Тезкор хабар! Ўзбекистонда жаҳон чемпионати ўтказилади

Мартабали меҳмон куннинг биринчи ярмида юртимизда спортни ривожлантиришга яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишди ва бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ўзининг ижобий фикрларини билдириб ўтди. Жаноб Визер ўзининг мамлакатимизга қилган учинчи ташрифи давомида Ўзбекистон дзюдо федерацияси ва “Ҳумо арена” кўп тармоқли муз саройининг фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Маълумки, Тошкент ҳар йили Халқаро дзюдо федерацияси сериясидан жой олган Гран-при турнирига мезбонлик қилади. Ўтган йили “Ҳумо арена” Тошкент Гран-присини қабул қилган эди. Юқори савияда йўлга қўйилган ташкилотчилик ишлари, аренанинг замонавий конструкцияси унинг бунданда катта мусобақаларни қабул қилишга қодир эканлигини кўрсатиб берган. Шу боис Ўзбекистон 2021 йил катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Мариус Визернинг юртимизга қилган ташрифи амалда мана шу масалани ўрганиб чиқишдан иборат. Мартабали меҳмон бугун куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди ва бир қатор тарихий ҳужжатларни имзолашда иштирок этди. Мазкур тадбирда, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президентлари – Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, федерациялар вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

“Аввало, мазкур тадбирда иштирок этаётган барчага, хусусан, жаноб Визерга ташриф учун ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Ҳалоллик ва адолатга асосланган Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) олиб бораётган сиёсат мамлакатимиз аҳолисининг ҳурматига сазовор бўлди. Халқаро ташкилотнинг саъйи-ҳаракатлари туфайли бутун дунёда дзюдо жуда кенг тарқалган. Ўзбекистон IJFнинг фаол вакилларидан бири. Сиз катталар ўртасидаги 2021 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш учун мамлакатимизни танладингиз ва бу тўғри қарор эканини исботлашга ҳаракат қиламиз. Муҳтарам Президентимиз спортни ривожлантиришга эътибор қаратибгина қолмай, бизга ишонч билдирмоқдалар. Биз бу ишончни оқлаш учун бор кучимиз билан ишлаймиз”, – деди Азизжон Камилов.

Шундан сўнг Мариус Визер ҳам сўз олиб, Ўзбекистонда дзюдонинг ривожланишида кўрсатилаётган ёрдам учун ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

“Мана шундай илиқ учрашувдан мамнунман. Ўзбекистон жанговор спорт турлари ривожланган мамлакат. Ўзбек дзюдочиларидаги жанговор руҳ ва ватанпарварлик доимо юксак намуна тимсоли бўлиб келган. 1996 йилги Олимпия ўйинларида бўлганимда ўзбекистонлик дзюдочи Армен Багдасаров кумуш медални қўлга киритган эди. Шундан сўнг менда бу мамлакатга қизиқиш ортди ва уни ўзим учун улкан имкониятлар диёри сифатида кашф қилдим. Айниқса, мамлакатнинг барча соҳалари бир хил ривожланаётгани мақтовга сазовор. Бугун биз Ўзбекистонда “Дзюдо мактабларда” номли 4 йиллик дастурни имзоламоқдамиз. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукуматига, вазирликлар ва МОҚга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан”, – деди Мариус Визер.

Шундан сўнг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Халқаро ва Ўзбекистон дзюдо федерациялари ўртасида мамлакатимиздаги 20 та умумтаълим мактабларида “Дзюдо мактабларда” номли 4 йиллик меморандумга имзо чекилди. Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача юртимизда 20 та мактабда ана шундай дастур йўлга қўйилган эди. Шу тариқа бундай мактаблар сони 40 тага етди.

Шунингдек, йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев IJF президенти Мариус Визерни “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони, Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов эса “Таълим ҳомийси» унвонлари билан тақдирлашди.

Тадбирнинг иккинчи ярми унинг асосий қисми бўлиб, унда Халқаро ва Ўзбекистон дзюдо федерациялари ўртасида 2021 йил катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича икки томонлама шартнома имзоланди. Шу тариқа Тошкент ўзбек спорти тарихида илк бор дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган бўлди. Ўз навбатида, Мариус Визер халқаро ташкилот мусобақа арафасида ўзининг навбатдаги Конгрессини Тошкентда ўтказишни режалаштираётгани ҳақида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг журналистлар учун матбуот-анжумани ташкил этилди. ОАВ вакиллари анжуман давомида ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!