Теннис федерациясига янги раҳбар тайинланди

Мазкур қарор Ўзбекистон теннис федерациясининг МОҚда ўтказилган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида олинган.

Қайд этилишича, федерациянинг янги раиси этиб Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Мирсоатов сайланган.

Теннис менинг энг севимли спорт турларимдан бири. Аввалги раҳбарият профессионал иш олиб борди. Энди мендан 2-3 баробар самарали ишлаш талаб этилади. Бу жамоа билан бор куч-ғайратимни бериб ишлашга ваъда бераман. Биласизми, телевизорда байроғимизнинг юқори кўтарилгани, мадҳиямиз янграганини эшитганимда қалбим фахр ва ғурурга тўлар эди. Энди мана шундай ғалабаларимиз теннис билан янада кўпайиши йўлида астойдил меҳнат қиламиз. Муҳтарам президентимизнинг спортни қўллаб-қувватлаш йўлида қаратаётган эътиборлари билан барча нарсага эриша оламиз”, – деди Алишер Мирсоатов.

Конференция иштирокчилари Р. Иноятовни федерациянинг фахрий президенти этиб сайлашга қарор қилганлар.

Рустам Иноятов теннис федерациясига 20 йилдан кўпроқ, аниқроғи, 1999 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётганди.

Р. Иноятов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йил 27 июнидан 2018 йил 31 январигача  раислик қилган. Айни пайтда у президентнинг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб саналади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!