасини сафида ўзбек футболи тарбияланувчилари тўп тепмоқда.

Чемпионлик унвонини ҳимоя қилаётган Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси сафига қўшилган Шаҳзод Убайдуллаев “Минск” жамоасига қарши ўтказилган илк баҳснинг 80-дақиқасида майдонга тушиб, дебютини нишонлади. Солигорскликлар қийин ўтган баҳсда 1:0 ҳисобида зафар қучди.

Олтин медаль йўлида солигорскликлар билан рақобатлашадиган БАТЭ илк учрашувда “Слуцк” устидан йирик ҳисобда зафар қучди. Борисовликларнинг ғалабасини “Энергетик-БГУ”нинг собиқ етакчиси Шаҳбоз Умаров таъминлади. Ҳужумкор футболчимиз бешинчи дақиқада рақиб жарима майдончасига ёриб кириб, аниқ зарба билан ҳисобни очди ва голлар шоусини бошлаб берди. Кейинроқ, Шаҳбоз иккинчи голни ура олмаганидан афсусдалигини ҳам билдирди.

551787_original_2_1

БАТЭнинг 3:0  ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилган ўзбекистонлик легионер ўйиндан кейин интервью берди:

- Нима ҳам дердим, яхши ўйнадик. Лекин ўз устимда ва жамоавий ўйинни кучайтириш учун кўпроқ тер тўкишимиз керак.

- Голингни қандай таърифлаган бўлардинг?

- Павел Карасевдан ажойиб пасни қабул қилиб олдим. Мен бундан фойдаланишим шарт эди. Яна бир юз фоизли вазиятни бой бердим, аслида иккита гол уришим керак эди.

- Сени учрашувнинг энг яхши ўйинчиси, деб топишди...

- Бу жуда ёқимли. Учрашувда қатнашган жамоалар эмблемаси акс эттирилган футбол тўпи шаклидаги эсдалик совғасини олдим. Унга БАТЭ таркибидаги энг яхши футболчига, деб ёзилган экан.

- Бугунги голлардан қайсинисини энг чиройли, деб ҳисоблайсан?

- Ҳаммамиз чиройли гол урдик. Неманья Милич Николай Сигневичнинг ажойиб пасидан фойдаланиб гол урган бўлса, Максим Савиш Павел Нихайчикнинг жарима нуфтасидан узатган тўпни чиройли тарзда дарвозага жойлади.

- Ўйин охиридаги вазиялардан бирида оёғингга яхшигина зарба беришди...

- Ҳа, сал оғриқли зарба тегди. Лекин ҳаммаси жойида...

- Яқинда туғилган кунинг бўлганди. Жамоадагилар табрикладими?

- Ажойиб тарзда табриклашди.

photo_2021-01-24_20-34-00

Шаҳбоз Умаров Беларусь чемпионатидаги фаолиятини ўтган йили “Энергетик-БГУ”да бошлаган ва бу жамоа сафида чемпионатнинг барча – 30 та баҳсида қатнашган ягона футболчи бўлганди. Ҳамюртимиз бу учрашувларда тўртта гол уриб, учта голли пас оширган. Айниқса, унинг узоқ масофадан жарима зарбасини аниқ йўллаб, БАТЭ дарвозасига урган голи Европа каналларида анча айланди. Шу голдан сўнг борисовликлар ўзбек футболчисини ўз сафига қўшиб олганди. Бироқ, келишувга кўра, Шаҳбоз мавсумни “Энергетик-БГУ” таркибида якунлаб, янги мавсум олдидан БАТЭга қўшилди.

Беларусь чемпионати олий лигасининг иккинчи тур учрашувилари 19-20 март кунлари ўтказилади. 20 март куни “Шахтёр” сафар учрашувида “Энергетик-БГУ” меҳмони бўлади. Шу куни турнинг марказий учрашувида БАТЭ футболчилари “Динамо-Брест” майдонида ўйин ўтказади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар