Таниқли футбол шарҳловчиси Отабек Жўраев қуръадан олдин ўз фикрларини билдирди

CHERY AUTO

Хабарангиз бор, бугун 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун қуръа ташланади. Sports.uz сайти мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этиши мавзусида таниқли футбол шарҳловчиси Отабек Жўраев билан қисқа интервью уюштирди.

Tecno

Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги рақиблари кимлар бўлади?

"Бу саволга жавобни мен билмайман. Иккинчидан, учта саватчада ҳар бирида 12 та рақибдан тўғри вариантни топиш назаримда 0.1% яқин масала. Хўп, менга қолса мен гуруҳда қуйидаги рақибларни хоҳлаган бўлардим. Тўртинчи саватчадан заиф терма тушиб қолса ва у билан биз биринчи ёки иккинчи турда учрашсак, зўр бўларди. Масалан, ҳисоб-китоб билан айтадиган бўлсак, Кюрасао. Иккинчи саватчадан ўртача миллий жамоа тушсин. Шу жойда бир нечта қулай вариант бор. Биринчи саватчадан эса ўта кучли рақибни хоҳлаган бўлардим. Масалан, Аргентинани. Ва амалдаги Жаҳон чемпиони билан сўнгги турда ўйнасак ажойиб бўларди. Ўша тургача рақибимиз гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқиш масаласини ҳал қилган бўларди."

Мундиалда қайси босқичгача етиб бора оламиз?

"Ин шаа Аллоҳ, гуруҳдан чиқамиз. Тахминларимга кўра, учинчи ўрин билан. Қаергача боришимиз эса кейинги босқичдаги рақибимизга боғлиқ."

Сизнингча, Жаҳон чемпионатида таркибимиздаги футболчилардан кимлар порлаб, кучли чемпионатларга йўл олиши мумкин?

"Жаҳон чемпионатига ярим йилча бор ва биз ҳали мусобақада иштирок этувчи таркиб рўйхатини кўрмадик. Бугунги ҳолатдан келиб чиқсак, аввало, Элдор Шомуродов яна топ-5 даги чемпионатга қайтиши мумкин. Менимча, Ҳожиакбар Алижонов ва Ҳусниддин Алиқуловда ҳам яхши имконият бор. Учинчи эшелонда эса Аббос Файзуллаев билан Ҳожимат Эркиновни айтиб ўтаман."

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    Муҳаммадқодир Рузматов суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!