Суперлига. Майдон парвариши учун кимда техника етарли?

Суперлига учрашувларини қабул қилиши мумкин бўлган стадионлар ўрганилгани ҳақида ёзилганди.

Лига сўнгги уч йилда майдоннинг дренаж ва суғориш тизими, шунингдек, майсасига талабларни кучайтириб борди. Соҳа мутахассисларига кўра, майдон тўғри парвариш қилинса, дренаж тизими 20 йил давомида, майса эса 4 марта кўпроқ вақт давомида футбол учрашувлари учун чидаб бериши мумкин. Бунинг учун албатта майдон парвариши учун зарур техника талаб этилади.

Футбол клублари уй учрашувларини ўтказадиган стадионларни мониторинг қилиш йўриқномасида майдон парвариши учун энг зарур бўлган 7 та техника санаб ўтилган. Бундай техника фақатгина Пахтакор ва Бунёдкор стадионларида тўлиқ мавжуд. Истиқлол, Қарши Марказий, ОКМК, Локомотив, Ёшлар СМ стадионларида талаб қилинган техниканинг 5 тури мавжуд.

Бироқ Бобур арена, Жар, Бухоро СМ, Динамо, Металлург, Сурхон каби стадионлар ҳозирга қадар майдон парвариши учун техника сотиб олмаган. Мазкур ҳолат майдонларни яхши ҳолатда сақлаб туришга тўсқинлик қилади. Бобур арена ҳамда Жар майдонларини янгилаган корхона 2023 йилги мавсум якунигача хизмат кўрсатишни тўлиқ зиммасига олганди. Бироқ 2024 йилда ҳолат қандай бўлиши маълум эмас. Бухоро СМ ҳамда Металлург стадионларига техника харид қилиш масаласида Лига ҳар икки клуб раҳбарияти билан бир неча бор фикр алмашган. Бироқ томонлар ўз ваъдасида турмади. Оқибатда, Металлург стадиони Суперлига учрашувларини қабул қилишдан четлаштирилди. Бухоро СМ майдони эса афсуски, Ўзбекистон Кубогининг финал учрашуви ўтган ҳолатдан анча ёмонлашган.

пфл техника

Санаб ўтилган стадионлардан Сурхонда қурилиш ишлари давом этмоқда. Клуб раҳбарияти унинг якунига кўра майдон парвариши учун техника харид қилишга ваъда берган. Динамо стадиони майдонини эса янгилаш ишлари бошланган. Ишонамизки, унинг якунига кўра майдон парвариши учун зарур техника харид қилинади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 апрелдаги «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-115-сонли қарорининг 15-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддаси қирқ биринчи қисмига асосан майдон учун зарур техникани сотиб олиш юзасидан қатор имтиёзлар тақдим этилган. Бироқ айрим футбол клубларида легионер футболчи учун топилаётган маблағ, энг керакли воситаларни харид қилиш учун етмаяпти. Лига ва Ассоциация мавжуд вазиятни тартибга солиш устида ишламоқда.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!