Термиздаги илк ғалабадан кейин "Сурхон" футболчиси жамоадошларини бўшашмасликка чақиряпти

“Сурхон” ўз майдонида “Андижон”ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратган ҳолда очколарини 16 та етказиб олди. Аҳамиятлиси, “Сурхон” ушбу мавсумда ўз майдонидаги биринчи ғалабани қўлга киритди. “Бухоро” ва “Андижон”дан бироз узоқлашган термизликлар энди хотиржам бўлишлари мумкинми? Бугунги ўйиндан кейин мезбонлар футболчиси – Жаҳонгир Меҳмонов sports.uz сайтига ўз фикрлари билан ўртоқлашди

- Бугун қийин ўйин бўлди. Ростдан олти очколи беллашув эди. Чунки турнир жадвалида қийин аҳволда қолгандик. Бу Термиздаги биринчи ғалабамиз бўлди. Мухлисларимизни ўз майдонимиздаги муваффақият билан ҳам хурсанд қилишимиз зарур эди.

Бир сўз билан айтсам, жамоамизга ҳар томонлама бугунги ғалаба жуда муҳим эди. Шунинг учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Аммо “Андижон” ҳам яхши таассурот қолдирди. Улар бизга қарши жиддий тайёргарлик кўришган экан. Муҳими, биз уч очкони қўлга киритдик.

Тўғри, ютдик, аммо енгил тин олишга вақтимиз йўқ. Чунки биз энг яқин таъқибчимиздан уч очкога илгариладик холос. “Андижон”да ҳам яна имкониятлар бор. Биз эса олдинга интилишимиз ва ғалабали ўйинларимизни давом эттиришимиз лозим. Бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Кўпроқ очко йиғишимиз кераклигини яхши тушуниб турибмиз. Энди қолган тўртта ўйин Тошкентда ўтади. Биз эса яна ғалабалар учун кураш олиб борамиз, - деди Меҳмонов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!