"Сурхон" Бобожонов ва бошқаларга маошларни тўлаб беради
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси футболчи Мурод Бобожоновнинг ОАВ орқали “Сурхон” футбол клубидан иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича қарздорликни ундириб бериш масаласи бўйича эълон қилган мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ҳақиқатдан ҳам “Сурхон” футбол клубининг футболчилар, мураббийлар ва айрим ишчилар олдида иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд. Мазкур масаланинг ҳал этилиши футбол клубини хусусий инвесторга ўтказиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунига қадар маълум вақт талаб этди.
2023 йилнинг 6 январь куни “Сурхон ПФК” МЧЖ устав фондидаги давлат улушини “FC-Surhan” МЧЖга сотиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги зиммасига 2023 йилнинг 10 январига қадар “Сурхон ПФК” МЧЖнинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан тезкор мустақил аудит текширувини ўтказиб, клубнинг аниқланган кредитор қарздорлигини бартараф этиш ҳамда бир ой муддатда “Сурхон ПФК” МЧЖ устав фондидаги давлат улушини белгиланган тартибда “FC-Surhan” МЧЖга номинал (баланс) қийматида бериш вазифаси юклатилган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мазкур қарор ижросини бажаришга киришган. Бироқ бунда “Сурхон” футбол клубининг молиявий-хўжалик фаолияти тўлиқ ўрганилиши ҳамда футбол клубига тегишли қарздорликнинг ҳақиқий миқдорига аниқлик киритиш қўшимча ўрганишларни тақозо қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Сурхондарё вилояти ҳокимлигига ҳозирга қадар Лига рўйхатидан ўтказилган барча меҳнат шартномаларининг нусхаси тақдим этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори асосида Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг барча қарзлар масаласига ойдинлик киритиши ҳамда мазкур қарздорликни белгиланган тартибда тўлаб, футбол клубини янги инвесторга ўтказиб беришидан Лига ҳам бирдек манфаатдор ҳисобланади. Шу асосда ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказилган меҳнат шартномалари бўйича қарздорлик масаласи Ўзбекистон футболчилари уюшмаси билан ҳамкорликда Лига кун тартибида турган муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар