Суперлига. "Пахтакор" - "Навбаҳор": Энг йирик ҳисобда ёдингиздами?

Ўзбекистон Суперлигаси 11-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” Тошкентда  “Пахтакор” меҳмони бўлади.

Суперлига (олий лига)мизнинг мунтазам иштирокчиси бўлган мазкур клубларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, жамоалар шу кунгача 66 марта ўзаро рўбарў келишган.

Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик  пойтахтликлар тарафида. Ўтказилган баҳсларнинг 41 тасида  “шерлар” зафар қучишган бўлса, 13 та ўйинда “лочинлар” ғалаба қозонишган, 12 та учрашувда эса дуранг қайд этилган. “Пахтакор” “Навбаҳор” дарвозасига 109 та тўп киритиб, ўз дарвозасидан 51 та тўп ўтказиб юборган. 

Ўзаро ўйинларда “шерлар” 135, “лочинлар” эса 51 очкони қўлга киритишган.  Ушбу  жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб - 7:0.

 Мазкур ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилиб, унда “Пахтакор” зафар қучганди.

Ушбу клублар шу кунгача Тошкентда 33 та ўйин ўтказган бўлиб, ушбу  учрашувларнинг 27 тасида “шерлар” ғалаба қозонишган, 5 та ўйинда дуранг қайд этилган ва 1 та баҳсда “лочинлар” зафар қучишган.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган ўйинларда “Пахтакор” “Навбаҳор” дарвозасига 70 та гол уриб, ўз дарвозасидан 20 та тўп ўтказиб юборган.  

Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор”  – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги ўйин бугун, 16 июнь куни соат 20:00 да “Пахтакор” стадионида бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!