Ҳусанов кескин танқидга учради, Гвардиола жавоб берди!

Англия Премьер-лигасининг 24-турида “Манчестер Сити” ашаддий рақиблардан бири “Тоттенхэм” майдонида ғалабани қўлдан чиқариб, бир очко билан кифояланди. Гарчи Хосеп Гвардиола шогирдлари биринчи бўлимда икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса-да, “Тоттенхэм” юлдузи Доминик Соланке ўйиннинг иккинчи ярмида икки тўр киритиб, вазиятни тенглаштирди.

Доминик Соланке ўйин йўналишини ўзгартирган биринчи голини уриш чоғида ўзига қарши турган Абдуқодир Ҳусановни туртиб юборди. Ғалабанинг қўлдан чиқиши “шаҳарлик” фанатларга ёқмади ва  айнан мана шу эпизод ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилиняпти.

Таъкидлаш жоизки, бу муҳокамаларда танқиднинг асосий нишонларидан бири ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Хусанов бўлди.

Ижтимоий тармоқларда айрим мухлислар 21 ёшли марказий ҳимоячини Доминик Соланке гол урган вазиятда рақибга етарли даражада қаршилик кўрсатмагани учун айблашмоқда. Шунингдек, мухлислар “Манчестер Сити” ҳимоячилари “Тоттенхэм”нинг қанотлардан узатилган пасларни бартараф этиш ва ҳужумчиларнинг тезкор юришларига қарши ҳимояда муаммоларга дуч келганига эътироз қиляпти.

Ижтимоий тармоқларда “Тоттенхэм”нинг биринчи голи билан боғлиқ вазият фаол муҳокама қилинди. Ўша эпизодда Соланке ҳимоячи, яъни Ҳусановни куч билан сиқиб ўтиб, тўпни дарвоза тўрига йўллаган эди. Айрим мухлислар истеҳзоли тарзда “Ҳужумчи Ҳусановни Ўзбекистонга қайтариб юборди” деб ёзишди. Шунингдек, шунга ўхшаш ҳолатлар аввал бошқа рақибларга қарши ўйинларда ҳам кузатилганини эслатишди.

Бироқ “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов томонида турди ва ҳакам қарорини танқид қилди. Мураббий фикрича, биринчи гол урилган эпизодда Доминик Соланке томонидан очиқ фол бўлган.

Гвардиола таъкидлашича, “Тоттенхэм” ҳужумчиси ҳимоячи, яъни Абдуқодирни орқадан туртиб юборган ва агар марказий ҳимоячи ҳужумчига худди шундай ҳолатда тўқнашганида, ҳакамлар аниқ пенальти белгилашини уқтирди.

- Агар бу марказий ҳимоячи ва ҳужумчи ўртасидаги вазият бўлса — бу пенальти, тўғрими? Контакт бор эди. Бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлдингиз, - деди Гвардиола.

Испаниялик мутахассис шу эпизод ўйинда бурилиш нуқтасига айлангани ва учрашувнинг кейинги ривожига жиддий таъсир қилганини ҳам таъкидлади.

- “Тоттенхэм” фойдасига ҳисобланган биринчи голдан кейин жамоада эмоционал муаммо юзага келди. Бундай вазиятдан сўнг, Англия футболида нима бўлишидан қатъи назар, ўйинни назорат қилиш жуда қийинлашади, - деди Хосеп Гвардиола.

“Манчестер Сити” ушбу учрашувдан кейин очколари сонини 47 тага етказиб, мусобақа жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Бу турда чемпионат пешқадами “Арсенал” ғалаба қозонгани боис жамоалар ўртасидаги фарқ олти очкога етди.

Хосеп Гвардиола шогирдлари чемпионат доирасидаги навбатдаги учрашувни 8 февраль куни сафарда Англия Премьер-лигасининг амалдаги ғолиби “Ливерпуль”га қарши ўтказади.

“Манчестер Сити” Ҳусанов ҳақида муҳим маълумот чиқарди

Супертўқнашувда қўпол ўйнаган Ҳусанов ҳаракатларига экспертлар қандай хулоса берди?

Супергол урган Шомуродов: Овора бўлма, барибир етолмайсан!

Шомуродов Бензема билан бир лигада ўйнаши мумкин

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!