Суперлиганинг 5 та клубида стадион билан боғлиқ муаммолар мавжуд

  • 24 ноябрь, 16:55
  • Muhammadqodir Ruzmatov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

ЎзПФЛ расмий равишда Суперлиганинг 5 та клубида стадионлар билан боғлиқ муаммолар борлигини огоҳлантиради. Ушбу ареналарда ўйинлар ўтказилиши хавф остида бўлиши мумкин.

Tecno

"Яна 5 та клубда эса муаммолар мавжуд: "Навбаҳор", ОКМК, "Сўғдиёна", "Машъал", "Бухоро". Воқеалар ривожи шундай давом этса, Лига мазкур ареналарни Суперлига стадионлари рўйхатига киритмаслиги мумкин.

Водийда 3 та яхши майдон бор эканлигидан келиб чиқилса, "Навбаҳор" вазиятни ўнглаши ёки Андижон, Фарғона, Қўқондаги стадионлардан фойдаланиш масаласини кўриб чиқиши лозим. "Машъал" эса Ғузордаги стадион тажрибасини ўрганмоқда. Бироқ бунда дренаж ва суғориш тизими масаласи клуб билан муҳокама қилинади. "Сўғдиёна" Жиззах ёки Зоминдаги стадионларда ўзгаришларни амалга оширишга тайёр. Бироқ Лига клубга майса парвариши масаласини қайта кўриб чиқишни тавсия этади.
2 йил ичида "Сўғдиёна" майдони ҳолати қандай ўзгаргани ўрганилиши лозим. Термиз ва Самарқанд шаҳарларидаги майдонлар ҳолати билан солиштирганда, Жиззахдаги ўйингоҳ муаммолари яққол кўринади.

ОКМК ўйингоҳи масаласи эса Лига учун кутилмаган ҳолат бўлди. Майдон таъмирига тўлиқ 2 йил ўтмай туриб, унинг ҳолати салбий томонга кескин ўзгарди. Мазкур масала қайта ўрганиб чиқилиши шарт. Майдон устида футболдан бошқа оммавий тадбирлар ўтказилиши давом эттирилса, у табиийки, Суперлига учрашувини ўтказиш учун яроқсиз майдонга айланиб қолади.

Бухородаги академия стадиони Суперлига ўйинлари учун қайта очилди. Бу йўлда стадионга талаб бўйича прожекторлар ўрнатилди. Афсуски, прожекторлар ўрнатилгунига қадар майса ўз сифатини йўқотиб улгурди. Бунга асосий сабаб — вилоятда майдон парвариши учун махсус техниканинг мавжуд эмаслиги (Лига икки йил аввал буни қайд этган). Айни вақтда майдон чими қандай мосламаларда ўрилаётгани ва бунинг оқибатлари юзасидан клуб ҳамда вилоят футбол ассоциацияси хабардор қилинган. Ҳолат ўнгланмаса, клуб 2026 йилги мавсумни қўшни Навоийда ўтказиши ҳақиқатга яқин.

Маълумот учун, Суперлига стадионлари 25 декабрга қадар Лига рўйхатидан ўтиши лозим. Биз барча клуб ўз мухлислари кўз ўнгида тўп тепишидан манфаатдормиз. Бироқ айрим клублар футболнинг бирламчи воситаси бўлмиш майдонларга нисбатан ўз муносабатини ўзгартирмаса, Лига афсус билан уларга нисбатан санкциялар қўллашда давом этади. Майдон клубнинг юзи эканлиги ва муаммоли клублар ўзлари тўп сураётган яхши майдонларга жавоб тариқасида ўзлари ҳам яхши майдон учун курашишлари муҳим масаладир",- дейилади  лига тарқатган хабарда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!