
Суперлигадан "бадарға" бўладиган омадсиз клуб қайси бўлади? Мутахассис муносабат билдирди
Ушбу мавсумнинг энг омадсиз клуби ким бўлади? Бу саволга ҳали аниқ жавобни топа олмадик. Яна иккита турдан сўнг, кимлигини билиб оламиз. Унгача турли фаразлар, тахминлар билдирилиши мумкин. Про-лига пешқадами эса Суперлигада 14-ўрин эгасининг ўрнини тўлдиради.
Аниқки, ҳеч бир жамоа кучлилар орасини тарк этишни сира истамайди. Элита йўлланмаси учун яхши имкониятга эга бўлиб турган “Турон” клубининг маслаҳатчи мураббийи Мурод Исмоилов ҳам ўз клубининг тақдири ва Суперлигани тарк этадиган жамоа борасида sports.uz сайтига ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Бухоро”нинг имконияти 50х50. “Машъал” билан учрашувни Қаршида ўтказади, - дея гап бошлади мураббий. - “Андижон” жамоасида ҳам имконият бор. Улар эса “Қўқон-1912”ни қабул қилади. Лекин қўқонликларни ҳам ўзига яраша вазифалари бор экан. Ўйин эса жудда шиддатли ўтиши аниқ. Ўша учрашув куни қайси клуб руҳий, жисмоний ва тактик томондан яхши тайёрланган бўлса, ўша ютиб кетади. Омадни ҳам унутмаслик керак. Муҳими, Андижонда оддий ўйин бўлмаслиги маълум. Суперлигада қолиш илинжидаги клублар охиригача курашади. Қайсидир жамоани ҳозирдан про-лигага тушиб кетади дея олмайман.
“Андижон”га янги мураббий келди. Тўғри, АГМКга қарши баҳсда жамоа омадсиз ўйинни ўтказди. Ундан аввал эса уйида “Машъал”ни мағлуб этди. Тўғриси, “Андижон” – “Қўқон-1912” ўртасидаги учрашувга қизиқиш катта. Қолаверса, бу водий дербиси номига эга. Шу билан бирга “Бухоро” – “Машъал” баҳси ҳам ҳужумкор ўтса керак. Муборакликлар ўтган турда “Навбаҳор”ни йирик ҳисобда мағлуб этгани сабабли футболчиларида руҳий жиҳатдан кўтаринкилик бўлиши мумкин. “Бухоро” бўлса, “Сурхон” билан учрашувда мағлубиятдан қутулиб қолди. Ўйлайманки, мазкур клублар иштирокида ўткинчи ўйинлар бўлмайди.
Тўғри, “Сурхон” бироз олдинда. Навбатдаги турда Бекободда “Металлург”га қарши майдонга тушади. Ўтган турдаги мағлубият “Металлург” жамоасига сабоқ бўлиши мумкин. Ўйлашимча, ҳолатдан келиб чиқадиган бўлсак, “Бухоро”, “Андижон” ва “Сурхон”нинг имкониятлари тенг. Аммо вазиятга реал қарасак, “Андижон” билан “Бухоро” элитада қолиш учун қолган иккита турда янада яхшироқ ҳаракат қилишлари шарт. 100 фоиз эмас, 200 фоиз фаоллик кўрсатиши талаб этилади. Фикримча, улардаги вазият бироз оғирроқ.
“Турон”да яхши имконият бор. Агар “Нефтчи”ни ютадиган бўлсак, 1-ўрин билан Суперлигага чиқамиз. 2-ўрин эгаси Суперлиганинг 13-жамоаси билан плей-оффда куч синашади. Барибир элитада 13-ўринни ким эгалласа ҳам про-лига клубига қараганда кучлироқ бўлади. Мабодо, “Турон” плей-оффда курашадиган бўлса ҳам бу биз учун жуда қизиқарли учрашувга айланади. Рақиб ким бўлиши аҳамиятсиз, барибир барчаси Суперлиганинг ҳавосини олган жамоалар. Про-лигада “Турон” ёш жамоа бўлишига қарамай, етакчи клубларга қаршилик кўрсата олдик.
“Нефтчи”нинг мағлубияти ёқимли сюрпризми? Ҳар ҳолда уларнинг “Динамо”га мағлуб бўлишини кутмагандик. “Турон”нинг вазифаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш ва бунга ҳаракат қиламиз. Яна бир нарсани айтмоқчиман, биз Суперлигага чиқиб ўртамиёна ёки тушиб кетмасак бўлди, қабилидаги жамоа бўлиб қолиш ниятида эмасмиз. Асл мақсадимиз фақат юқорига интилиш ва бунга босқичма-босқич эришмоқчимиз, - деди Исмоилов.
Фикрлар