Супертўқнашувда қўпол ўйнаган Ҳусанов ҳаракатларига экспертлар қандай хулоса берди?
Англия премьер-лигасининг 24-турининг энг кескин ва муросасиз тўқнашувларидан бири Лондонда кузатилди. “Тоттенхэм” футболчилари чемпионлик учун курашаётган “Манчестер Сити”га қарши баҳсда мағлубиятдан қутилиб қолди.
Хосеп Гвардиола шогирдлари биринчи бўлимнинг ўзида Райан Шерки ва Антуан Семеньонинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Мезбонлар иккинчи бўлимда катта устунликка эришди ва Доминик Соленке дубль қайд қилиб, ҳисобни тенглаштиришга эришди.
Учрашувнинг қолган дақиқаларида ҳисоб ўзгармади ва томонлар биттадан очкога эга бўлди.
Нуфузли манба – esteemedkompany.com портали экспертлари “Манчестер Сити” ўйинчиларининг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади.
Жанлуижи Доннарумма — 8/10:
Италиялик дарвозабон иккинчи бўлимда “Тоттенхэм”нинг тўхтовсиз босими қаршисида “Сити”ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Доннарумма кўп маротаба ажойиб сейвларни амалга оширди.
Матеуш Нуньеш — 6/10:
Ҳимояда ҳам, тўп билан муомалада ҳам унинг энг яхши ўйини бўлмади.
Абдуқодир Ҳусанов — 6/10:
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси ўйин бошида бир нечта муҳим ҳаракатларни амалга оширди, рақибга қарши жуда яхши ўйнади. Кейин ўйламасдан қилинган қўпол қоидабузарлик учун сариқ карточка олди ва шундан сўнг Абдуқодирнинг ўйини сусайгани сезилиб қолди.
Марк Гехи — 6,5/10:
Гехи тўп билан жуда яхши муомала қилди, аммо Доминик Соланке хавфига қарши тура олмади.
Райан Айт-Нури — 6/10:
Айт-Нури бор кучини бериб ҳаракат қилди, аммо майдонда кўп вақт ўйин марказидан четда қолди.
Нико О'Рейли — 6,5/10:
Биринчи бўлимда ярим ҳимояда яхши ўйнади, Райан Айт-Нури алмаштирилгандан сўнг чап ҳимоячи позициясига ўтди. Чап ҳимоячи сифатида ўйин ривожига камроқ таъсир кўрсатди.
Родри — 6,5/10:
Биринчи бўлимда аъло ўйнади, аммо иккинчи бўлимда чарчоқ сабаб ўйиндан тушиб қолди. Иккинчи бўлим қўшимча вақтида иккинчи сариқ карточка олишга яқин бўлгани учун алмаштирилди.
Бернарду Силва — 7/10:
“Сити” сардори яна жамоа манфаати йўлида тинмай меҳнат қилди. Иккинчи бўлим охирига келиб мутлақо чарчаб қолди ва алмаштирилди.
Райан Шерки — 7,5/10:
Биринчи голни урди. Шеркининг позиция танлаши ва ҳаракатланиши жамоасига имкониятлар яратди, у яна бир жуда яхши ўйин кўрсатди.
Антуан Семеньо — 7,5/10:
Гол урди ва қолганларнинг фонида анча ёрқин ўйин намойиш этди.
Эрлинг Холанд — 6,5/10:
Холанд Шеркига яхши голли узатма берди. Шунингдек, ҳисобни 2:0 қилиш учун жуда яхши имкониятни қўлдан чиқарди. Иккинчи бўлимда ўйиндан тушиб қолди.
Нико — 6/10:
Захирадан тушгандан сўнг ярим ҳимояда қаттиқ меҳнат қилди. Балки “Тоттенхэм” босимни кучайтирган пайтда уни эртароқ ўйинга қўшса, фойдалироқ бўларди.
Тижани Рейндерс — 6/10:
Майдонга тушгандан кейин фаоллик кўрсатди ва икки марта бош билан гол уриш имкониятини қўлдан чиқарди. Аниқроқ ҳаракат қилганида бу зарбалар “Сити”га ғалаба келтириши мумкин эди.
“Манчестер Сити” ушбу учрашувдан кейин очколари сонини 47 тага етказиб, мусобақа жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Бу турда чемпионат пешқадами “Арсенал” ғалаба қозонгани боис жамоалар ўртасидаги фарқ олти очкога етди.
Хосеп Гвардиола шогирдлари чемпионат доирасидаги навбатдаги учрашувни 8 февраль куни сафарда Англия Премьер-лигасининг амалдаги ғолиби “Ливерпуль”га қарши ўтказади.
Фикрлар