Суперлигада тарихи яқинда бошланган тўқнашув

13 июнь куни Суперлигада битта ўйин бўлиб ўтади. 6-турнинг қолдирилган беллашуви доирасида “Динамо” - “Олимпик” қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. ФИФА кунлари ҳам ниҳояланиб боряпти. Бугун терма жамоалар иштирокидаги ўйинлар бўлиб ўтади ва шундан сўнг яна чемпионат баҳслари давом эттирилади. Суперлиганинг навбатдаги тур ўйинлари эса 14 июндан бошланади. Шунинг учун ушбу санадан бир кун олдин ўтказиладиган баҳсга бошқаларнинг ҳам эътибори қаратилади.

“Динамо” ушбу учрашув билан захира ўйинини тугатади, “Олимпик”да эса яна битта захира ўйини қолади. Айни пайтга келиб жамоаларни бир очко ажратиб турибди. Самарқандликлар 9 учрашувдан сўнг 2 ғалаба, 4 дуранг ва 3 мағлубият қайд этиб, 10 очко билан 9-ўринда. “Олимпик” 8 ўйин ўтказиб, 2 ғалаба, 3 тадан дуранг ҳамда мағлубиятга учраган. Очкоси 9 тани ташкил қиляпти. Эгаллаб турган ўрни эса 11.

Бу жуда қизиқарли ва ҳужумларга бой ўтса керак. Вадим Абрамов ва Тимур Кападзенинг ўйин услублари бир-бирига зид эмас. Иккаласи ҳам ҳужумкорликни ёқтиришади. “Динамо” гарчи 9-поғонада бўлса-да, уларнинг кўрсатаётган ўйини кўпчиликка манзур бўляпти. Айтиш керакки, Абрамов жамоаси чемпионатда кетма-кет олтита ўйиндан буён ютқазмаяпти. 2 ғалаба ва 4 дуранг ўйнади. Бу эса “Динамо”нинг тўғри йўлга тушиб олгани ва бош мураббийнинг тактикаси аста-секин иш бераётганидан дарак. Албатта, “Олимпик” ҳам жиддий рақиб. Ҳар холда ўтган турда Наманганда “Навбаҳор” билан дуранг ўйнади. Умуман айтганда, охирги учта учрашувда Кападзе жамоаси бир ғалаба ва икки дуранг ўйнади. Бир-бирига муносиб рақиблар.

“Динамо” ва “Олимпик”нинг ўзаро ўйинлар тарихи яқиндагина бошланган. Биласизми, ҳозирга қадар бу клублар чемпионат доирасида фақат икки марта тўқнаш келишган. Бу 2022 йилги мавсумга тўғри келади. Уларнинг илк ўйини мазкур йилнинг 5 май санасида Тошкентда ўтказилган. Ўшанда 1:1 ҳисоби кузатилган. 2 октябрь куни иккинчи давра доирасидаги Самарқандда ўтган баҳсда ҳам яна 1:1 натижаси қайд этилган. Кўриб турганингиздек, жамоалар икки бор куч синашишган ва ҳали ғолиб аниқланмаган.

Бу захирадаги ўйин иккала жамоа учун қўшимча имконият. “Динамо” дуранглар эпидемиясидан кейин ниҳоят ўтган турда ғалаба қозонди. Самарқандлик мухлислар энди жамоасининг ғалабали серияси бошланишидан умидворлар. “Олимпик” исталган рақибга муаммо туғдира олади. Буни Намангандаги беллашувда ҳам кўрдик. Ҳеч қандай босимсиз фақат ўз ўйинини ўйнаётган жамоадан ҳар нарсани кутса бўлади. “Динамо” эса ютишга мажбур. Кўрамиз, Жиззахдаги ушбу ўйинда кимнинг кўчасида байрам бўларкин?

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Искандар Нарзикулов
12/06/2024 07:17
Динамо бизар хам бир байрам килайлик олга факат галаба