Суперлигада йилнинг энг яхши футболчиси номинациясида ким ғолиб чиқишга ҳақли? (ТОП7)
Суперлига ўзининг энг авж палласига чиққани рост. Чемпионлик интригаси ўз йўлига, аммо жорий мавсумда яна бир курашда ҳали ғолиб аниқлангани йўқ. Бу ортда қолаётган мавсумда ички биринчиликдаги энг яхши футболчининг номи. SPORTS.uz бу борадаги вариантларини тақдим этади.
Жамшид Болтабоев – Соядаги қаҳрамон!
Мавсум бошида Самвел Бабаян “Навбаҳор”га ўз ўйинини топа олмаётган Болтабоевни олиб келганини эшитган мухлисларнинг 99 фоизи Жамшидни бундай супер мавсум ўтказишини тасаввур қилмагани аниқ. Қандайдир бир йил ичида “лочинлар” ярим ҳимоячиси тўлиқ кашф этилмаган иқтидордан, терма жамоа даражасидаги универсал ярим ҳимоячига айланди. Тўғри, “Навбаҳор” кубог финалида имкониятни бой берди, чемпионатда пешқадамликни бой берди, бироқ бу Жамшиднинг ўйинларини кўзга яққол ташланишига тўсқинлк қилмайди. Болтабоев Самвел Бабаян қурган жамоанинг энг муҳим фигураси саналади. У ҳужумда фаол бўлиш билан бирга, ҳимояда ҳам тер тўкади. Марказий зонада рақибларга босим қилишга уринади. Керакли паллада тўп билан олдинга ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Соддароқ қилиб айтганда, Жамшид бугунги “лочинлар”нинг алмаштириб бўлмас ижрочиси. Ярим ҳимоячи нафақат “Навбаҳор”да, балки профессионал карьерасидаги энг яхши мавсумини ўтказмоқда.
Ҳусниддин Алиқулов – Мистер Стабиллик!
Бир неча йиллардан бери “Насаф” мудофааси ўзининг тартиб-интизоми бўйича бошқа клублардан ажралиб турибди. Бунда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳизматлари улкан. Марказий ҳимоячининг ўйинида бир неча мавсум давомида прогресс кузатилган эди. Ҳозир эса Алиқулов ўзининг пик формасига чиқиб келмоқда. Ҳусниддин иккинчи қаватдаги курашларда фаол бўлибгина қолмай, жой танлаш борасида ҳам беназир. Унинг керакли паллада ҳужумчига айланиш ҳусусияти эса исталган мураббийга сўнгги дақиқаларда катта куч билан олдинга ўтиш имконини беради. Жорий мавсумда Алиқулов ёрдамида “Насаф” бир нечта оғир учрашувларда омадсизликдан қутулиб қолганига гувоҳ бўлдик. Сўнгги бир неча ой давомида “Насаф” 3 та ҳимоячига ихтисослашган схемадан фойдаланишни бошлагач, Алиқуловнинг янги қирралари ҳам очилишни бошлади. Энди у сунъий офсайд хосил қилиш ва бир чизиқда ҳаракат қилишда ҳам Суперлигадаги энг кучлилардан бири эканлигини кўрсатмоқда. У бугунги “Насаф”нинг ғалабаларидаги муҳим омиллардан бири эканлиги факт!
Жамшид Иксандеров - Уникум
Бугунги “Навбаҳор” тўлиқлигича Жамшид Искандеров атрофида қурилган десак, адашмаган бўламиз. Техникаси кучли, юқори интилект эга Жама футболдаги классик “10-рақам” вазифасини муносиб уддалаб келмоқда. Жароҳатидан сўнг, бир мунча омадини хорижда синаб кўрган Искандеров яна катта футболга қайтишни уддалади. Йиллар ўз сўзини айтгани факт, бироқ маҳорат ҳеч қаерга кетгани йўқ. Искандеров исталган вазиятда гол “ясай” олиши, стандартларни сифатли ижро этиши ва бошқа яна кўплаб устунликлари билан “Навбаҳор”нинг сўнгги 10 йилликдаги энг яхши мавсумини ўтказишига ҳисса қўшмоқда. У сўзсиз, Суперлигамиздаги уникум (камёб) футболчилардан. Балки, энг камёбидир ҳам.
Акмал Мозговой – “Аждарлар” мотори
Акмал эса Жамшиднинг тамомила акси. У сўнгги пасни Жамшид сингари ижро эта олмаслиги мумкин, бироқ прессинг борасида лигадаги ҳеч ким униг олдига (ҳозир) туша олмаслиги мумкин. Аки ярим ҳимоянинг исталган зонасини 100 фоиз муаммосиз беркитиши мумкин. Таянчда, ҳужумчи ортида, ярим ҳимояда ҳам бирдек наф келтиради. Майдонда юқори интелекти сабабли кўзга кўринмасада, катта ҳажмдаги ишни бажариб беради. Керакли паллада гол урса, ҳимояланиш чоғида бемалол таянч зонасида ҳаракат қилиши мумкин. Биринчи пасга эга. Айниқса, жорий мавумдаги “Насаф” учун барча муҳим ўйинларда Акмал ўзини кўрсатишни уддалади. Кубок финалида ҳам айнан уни ўйиннинг энг яхши футболчиси, деб эътироф этишгани бежиз эмас. Санасак, унинг ютуқлари етарлича топилади. Мозговой бугунги замонавий футболнинг барча талабларига тўлиқ жавоб беришга қодир.
Драган Черан – Яраланган шер
Тан олиш лозим, Черан 14 та гол ургани билан ўз даражасидан анча паст мавсумни ўтказмоқда. Балки ёш ҳам ўзиникини олгандир. “Пахтакор”нинг асосий ижрочилари кетгани ёки ўйин схемаси ўзгаргани ҳам Черанга салбий таъсир кўрсатгандир. Шунга қарамай, Драган сўнгги ўйинларда яна “Черанни” ёқиб олди. Бутун мавсумдаги яхши ўйини учун бериладиган совриннинг ўлчови бошқа. Черан ўзи мухлисларни ўргатиб қўйган Драганни бироз соясида қолиб кетгандек туюлди. Финиш чизиғи кўринган бир пайтда темп қўшди. Голлари сонини оширибгина қолмай, “Пахтакор”ни чемпионлик пойгасига қайтарди. Истаймизми-йўқми, болқонлик футболчи бугунги “Пахтакор”нинг чинакам етакчиси.
Ҳожакбар Алижонов –Пойтахтлик гладиатор
Қанот ҳимоячисининг бу рўйхатда пайдо бўлиши ғалати, аммо бунга етарлича сабаблар бор. Жорий мавсум “Пахтакор”да стабиллик етишмади. Мураббийлар ўзгариши, омадсиз ОЧЛ гуруҳ босқичи, кубокдаги аламли мағлубият… Бу мағлубиятлар фонида ҳам Алижонов доим профессионал тарзда ўз вазифасини бажаришда давом этди. Бир неча бор Суперлигада ойнинг энг яхши футболчиси номинациясини қўлга киритди. Оғир ўйинларда жамоасини олдинга бошлади. Даражани ушлаб қолди. Ҳаётда анча камтарин бўлган Ҳожиакбар камдан-кам вазиятда қўполлик ишлатади. Ақлли узатмалари билан бошқалардан ажралиб туради. Ортда қолаётган мавсумда Алижонив жамоадошларидан фарқли ўлароқ, энг стабил ўйин кўрсатди. Голлар урди, ассистларни амалга оширди. Энг муҳими, даражасини сақлаб қолишни уддалади. У сўзсиз, бугунги “Пахтакор”нинг асосий ижрочиси!
Шоҳруз Норхонов – Сўнгги самурай
“Суғдиёна” ўзгача мавзу. Унга мухлис ва мутахассисларнинг фикри икки хил. Сиз қайси томондан ёндошишингизга қараб жамоа ҳақида фикрингиз икки хил чиқиши мумкин. Шоҳруз Норхонов ҳақида эса салбий фикр билдиришнинг имкони йўқ. Минимализм устига қурилган футбол жамоаларида ҳужумчиларга осон бўлмаслиги аниқ. 90 дақиқа давомида 1 ёки узоғи 2 та яримта имкониятдан улар камида бир бор гол киритиши шарт. Айниқса, бир дона соф ҳужумчига суянадиган “Сўғдиёна” учун кам сонли ҳужумларни якунловчи футболчининг вазифасига энг оғир юк тушади. Шоҳруз мана бир неча йилдир-ки, бу вазифани муносиб уддалаб келмоқда. Жорий мавсумда эса аввалгилариданда ёрқинроқ кўринди. ОФК кубогидаги “бўрилар”нинг ишончли ғалабалари ортида форварднинг меҳнатлари ётибди. Ички биринчилик сўнггида жиззахликлар позицияни бой берганига қарамай, Норхонов даражани тушуриб юборгани йўқ. Умуман олганда, бугунги “Сўғдиёна”нинг ўйин фалсафаси Шоҳрузнинг голларига суянади. Шундай экан, ўз бўйидан баланд сакраган жамоанинг асосий футболчиси бу рўйхатга киритилиши адолатдан бўлади, деб ҳисобладик.
Бу рўйхатдаги футболчиларнинг исталгани якунда Лигадаги энг яхши, деб эътироф этилиши мумкин. Сиз, улардан қайси бири мавсумни зўр ўтказаётганини айта оласиз?
Фикрлар