“Суперлига-2020”. "Пахтакор"нинг сериялари!
2020 йилги Coca Cola Суперлигаси "Пахтакор"нинг чемпионлиги билан якунига етди. Тошкент клуби чемпионликдан ташқари, Ўзбекистон кубогини ҳам қўлга киритди. Осиё Чемпионлар лигасида эса, чорак финалгача етиб борди. Бугун, Арвеладзе шогирдлари Суперлигада қандай сериялар қайд этганига эътибор қаратамиз.
"Шерлар" 15-турдан бошлаб, 21-тургача кетма-кет 7 учрашувда зафар қучди. Тошкентликлар 5 сентябрь куни "Бухоро"ни 4:0, 8 сентябрда "Металлург"ни 3:0, 18 октябрда "Қизилқум"ни 3:1, 21 октябрда "Сўғдиёна"ни 2:0, 24 октябрда "Сурхон"ни 6:0, 28 октябрда "Машъал"ни 4:1 ва 1 ноябрь куни АГМКни 6:0 ҳисобида енгиб, мавсумдаги энг узун ғалабали сериясини қайд этди.
Жамоа кетма-кет мағлубият ва дуранглар қайд этмади.
14 июнь куни 4-турдан ўрин олган "Сўғдиёна"га қарши Жиззахда кечган беллашувда "Пахтакор" (0:1) имкониятни бой бериб қўйди. Шундан сўнг, клуб қаторасига 17 та баҳсда мағлубият нималигини билмади. Бу орада, Арвеладзе шогирдлари 9-турда АГМК билан 2:2 ва 1 сентябрда "Навбаҳор" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, қолган 15 та баҳсни ўз фойдасига ҳал этган.
"Шерлар" 13 та беллашувда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолишни уддасидан чиқди. Ушбу учрашувларнинг 10 тасида Элдорбек Суюнов посбонлик қилган бўлса, 3 та баҳсда Санжар Қувватов "қуруқ ўйин" ўтказди.
Умуман олганда, "Пахтакор" мавсумни кўтарингки руҳда ўтказиб, 26 учрашувнинг 21 тасида ғалаба қозонган ва 2 та дуранг ўйнаб, 3 марта мағлубият аламини тотиб кўрди. Рақибларига 76 марта гол урди ва ўз дарвозасидан 18 та тўп олиб чиқди холос.
Тўпурарлик борасида ўз маҳоратини ишга солган Драган Черан ҳамда Игорь Сергеев мавсум давомида кўплаб голларга муаллифлик қилди. Ўзбекистон терма жамоаси форварди 3 та баҳсда дубль қайд этган бўлса, "Пахтакор" легионери битта дубль ва 2 та хет-трик қайд этишни уддасидан чиқди.
Сериялар мавзусига қайтадиган бўлсак, Тошкент клуби ғалабали ва мағлубиятсиз ўйинлар ўтказиш бўйича энг яхши натижани кўрсатди. Қаторасига 6 та беллашувда зафар қучишни уддалаган АГМК кетма-кет 13 мағлубиятсиз учрашув ўтказган ва бу борада, "Пахтакор"га энг яқин таъқибчи бўла олди. АГМК ва бошқа клубларнинг серияларига кейинги мақолаларимизда тўхталиб ўтамиз. Турнир жадвалидаги жойлашувга қараб, кетма-кетликда ҳар бир жамоанинг қайд этган сериялари ҳақида маълумот бериб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг!
Фикрлар