Тимур Кападзе: "Вазиятлардан гол ура олганимизда, экстра-таймларга ҳожат қолмасди..."
Осиё ўйинлари нимчорак финал босқичидан ўрин олган Ўзбекистон - Индонезия ўйини ўз ниҳоясига етди. Учрашув асосий вақти 0:0 ҳисобида якунланди. Экстра-таймларда эса вакилларимиз 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон термаси бош мураббийи Тимур Кападзе иштирок этди ва қуйидаги фикрларни билдирди.
"Ассалому алайкум! Ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Қийин ўйин бўлди, асосий вақтда ютишни режа қилгандик. Аммо ўхшамади, насиб қилгани шу экан.
Кейинги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Муҳими, навбатдаги босқичга чиқиш вазифасини эпладик. Бу босқичда осон рақибнинг ўзи йўқ. Ҳамма Ватан учун майдонга чиқмоқда ва бор кучи билан "жанг" таклиф этяпти.
Шунингдек, биринчи бўлимда ҳаво бироз иссиқроқ бўлди. Иккинчи таймда яхши бўлди, аммо иложи борича кечроқ вақтда тўп тепганимиз яхши бўларди.
Бизда кўп имкониятлар бўлмоқда. Бироқ кутилганидек фойдалана олмаяпмиз. Менимча, йигитларда руҳий томондан дадиллик етишмаяпти. Қайд этиш лозим, рақиблар ҳам мудофаада муносиб қаршилик кўрсатмоқда.
Қолаверса, яна бир қанча факторлар бу нарсага ўз таъсирини ўтказмоқда. Масалан, юқорида айтганим - об-ҳаво, майдон ҳолати ва шу каби ҳолатлар. Шунга қарамай, асосий хато барибир ўзимизда эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Бу каби турнирларда тикланиш жараёни муҳим. Сабаби, 2 кундан сўнг яна майдонга тушамиз.
Рақиблар ҳам муносиб ўйин ўтказишяпти. Индонезиянинг ҳимояда ишончли ўйнашини тахмин қилгандик. Шунга қарамасдан вазиятлардан гол ура олганимизда, экстра-таймларга ҳожат қолмасди.
Айнан шу ўйин учун пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрмагандик. Ҳар учрашув олдидан футболчиларим пенальти тепиш машқларини ўтказишади. Аммо барибир Индонезия билан серияга қадар кураш олиб боришга тайёрланмагандик", - деди мутахассис.
Фикрлар