Темур Кападзе: Футболчилар "Олимпик"га қарши ўйнаётганида қўпол ҳаракат қилмоқда

"Хоразм"-"Олимпик" (1:1) учрашувидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Темур Кападзе ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

– Ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик, "Хоразм"нинг ўйинларини кўриб чиққан эдик. Бугунги баҳс қийин бўлишини ҳам билар эдик. Ўйин қийин бўлди. Вазиятларимиз кўп бўлди, бироқ фойдалана олмадик. Кейин майдон ҳолати ҳам ҳалақит берди. Шунингдек, мухлисларни қўллаб-қувватлаши ҳам таъсир кўрсатди. Хоразмда ўз жамоасини қаттиқ қўллаб туришади. Буни аввал келганимда ҳам кўрганман. Вазиятларимизнинг фойдаланганимизда ўйинимиз янада очиларди. Рақиб жамоа аъзолари ҳам охиригача курашди. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз учун бу баҳс яхши ўйин бўлди, деб ўйлайман. Ҳар бир учрашувдан нимадир олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўйинлар орқали футболчиларни тажрибаси ошиб бормоқда. Биз булар устида ишламоқдамиз. Болалар яхши ўсмоқда, деб ўйлайман.

Рақиб жамоасида четлатишлар сизнинг режаларингизга қандай таъсир қилди?

– Буни биз кутмаймиз. Футболда қоида бор. Тўп тўхтагандан сўнг, бундай ҳаракат қилинмайди. Футболчилар "Олимпик"га қарши ўйнаётганида бироз қўпол ҳаракат қилишмоқда. Бу футболчиларнинг ёши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Чунки ёш футболчилар тўп билан ҳаракат қилиши рақибларга ёқмаётгандир. Битта кўп бўлиб ҳаракат қилса, ўйинни осонлаштиради, деб ўйламайман. Улар битта ҳужумчисиз қолди. Биз бу орқали ҳимояда осонроқ ўйнадик. Менимча, қўпол ҳаракат қилиш жамоага ҳеч қандай фойда олиб келмайди.

Муҳаммадқодир Раҳимбергановнинг ўйини ҳақида...

– Уни анчадан бери танийман. Яхши ўйинчи, ўйинларида ўсиш бор. Уни бир неча бор терма жамоага ҳам чақириб турганман. Жамоада рақобат кучли, кўп нарса ўзига ҳам боғлиқ. Бугун асосий таркибда ўйнади. Тўғри хатолар ҳам бўлди, яхши ҳаракатлари ҳам бўлди. Рақиб ўн киши қолганидан сўнг иккинчи бўлимда тезкор футболчиларни туширдим, улар режани яхши амалга оширишди, аммо натижа бўлмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!