
Суперлигада супер ўйинлар бор ёхуд тур олдидан
10-13 август кунлари Суперлигада 18-тур ўйинлари ўтказилади. Бўлажак турда муҳим ва “оловли” ўйинлар кутмоқда. “Нефтчи” – “Насаф”, “Динамо” – “Пахтакор” ва “Андижон” – “Навбаҳор” иштирокидаги учрашувлар марказий мақомига эга.
10 август
18:30. “Сўғдиёна” – “Машъал”
Ҳозирча иккала жамоа ҳам иккинчи даврада ғалаба қозона олгани йўқ. Лекин майдон эгаларининг имконияти юқори баҳоланаётгани рост. “Машъал” ўтган турда Ғузорда “Динамо”ни 2:0 ҳисобида ютаётиб якунда 2:4 натижаси билан енгилди. Эндиликда муборакликларни сафарда яна бир жиддий рақиб кутиб турибди. Бироқ “Машъал”дан кутилмаган натижалар кўришимиз ҳам ҳеч гап эмас. Буни улар чемпионат давомида исботлашган.
11 август
19:00. “Нефтчи” – “Насаф”
Турнинг марказий учрашувларидан бири Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтади. Амалдаги чемпион ва ҳозирда 37 очко билан пешқадамликни сақлаб келаётган “Насаф”ни энг яқин таъқибчиси “Нефтчи” Фарғонада кутяпти. Орадаги очколар фарқи 4 тани ташкил қиляпти. Лекин жамоавий ўйин бўйича “Насаф” мазмунлироқ кўринишини барча таъкидламоқда. “Нефтчи”да кучли номлар йиғилган. Тажрибали футболчилардан иборат жамоа ташкил қилинган. Аммо кутилмаган очко йўқотишлари эвазига танқидларга ҳам учраб турибди. “Истиқлол”даги ўйин мезбонлар учун ниҳоятда муҳим. Чемпион бўлишни истаётган “Нефтчи” бу йўлда албатта амалдаги чемпионни енгиши талаб этилади. Ушбу учрашув Левченко жамоасининг яна бир бор ҳақиқий кучини кўрсатиб беради.
20:00. “Динамо” – “Пахтакор”
Турнинг яна бир марказий ўйинларидан бири Самарқандда ўтади. “Динамо” ҳам “Пахтакор”дан 4 очкога олдинда. Бу жамоалар ўртасидаги учрашув ҳақиқий жанговар тарзда кечиши шубҳасиз. Айниқса, Вадим Абрамов шогирдлари жуда очиқ, ҳужумкор ва томошабоп ўйин кўрсатаётгани фонида уларнинг “Пахтакор”га қарши беллашуви турни безаб бериши катта эҳтимол. Ҳозирча имкониятлар тенг.
12 август
18:15. ОКМК – “Қизилқум”
Иккинчи даврани ишончли ва муҳим ғалбалар билан бошлаган ОКМК бу сафар Навоийнинг “Қизилқум”ини қабул қилади. Миржалол Қосимов жамоаси ўз ўйинини кўрсатадиган бўлса, мақсадига албатта эришади. “Қизилқум” эса сафарда кўзланган натижани қўлга киритиш учун ўз ўйинидан кўра янада кучлироқ ҳаракат қилиши керак.
19:00. “Андижон” – “Навбаҳор”
18-турнинг яна бир муҳим ва марказий ўйинларидан бири шубҳасиз Андижондаги “Бобур арена”да бўлиб ўтади. Унда водий дербиси доирасида принципиал рақиблар – “Андижон” ҳамда “Навбаҳор” беллашадилар. Ёзда таркибини анча кучайтирган Максим Шацких жамоаси яхшигина шаклланиб боряпти. Ўз уйида қўқонликлар дарвозасига жавобсиз учта гол уришди. Ўтган турда эса амалдаги чемпион майдонида бир очко билан қайтишди. “Навбаҳор” иккита турда иккита дуранг ўйнади. Мухлислар ўртасида ҳам жиддий рақобат кечиши тайин. “Бобур арена”да қандай муҳит ҳукм суришини тасаввур қилиш қийин эмас. Стадион хўжайини ҳисобланган андижонликларда иштиёқ баланд. Қолганини ўйинда кўрамиз.
20:30. “Шўртан” – “Қўқон-1912”
Бошқа марказий учрашувлар фонида ушбу жуфтликка эътибор бироз пастроқ кўриниши табиий. Мусобақа жадвалида охирги иккита ўринни банд этиб туришган ушбу аутсайдер жамоалар Ғузорда куч синашишади. Биринчи даврада дуранг қайд этилган. Албатта, ғалаба иккала жамоага зарур. “Қўқон-1912” уч ойдан бери ғалаба нималигини билмаяпти. Бу ўйинда икки жамоа қандай бўлмасин уч очкони қўлга киритиш учун курашади. Натижани эса олдиндан айтиб бўлмайди. Зерикарли футбол бўлиб қолмаса керак.
13 август
19:00. “Бухоро” – “Хоразм”
Бир-бирига мос жамоалар беллашувида балки у қадар голларни кўрмасмиз. Айниқса, “Бухоро” ҳимоядан ўйнаган ҳолда аввало дарвозаси дахлсизлигини сақлаши муҳим. Бироқ Бақоев жамоасига юқори ўринларга кўтарилиш учун ғалаба зарур. Ҳаким Фузайлов жамоаси ҳужумкор ўйин кўрсатяпти. Битта голгача ўйин бўлиши ҳам мумкин.
20:00. “Сурхон” – “Бунёдкор”
Қизиқарли ўйин бўлиши аниқ. Таркиби ўзгарган “Сурхон” ўйин сифати бир мунча яхшиланган “Бунёдкор”га қарши баҳс олиб боради. Иккала жамоага қийин бўлиши муқаррар. Кўп нарса қисқа фурсат ичида жамоаларнинг қай тарзда тайёргарлик кўрганига боғлиқ бўлади.
Фикрлар