Суперлига иштиёқида "ёнаётган" клублар про лигани ҳам "ёндиришади" ёхуд савияси ўсаётган мусобақа ҳақида нималарни биласиз?

Кеча Суперлиганинг 1-тур ўйинларига якун ясалди. Бугун эса, навбат про лига баҳсларига. Ўзбекистонда Суперлигадан кейинги ўринда турувчи мазкур лигага бўлган қизиқиш асло сусаймаган. Биласиз, ўтган йилги мавсумда ҳам про лигадаги интрига юқори даражада бўлганди. Бу сафар ҳам эътибор ортган бўлса ортганки, аммо асло камаймаган.

Хабарингиз бўлса керак, бу йил про лигада 10 та клуб кураш олиб боради. Булар – “Андижон”, “Янгиер-Қурувчи”, “Зомин”, “Турон”, “Машъал”, “Шўртан”, “Ғиждувон”, “Арал-Самали”, “Бухоро” ва “Хоразм”. Мутахассислар ушбу жамоалар ўртасида кескин кураш юзага келишини тахмин қилмоқдалар. Янги мавсум учун юқоридаги клублар ҳам ўз режаларига асосан тайёргарлик олиб бордилар. Фақат биргина “Андижон” клуби хориж йиғини сифатида Туркияда 14 кунлик ўқув-машғулот йиғинини олиб борди.

Доим про лигада фаворитлар бўлади ва бу сафар ҳам шундай. Суперлигани тарк этган икки хусусий клублар – “Андижон” билан “Турон” жамоалари яна элитага қайтиш учун асосий номзодлар сифатига тилга олинишмоқда. Бу табиий ҳол, албатта. Таркиб ҳам шунга яраша кучайтирилган. Биласиз, “Андижон” россиялик мутахассис Виктор Кумиков билан ҳамкорликни яна давом эттиришга қарор қилган. Таркибга эса янги ижрочилар таклиф қилинганидан хабарингиз бўлса керак. Шаҳбоз Эркинов, Хуршид Ходжаев, Илдар Маматказин, Илҳом Алижонов, Аҳрол Иноятов, Бобур Давлатов, сербиялик Владимир Бубанья, черногориялик Богдан Милич ҳамда Горан Милойко, шунингдек, яна бир қатор иқтидорли ёшлар таркибга қўшиб олинган.

андижон6

“Турон”да ҳам ўзгаришлар бўлди. Анвар Бердиев бош мураббий этиб тайинланди. Жамоага Марлен Чобанов, Акмал Турсунбоев, Абдуғани Камолов, Аъзам Алиев, Бобур Қосимов, Хушнуд Авилов, Сардор Теляков, шунингдек, россиялик Сиёвуш Ҳабибуллоев билан тожикистонлик Шариф Раҳматов ҳам таклиф қилинган. Фаолиятини якунлаган Азиз Ибрагимов эса яна футболга қайтди ва “Турон” аъзосига айланди. 

Суперлигага чиқиш учун яна бир фаворитлардан бири – “Бухоро” клубидир. Ўтган йили ҳам улар элитага чиқиш учун курашиб кўрди-ю, фақат йил давомида мураббийларнинг кетма-кет алмашинуви натижасида ўйлаган мақсадига эриша олмаганди. Бу йил жамоа тожикистонлик Ҳаким Фузайловга ишониб топширилди. Билсангиз керак, ўтган йили “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқишни уддалаганди. Энди ушбу вазифани “Бухоро” билан амалга оширмоқчи. Айтиш жоизки, бу клуб ҳам селекцияда фаол бўлди ва таркибини янги ижрочилар билан кучайтирди. “Динамо”дан Обид Жўрабоев, Рўзим Аҳмедов, Жасур Ҳасанов, Сардор Эминов, украиналик Дмитрий Сидоренко билан Олег Марчук каби ўйинчилар “Бухоро”га ўтди. Бундан ташқари, Собит Синдаров, яна бир украиналик Ризван Абдилатаров ҳамда сербиялик посбон Никола Стошич кабилар ҳам бу йил “Бухоро” шарафини ҳимоя қилади. Кўриб турганингиздек, “Бухоро” ҳам таркибини кучайтиришга эришди.

аааабухоро

Ўтган мавсумда Суперлигада иштирок этиб, кучлилар орасида қолиш имконияти бир мунча яхшироқ баҳоланган “Машъал” плей-оффда “Олимпик” клубига ютқазиб, про лигага тушиб кетганидан хабардорсиз. Шундан сўнг, россиялик бош мураббий Александр Хомяков лавозимини тарк этди. Дилявер Ваниев унинг ўрнини эгаллади. Элдор Сакаевни тажрибасидан фойдаланиш учун уни ҳам жамоага таклиф қилишди. Муборакликлар селекция борасида айрим ўзгаришларни амалга оширишди. Жумладан, “Қизилқум”дан Беҳруз Саъдиллоев, “Металлург”дан Абдураҳмон Абдулҳақов, “Янгиер-Қурувчи”дан Абдумалик Тошпўлатов, “Бунёдкор”дан Равшан Ягудин, шунингдек, ҳужумчи Достон Тошматов “Машъал” билан шартнома имзолади.

ааа222

Айнан юқорида номлари келтирилган клублар асосий фаворит сифатида баҳоланмоқдалар. Аммо қолган клубларни назардан четда қолдириш асло мумкин эмас. “Шўртан”, “Ғиждувон”, “Янгиер-Қурувчи”, “Арал Самали”, “Зомин”, “Хоразм” ҳам жимгина қараб турмасликлари аниқ. Ушбу клублар ҳам таркибини имкон қадар кучайтирган. Масалан, янгиерликлар Қаҳрамон Баҳодиров, Суҳроб Неъматов, Асилжон Бегимқулов, Сирож Мелиев, Тимур Усмонов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров каби Суперлигада тўп сурган футболчилар ҳисобига таркибини кучайтирган. Қолаверса, про лига клубларида яна бир қатор легионерлар ҳам бор.

аааааа

Хуллас, про лигада ҳам яхшигина интрига бор. Ўтган йилгидек бу йил ҳам про лига ўйинлари “UzreportTV” ҳамда “FutbolTV” телеканалларида жонли равишда трансляция қилинади. Бу ҳам про лига мусобақасига бўлган қизиқишни ошираётгани шубҳасиз.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Aziz Shukurov
05/03/2022 11:53
Марказий учрашувни олиб бермайдими?Койил.Бухоро-Машьални.