
Суперюлдуз нега “Ливерпуль”ни танлаганини айтди
Англиянинг амалдаги чемпиони “Ливерпуль” бу ёз ўз таркибига Европанинг қатор гранд клублари кўз тиккан Флориан Вирцни қўшиб олишни уддалади.
22 ёшли плеймейкер немис футболининг сўнгги йиллардаги энг ёрқин истеъдоди саналади.
Флориан Вирц қатор қудратли клублар унга мўмай даромадли таклифлар билдирган паллада нега айнан “Ливерпуль”ни танлаганини очиқ айтди.
- Мен фаолиятимда навбатдаги қадамни ташлаш учун мақбул вақт келганига ишонч ҳосил қилдим. Табиийки, кейинги клубим дунёдаги энг кучли клублар учлигидан бўлишини истадим.
Фикримча, “Ливерпуль” айнан шунақа клуб. Мен ўзимни “Ливерпуль”га топшириш энг яхши вариант, деб билдим.
Клуб мутасаддилари мени бу лойиҳанинг истиқболига ишонтира олди, улар менга таклиф қилган нарсаларнинг барчаси жуда яхши эди, - деди Флориан Вирц.
Флориан Вирц якунланган мавсумда барча турнирларда 45 та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 16 маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига 15 та голли пас узатди.
Ливерпулликлар Вирцни олиш учун леверкузенликларга 125 миллион евро тўлади ва бу Англия Премьер-лигасининг энг қимматбаҳо кириш трансфери сифатида қайд этилди.
Фикрлар