Тезкор хабар! Лига Кубоги мусобақаси қайта тикланади

Шу йилнинг 31 март куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг янги сайланган Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Унда сўнгги бор 2019 йилги мавсумда ўтказилган Лига кубоги мусобақасини 2022 йилги мавсумдан бошлаб давом эттириш масаласи ҳам кўрилди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Сир эмаски, 2022 йилги мавсум учун Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан мураккаб тақвим тузиб чиқилди. Аввалги йиллардаги пандемия сабаб қатор мусобақаларни кечиктиришга мажбур бўлган Конфедерация, эндиликда максимал даражада уларни ўтказишга ҳаракат қиляпти.

Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоациацияси U23 Осиё чемпионатини қабул қилишга қарор қилган. Қўшимчасига, Осиё кубогининг саралаш учрашувлари ҳам Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Суперлига иштирокчиси бўлган “Олимпик” футбол клубининг қатор футболчилари қитъа чемпионатига жалб этилади.

Бунинг оқибатида Суперлига ҳамда Про лига клубларида айни футбол ўйнайдиган ойларда катта танаффуслар юзага келади. Бизда июнь ойининг дастлабки 15 кунлигида ички мусобақаларни ташкил этиш имконияти мавжуд эмас. Июль ойидаги иссиқ об-ҳаво ҳам яна бир муаммони вужудга келтиради.

Қўшимчасига, “Олимпик” футболчилари асосини ташкил этувчи Ўзбекистон термаси сентябрь ойида Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида қатнашиши режалаштирилган. Бунга ФИФА кунлари ҳам уланиб кетади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитаси Лига кубоги мусобақасини тиклаш зарурати мавжуд деган қарорга келди. Биз мазкур мусобақага қўшни республикалар жамоаларини жалб этишга ҳам уриниб кўрамиз. Якунда иштирокчиларнинг аниқ сонидан келиб чиқиб, мусобақа форматини шакллантирамиз.

Мазкур мусобақа ва унга алоқадор бошқа янгиликлардан футбол жамоатчилигини босқичма-босқич хабардор қилиб борамиз",-дея ёзади ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!