Тимур Кападзе: Агар Бабаян "Локомотив"га келмаганида, бош мураббийликка менинг номзодим қўйилиши мумкин эди
Футболчиликда катта тажриба тўплаган Тимур Кападзе эндиликда ўзини мураббийлик соҳасига бағишлаганидан хабарингиз бор. Айниқса, ўтган йили ёзда Ўзбекистон миллий терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланиб, унинг бошчилигида жамоамиз Уругвай, Марокаш, Сенегал ва Эронга қарши ўртоқлик учрашувларида қатнашди. Ушбу катта ўйинлар ҳам Кападзега мураббийлик салоҳиятини кўрсатиш учун катта иштиёқ берган бўлса ажаб эмас. Унда футболчилик фаолиятини давом эттираётган пайтдаёқ мураббийликка бўлган интилиши сезилиб турарди. Ҳар ҳолда у кўплаб тажрибали мутахассисларнинг иш услубларини кўриб, ўзига сингдира олганлигига ҳам ишонамиз. Ростини айтганда, Тимур Кападзе мисолида юртимизда яна бир ажойиб мутахассис етишиб чиқаётганлиги ҳақиқатга яқинроқ бўлиб турибди. Қолгани эса унинг ўзига боғлиқ.
Ёшлар билан ишлаш жараёни
Кападзе мураббийликка астойдил киришгани сабабли у ишни бошидан бошлашга қарор қилди. Натижада “Локомотив”нинг U-21 жамоасини бошқаришга киришди. Бу эса унинг учун янги чақирув эди. Тимур Тоҳиров аввало ишни нимадан бошлаганлиги ҳақида гапирди.
Ёшлар билан ишлаш ўзимга ҳам яхши мактаб бўлди, - дея гап бошлади, Кападзе. - Раҳбарият менга ўринбосарлар жамоасини бошқариш таклифи билан чиққанида рози бўлгандим. Бунгача катта клубларда ўйнаб, пастки футболда нималар бўлаётганини ҳам билишим керак эди. Қолаверса, ўзимни мураббий сифатида янада яхшироқ синаб ва ўрганиш учун ёшлар билан ишлашим айни муддао эди. Бу мен учун янги чақирув бўлди. Рости, иш бошлаганимдан сўнг қандай муаммолар борлигини кўрдим. Ўринбосарлар – бу катта жамоага ўтадиган охирги босқич. Тан оламан, ишни бошлаган дастлабки пайтларда қийналдим. Қишки йиғинда жуда кўп болаларни кўриб чиқдим. Декабрь ва январь ойларини болаларни саралаш билан вақт ўтказдим. Бизнинг жамоада ўйнашни хоҳловчилар кўп эди. Кимнидир ота-онаси, мураббийи ёки таниши олиб келарди. Ҳаммаси менга шу болани бир кўринг деб тавсия қилишарди. Ҳар хил вилоятлардан келишганди. Мен эса ҳеч кимга йўқ демадим, мен ҳам болаларни танлаб олишим керак эди. Аммо ихтиёрингизда болалар жуда кўплигидан ҳаммасига ҳам аҳамият қарата олмас экансиз. Ҳаммадан ҳам энг қийини шунда бўлдики, синовлардан ўта олмаган ёшларга сен бизга тўғри келмадинг, деган гапни айтиш жуда оғир экан. Уларнинг иштиёқини кўриб турибман, ҳаммаси жамоамизда ўйнашни исташяпти. Лекин ҳаммани ҳам қолдира олмасдик. Энг яхшиларини олиб қолишга ҳаракат қилдим. Майдонда ўзларини кўрсатган болаларни олиб қолдим. Ўзимга қолса ҳаммасини қолдириб бирга ишлаган бўлардим. Лекин бунинг имкони йўқ-да. Гапнинг очиғи, катта футболда юриб болалар футболидаги кўп нарсалардан бехабар эканман. Бунинг устига “Локомотив” академиясидан ҳам болалаларни олишимиз керак эди. Ахир у ерда ҳам мураббийлар бекордан-бекорга ишлашмайди-ку. Биз уларни саралашда катта ҳажмдаги ишларни бажардик. Балки уларни кўздан кечириш жараёнида кучли томонларини кўра олмаган бўлишим ҳам мумкин. Аммо биз имкон қадар таркибни ўзимизга маъқул келадиган ёшлар билан туздик. Шунингдек, Фарғонада “Ҳоким Кубоги” мусобақасида ҳам иштирок этдик. У ердаги ўйинлар бизни янада шаклланишимиз учун катта имконият бўлди. Лекин уларни саралаш жараёнида кўпчилиги индивидуал ва тактик томондан анча бўш эдилар. Аммо ҳозирги кунга келиб ихтиёримиздаги болалар ўз ўйинларини анча шакллантириб олдилар.
Унинг жамоаси U-21 чемпионатида пешқадам
Эътиборлиси, «Локомотив» ёшлари билан яқинда иш бошлаган мураббийнинг бугунги кундаги натижалари яхши кетмоқда. Ҳар ҳолда U-21 чемпионатида ёш «темирйўлчилар» 1-ўринда боришяпти. Бу эса аввало Тимур Кападзенинг меҳнат маҳсули десак янглишмаймиз. Мураббийдан ушбу жараёнга ҳам муносабат билдиришини сўрадик.
Турнир жадвалида 1-ўринда бораётганимиз ҳам бежиз эмас. Болаларнинг меҳнатлари ва кўрсатмаларимни тўғри бажаришаётганининг маҳсулидир. Биринчи навбатда қўл остимдаги ўйинчиларни индивидуал томондан ҳам яхши тайёрлашим лозим. Эртага асосий жамоага ўтишганида ҳар томонлама тайёр бўлишлари керак. Тўғри, 25 та боладан ҳаммаси ҳам кейинчалик юқори савияда ўйнай олмаслиги мумкин. Аммо биз имкон қадар уларни тўғри йўналишда ва ўз услубимизга мос тарзда тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Ўзим ҳам мураббий сифатида ишлаб катта тажриба оляпман. Бундан ташқари, барибир ҳар бир жамоага натижа керак. Албатта, агар кўнгилдагидек натижа бўлмаса ҳам мен бундан фожиа қилмаганман. “Андижон” ва “Навбаҳор” билан дуранг ўйнаган пайтларимизда муаммоларимиз кўзга ташланди. Ўйиндан-ўйинга йигитларимиз “очилиб” боришяпти. Болалар билан бирга ўзим ҳам ўсяпман. Тўғри, мураббийликни бирданига каттароқ жамоалардан бошлашим мумкин эди. Ҳар ҳолда футбол борасида ўзимда етарлича тажриба бор деб ҳисоблайман. Аммо бу билан чекланиб қолмасдан мураббий сифатида ўз устимда анча ишлашим керак. Ёшлар билан ишлаш эса ўзим учун имтиҳон эди. Ҳар бир мураббий эса ишлашдан тўхтамаслиги даркор. Янада кучли ва катта жамоага ҳар томонлама тайёр бўлишни истаган мураббий камчиликларни бартараф этиб бориши керак. Ҳа, футболчи сифатида кўп мураббийлар билан ишлаганман ва уларнинг машғулот ўтказиш усулларини биламан. Ёшлар билан ишлаш эса ўзимни қўрқмасдан мураббийликдаги салоҳиятимни кўриб олиш учун ҳам яхши имконият. Энг асосийси, биз тўғри йўлда кетяпмиз. Ҳа, ҳали “Локомотив”нинг ёшлари “Пахтакор”, “Бунёдкор” ёки “Насаф”нинг ёшлари каби эмас. Ҳали бизда қилинадиган ишлар кўп. “Локомотив”да футбол академияси тизими аста-секин йўлга қўйилмоқда. Аммо биз меҳнат қилишда давом этяпмиз ва бугунги кундаги натижамиз ҳам шунга яраша бўлмоқда.
Бош мураббий масаласи ҳақида
Маълумки, охирги пайтларда “Локомотив” клубида бош мураббий ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Айниқса, Андрей Фёдоровнинг ўрнини Самвел Бабаян эгаллаши ҳақидаги миш-мишлар авж олди. Шунингдек, Тимур Кападзенинг ҳам асосий жамоани бошқариши мумкинлиги ҳақида хабарлар ҳам йўқ эмас. Агар шундай бўлса, бунга Тимур Тоҳирович қандай қарайди?
Жамоада ким ишлаши - бу раҳбариятнинг хоҳишига қараб бўлади. Агар мени бош мураббийликка муносиб кўришса ҳам бунга тайёрман. Чунки футболда ўз қарашларим бор ва доим ўзимга билдирилган ишончларни оқлашга ҳаракат қиламан. Балки Самвел Бабаян “Локомотив”га келмаганида менинг вариантим ҳам кўрилиши мумкин эди. Аммо Бабаянда тажриба кўпроқ ва унга ишонч билдиришаётган бўлиши ҳам мумкин. Менинг ҳозирги вазифам эса ёшлар билан ишлашга қаратилган ва бу менинг юзим. Ўзимдаги бор нарсани қўл остимдаги болаларга беряпман. Ҳаётда ҳеч қачон бировнинг жойига кўз олайтирмайман. Ҳозирда Андрей Фёдоров бош мураббий бўлиб ишлаяпти ва унга доим омад тилайман. Ким ишлашидан қатъий назар “Локомотив” кучли жамоа бўлиб қолиши лозим. Агарда ҳозирги мураббийлар ўз вазифаларини тўлиқ бажара олишмаётган бўлса, у ҳолда раҳбарият ўзгаришларни кўриб чиқишлари ҳам мумкин. Масалан, Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилганди. Лекин мураббий бу вазифани бажара олмади. Балки шунинг эвазига раҳбарият мураббийни ўзгартириши мумкин. Лекин чемпионатдаги охирги ўйинларда жамоа ютяпти. Шунинг учун менимча, ҳозирда раҳбарият мураббийларга тегмаса керак. Аммо қаердадир мағлубият бўлса ҳамма нарса бўлиши мумкин. Нима қилишни эса раҳбарият биздан кўра яхшироқ билади. Биз эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ким келишидан қатъий назар “Локомотив”нинг манфаатини ўйлаймиз. Тўғриси, ёшлар билан ишлашга киришганимдан кейин катта жамоанинг ишларига аралашмаяпман. Чунки бунга вақтим ҳам йўқ. Доим ўз ўйинчиларим билан овораман. Асосий жамоага биздан ким керак бўлса беряпман.
Осиё Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизлик тўғрисида
Афсуски, “Локомотив” Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳда қолиб кетди. Ҳолбуки, бу сафар жамоанинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари катта эди ва бунга ҳаммамиз ишонаётгандик ҳам. Лекин Фёдоров бошчилигидаги жамоа бу вазифани эплай олмади. Кападзе эса бу масалага шахсий фикрини айтиб ўтди.
“Локомотив” гуруҳдан чиқиши керак эди. Ўйин бўйича ҳам ҳеч бир жамоага ютқазмадик. Ҳаттоки, бу борада устунликларимиз бор эди. Шунчаки ўзимиз яратган имкониятлардан фойдалана олмадик. Қаердадир хатолар туфайли голлар ўтказдик ва омад ҳам етишмади. Қаердадир янги футболчиларнинг мослашиши яхши бўлмади. Бунгача “Локомотив” деярли бир таркиб билан бир неча йил давомида ўйнаб келаётганди. Биласиз, ўрта чизиқ вакиллари жамоа ўйинини назорат қилиб туради. Бизда эса айнан ярим ҳимоячиларимизнинг кетиши ўз таъсирини кўрсатди. Уларнинг ўрнига келган футболчилар кучсиз эмаслар. Лекин жамоага тўлиқ мослашишлари учун вақт керак эди. Бундан ташқари, легионерлардан гуруҳ баҳсларида деярли фойдаланилмади, кўпинча захирада қолишди. Боя айтганимдек, мен жамоанинг ичида бўлмаганимдан кейин нима бўлганини айтишга қийналяпман. Асосийси, ўзимизнинг йигитлар легионерлардан кучлироқ ўйнашяпти. Хорижликлар эса рақобатда ютқазишяпти. Ҳар холда шундай хулосага келяпман. Шунингдек, “Локомотив” кўпинча икки хил таймларни ўтказди. Жамоага барқарорлик етишмади. Мураббийни ёмонламоқчи эмасман. Барибир натижага у жавоб беради. Фақат қутболчилар нимага 90 дақиқа барқарор ўйнай олмаётганлиги ва ютқазаётганлиги мураббийлардан сўралади.
Самвел Бабаян ҳақида
Самвел Бабаяннинг “Локомотив”да ишлаётганидан ҳамманинг хабари бор. Яқинда клуб бош мураббийи бўлиши мумкинлиги ҳам мухлислар орасида ўзига хос реакция берганди. Умуман олганда, ушбу мутахассис “Локо”да қандай ишларни бажармоқда ва унинг жамоага қандай нафи тегмоқда? Кападзега айнан шу масала бўйича мурожаат қилдик.
Самвел Бабаянни “Пахтакор”да олиб борган ишларини яхши биламиз. Мен ҳам бу клубда олти йил давомида у билан бирга ишлаганман. У пайтда мураббий эмасди ва менежер бўлиб ишларди. Бундай ишларни яхши бажара олади. “Локомотив”да ростдан академия, болалар футболида камчиликларимиз бор. Шуларни тўғрилаш учун Бабаян олиб келинганини эшитдим. Кейин эса унинг асосий жамоага бош мураббий бўлиши ҳақида гап-сўзлар чиқди. Мен эса буни фақат сайт орқали билдим. Лекин ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ ва ҳамма ўз ишини бажаряпти.
Кападзега андижонликлар алоқага чиқишган
Шунингдек, унга бошқа жамоалардан қизиқишлар бўлаётганлиги ҳақида ҳам гоҳида эшитиб турибмиз. Масалан, яқинда унга “Андижон”дан таклиф бўлгани тўғрисидаги маълумотлар қулоғимизга чалинганди. Бу миш-мишмиди ёки ҳақиқатмиди? Бунга эса аниқ жавобни Кападзенинг ўзи айта олади.
Инкор этмайман, менга бу масала бўйича алоқага чиқишди. Мен эса ҳа ёки йўқ демадим. Лекин “Локомотив” ёшлари билан энди иш бошлагандим ва ҳеч бўлмаса у ердаги ишимни биринчи давра охиригача етказиб қўйишим керак эди. Лекин масаланинг яна бир томони шундаки, андижонликлар расмий таклиф билан чиқишмади. Шунчаки, бу вазиятда фикримни билишга қизиқишди. Аммо кимдир ишлаётган бўлса, бировнинг ўрнига бориш ниятим йўқлигини айтдим. Чунки у пайтда Сакаев ишлаётганди. Агар мураббий ишдан кетиб, бўш иш ўрни бўлса, у ҳолда бу масалада гаплашсак бошқа гап эди. Ёшлар жамоасида ишлаб тажрибамни сайқаллаштириб бораётганимни ва у ерда 2-3 йил қолиб кетиш ниятим йўқлигини айтдим. Фақат аниқ ва расмий таклиф бўлса кўриб чиқамиз дедим. Улар эса сизни тушундик дейишди ва кейин бошқа алоқага чиқишмади. Барибир “Андижон” менга бегона эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам водий жамоаларига меҳрим бошқача. Биринчи навбатда у ерда жонкуяр мухлислари бор. Лекин бир томондан қараганда уларга қайғураман. Чунки бундай ашаддий ишқибозларга зўр жамоа керак. Улар бунга тўла муносиблар. Ўйинларни кўрсангиз, стадиондаги муҳит ажойиб бўлади ва ўз жамоасини жонли равишда қўллаб-қувватлашади. Бу борада уларга қойил қолса арзийди. Бунинг устига у ерга борадиган бўлсам, шунчаки келиб кетиш учун бормайман. Менга раҳбарлар ва мухлислар ишонишяптими, унда ўзимдан максимал кучни талаб қиламан. Халқнинг олдида юзим ерга қараб қолишини истамайман. Шунинг учун бутун вужудим билан ишлайман. Ҳаётда ҳам доим максимал натижаларга интилиб яшайман. Ўзим водийлик бўлиб, ўша ерда катта бўлганим учун ҳар қандай ҳолатда ҳам водий футболига қайғураман. У ерда ҳам кучли жамоалар бўлишини хоҳлайман. Масалан, “Навбаҳор” иштирокидаги ўйинларни кўриб хурсанд бўламиз. Андрей Канчельскис тажрибали мутахассис. У бошқа жойларда ҳам ишлаши мумкин эди, аммо Наманганда ишлашни лозим топди. Кимсан Канчельскиснинг юртимизда ишлаши катта плюс. Жаҳон футболида унинг ўз ўрни бор. Бошида бироз ўхшамаган вазиятлар ҳам бўлди, лекин доим Канчельскиснинг кетишига қарши эдим. Барибир унга вақт керак. Энг ижобий томони шундаки, у профессионализмни йўлга қўя олади. Жамоаларимизда эса профессионал томондан камчиликлар кўп. Четдан келган инсон эса тажрибасига ишониб, ҳаммасини тўғри талаб қила олади. Бундан эса “Навбаҳор” ютади. Ҳозирча чемпионатда ёмон ўйнашмаяпти. Мураббийни ишдан бўшатилиши кутилаётган бир пайтда Қаршида “Насаф”ни ютиб қайтишди. Натижа ўз йўлига, аммо кўрсатаётган ўйини билан мухлисларни хурсанд қиляпти. Бу каби мураббий ҳам ҳар куни келавермайди. Уни қўллаб-қувватлаш керак. Ўзидан бир нарса қолдира олади. Албатта, барибир у вақти келиб кетади. Аммо ҳозирги ишлаётган даврида ундан фойдаланиб қолиш лозим. Тўғри, охирги иккита ўйинда ўз майдонида дуранг ўйнашди. Аммо бу – футбол. Агар Канчельскис ўз ортида мухлислар ва раҳбарларнинг далдасини сезса у янада кучлироқ бўлади. Яна бир гап: водийда ишлаш ҳеч қачон осон эмас.
Фикрлар